Жанубий кореялик Psy ижросидаги Gangnam Style клипи YouTube порталидаги энг машҳур видео мақомини йўқотди. Эндиликда «Форсаж 7» фильмидаги See You Again қўшиғи учун ишланган видео ундан олдинга чиққан.

Айни вақтда Gangnam Style клипи кўрилиши кўрсаткичи 2 894 479 586 мартани ташкил қилмоқда, Уиз Халифа ва Чарли Пут ижросидаги қўшиқ видеоси эса 2 895 552 454 марта кўрилган.

See You Again қўшиғи «Форсаж 7» фильмига саундтрек сифатида, марҳум актёр, франшиза юлдузи Пол Уокер хотирасига бағишлаб ёзилган эди. Актёр 2013 йили автоҳалокат оқибатида оламдан ўтганди.

«Би-би-си» хабарига кўра, YouTube порталида энг кўп кўрилган мусиқий клиплар қаторида Жастин Бибер, Марк Ронсон, Тейлор Свифт, Энрике Иглесиас ва бошқа артистларнинг клиплари бор.

Billboard журнали маълумотига кўра, ушбу қўшиқ 12 ҳафта мобайнида энг яхши композициялар юзталигида етакчилик қилган. Видеоклип режиссёри Марк Класфелд. Клип YouTube порталига 2015 йил 6 апрелида қўйилганди.

Psy Gangnam Style клипи YouTube порталида 2012 йил 15 июлида пайдо бўлганди. Ўша йили клип MTV Europe Music Awards тақдимотида йилнинг энг яхши клипи мукофотини олганди. Клип YouTube порталида энг кўп лайк олгани эвазига Гиннес рекордлар китобига кирганди.