Илон Маск ҳаётининг бир куни

Lifestyle 30 Июнь 2017 14449

28 июнь куни дунёнинг энг эксцентрик миллиардерларидан бири Илон Маск 46 ёшга тўлди. Беш ўғилнинг отаси Марсни забт этиш ва инсониятни электромобилларга ўтказиш ниятида. Harvard Business Review нашри Tesla ва SpaceX компаниялари раҳбари бир кунини қандай ўтказиши ҳақидаги маълумот билан бўлишди.

Кофеинсиз тонг. Илон Маск одатда эрталабки соат 07:00 да уйғонади. Куннинг аксарият қисмида у иш билан банд бўлади ва иқрор бўлишича, бу у учун ҳар доим ҳам осон кечмаган. Ишбилармон тетикликни сақлаш учун узоқ вақт қаҳва ва кола каби кофеинли ичимликларни истеъмол қилган, бироқ кейин кофеин соғлиққа салбий таъсир кўрсатади, деган хулосага келган. Бир неча йил аввал у зўриқиш натижасида периферик кўриш қобилиятини йўқотишига оз қолган. Ҳозир эса Маск фақат кофеинсиз парҳезли кола ичади ва кўпроқ ухлашга ҳаракат қилади.

Вақт тақсимоти. Маск кунига ўртача 12 соатдан ишлайди ва ҳозир бу вақтни беш компания - Tesla, SpaceX, Neuralink (бош мия импульсларини ҳисобловчи технологияларни ишлаб чиқариш билан шуғулланади),  Open AI (сунъий интеллектга ихтисослашган) ва Boring Company (бурғулаш ва Лос-Анжелесда туннеллар қурилиши) бошқаруви учун тақсимлайди. Охирги уч компанияга миллиардер ўз вақтининг кўпи билан 5 фоизини ажратади. Сўнгги пайтларда Маск ўз твиттерида Boring company ҳақида кўп ёзмоқда. Бироқ унинг сўзларига кўра, аслида бу у учун кўпроқ кўнгилочар машғулот. Маскнинг 95 фоиз иш вақти Tesla ва SpaceX бошқарувига кетади. Июнь ойининг бошида Маск ҳазиллашибми ё жиддий, ҳозирда Tesla унинг кўп вақтини олаётгани, зеро у "муаммоларни жалб қилувчи магнит" эканини айтди.

Tesla ва SpaceX ўртасида. Смартфондаги электрон почта - икки компания бошқарувига вақт тақсимлашда ёрдам берувчи ажойиб сервис, деб ҳисоблайди Маск ва қаерда бўлмасин, ҳамма жойда (ванна, машина ёки сайр) электрон почта билан ишлай олишига ишонтиради. Шунингдек миллиардер интервьюларининг бирида Tesla ва SpaceX компанияларидаги вақтини кунларга тақсимлаб чиққанини айтганди. Душанба ва сешанба - SpaceX'да, сешанба кечқурун - Лос-Анжелесдан Tesla'нинг Пало-Альтодаги идорасига парвоз, чоршанба ва пайшанба - Tesla'да, жума - Лос-Анжелесга қайтиш, бу ерда Маск зарурат туғилганда уикенд тугагунга қадар Tesla ва SpaceX'га вақт ажратади.

Хобби ва бўш вақт. "Эҳтимол, бу сизни шокка туширар, лекин мен спорт билан кўп шуғулланмайман", - дея тан олади Маск Tesla акционерлари йиғилишида ўз қизиқишлари ҳақидаги саволга жавоб берар экан. Маълум бўлишича, Маск мусиқа тинглашни яхши кўради, айниқса машинада кетаётганда. Унинг айтишича, яхши мусиқалар жамланган плейлист тузиш ҳозирча қийинроқ, лекин келгусида, эҳтимол, шундай қилишга имкон яратувчи алгоритмлар пайдо бўлар. Миллиардер кино кўришни ёқтиради, бироқ сўнгги вақтларда иши кўплиги туфайли камроқ кино кўришга тўғри келмоқда. Ўтган дам олиш кунларининг бирида у ўғиллари билан бирга "Мўъжиза-аёл" фильмини томоша қилган ва айтишича, бу ажойиб бўлган. Маск фарзандлари ва дўстлари билан имкон қадар кўпроқ вақт ўтказишга ҳаракат қилади. Маск ўзининг интернетдаги фаоллигини изоҳлар экан, "Баъзан твиттерда "ақлдан озаман", дейди.

Уйқу. Илон Маск тахминан тунги соат 1:00 ларда ухлашга ётади. "Уйқу - ҳақиқатда ажойиб нарса. Кам ухлаган кунларим сал нарсага жаҳлим чиқадиган бўлиб қоламан", - дейди у. Маск уйқуга тўйиши ва янги куч билан ишга киришиши учун ўртача 6-6,5 соат етарли.

Кўпроқ янгиликлар