2017 йил 20 апрелда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори  ижросини таъминлаш, Олий таълим тизимида ўз йўналишлари бўйича дунёнинг етакчи илмий-таълим муассасалари билан яқин ҳамкорлик алоқалари ўрнатиш, ўқув жараёнига илғор хорижий тажрибаларни жорий этиш, айниқса, истиқболли педагог ва илмий кадрларни хорижнинг етакчи илмий-таълим муассасаларида стажировкадан ўтказиш ва малакасини ошириш ишларини янада такомиллаштириш мақсадида жорий йилнинг 27-30 июнь кунлари Тошкент давлат иқтисодиёт университетити ва АҚШнинг Вайоминг университети ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари доирасида “Актив ва интерфаол таълимни ривожлантириш тизими” мавзусида семинар-тренинг ўтказилди.

Семинар-тренингни Вайоминг университети профессори Жанел Силей ҳамда университет докторант-тадқиқотчиси Дилноза Хасилова олиб борди. Ушбу халқаро университетлараро семинар-тренингда Тошкент давлат иқтисодиёт университетитининг 40 нафар профессор-ўқитувчилари иштирок этишди.

Семинарнинг биринчи кунида профессор Жанел Силей актив ва интерфаол таълим технологиялари, курс ва баҳолаш топшириқларини тузиш, мослаштирилган аудиторияларда дарс жараёнларини ташкил этиш, яъни маърузани уй вазифа тарзида талабаларга бериш ва интерфаол таълимнинг ўқув хонасидаги амалий натижалари ҳақида кичик ва йирик гуруҳларда талабаларни муҳокамага қандай жалб қилиш ва ушбу жараёнда қандай самарали саволлар тайёрлаш хусусида тренинг ташкил этилди.

Семинар-тренингнинг навбатдаги кейинги кунларида эса, яна бир қатор муҳим масалалар жумладан, актив тақдимот ва топшириқлар ёзиш, танқидий фикрлашни топшириқларда қўллай олиш, гуруҳларда талабаларнинг фаол иштирокини таъминлаш, талабалар билимини баҳолаш жараёнларида ҳам турли интерфаол ўйинларни татбиқ этиш юзасидан тренинглар ўтказилди.

Ҳар бир қатнашувчи ҳам ўз ғоялари билан актив ва интерфаол таълимни дарсда қандай татбиқ этишлари борасида ўзаро фикрлар алмашишди. Тренинг натижасида профессор-ўқитувчилар Вайоминг университети профессор-ўқитувчилари билан онлайн тизимда ўзаро ҳамкорлик ишларини янада самарали ташкил этиш хусусида ҳам келишиб олинди. 

ТДИУ халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Н.Зуфарова семинар-тренинг аъло даражада ўтказилгани ва бу жараён мунтазам  давом этишини таъкидлади. Семинар – тренинг якунида иштирокчилар халқаро сертификатлар билан тақдирландилар.

Халқаро алоқалар бўлими бошлиғи - Н. Зуфарова