Ҳеч ким исроф билан одамлар орасида ибрат бўлолмайди (видео)

Маданият 11 Июль 2017 38436
Иллюстратив фото

Донишмандларнинг айтишича, исрофгарчилик инсон ҳаётига кулфат олиб келади. Уни қашшоқ ва бахтсиз этади. Исроф – нима ўзи? Мана шу саволга Тошкент шаҳридаги "Камолиддин Ориф – Ал Бухорий" жоме масжиди диний ходими Қобил қори Одилжон ўғли билан бўлиб ўтган суҳбат давомида жавоб изладик.

- Аввало шуни айтиш керак-ки, Ислом исрофгарчиликдан қайтарган. Халқимиз орзу-ҳавасли халқ. Гоҳида мана шу орзу-ҳавасни деб катта-катта харажат этиб, дабдабага йўл қўйиб, риё қилиб иқтисодий қийин аҳволга тушиб қолган хонадонларга гувоҳ бўлдик. Ҳеч ким ортиқча харажат билан, исроф билан одамлар орасида ибрат бўлолмайди, - деди Қобил қори Одилжон ўғли. – Бу ишларнинг охири яхшиликка олиб келмайди. Бунинг ортида қанчадан қанча захмат, ташвиш ётади. Қарздорликнинг ўзи ҳам кишини эзиб қўяди. 

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, исрофгарчилик аксари ҳолатларда оиланинг таназзулига олиб келади. Ҳаммамиз бу дунёдан ўтиб кетамиз. Ҳазрати Луқмон ўз ўғилига қарата айтган эканлар: “Болам, яшаганда шундоқ яшагинки, одамлар кўрганда яна бир бор шу инсонни кўрсам, дея орзу қилсин. Ўлганда шундоқ ўлгинки, номингни йиғлаб тилга олишадиган бўлсин”.

Қобил қори Одилжон ўғли билан суҳбатлашар эканмиз, исрофнинг инсон ҳаётида нақадар оғир уқубат эканлигига, бу нарса яхшиликка олиб келмаслигига яна бир бор амин бўлдик. Суҳбатнинг тўлиқ ҳажмини YouTube’даги саҳифамиз орқали томоша қилишингиз мумкин. 

Кўпроқ янгиликлар