Эрдўған: “Ҳалигача 15 июлнинг асл моҳиятини англаб етмаган ғофиллар бор”

Жаҳон 13 Июль 2017 7740
Фото: Kun.uz/ ©Sherzod Ikramutdinov

2016 йил 15 июлда Туркияда Фатҳуллоҳ Гуленнинг террорчилик ташкилотига (FETÖ) мансуб ҳарбийлар томонидан уюштирилган ва муваффақиятсизлик билан якун топган давлат тўнтаришига уринишнинг бир йиллиги муносабати билан Туркияда хотирлаш маросимлари бўлиб ўтмоқда. Ушбу маросимларда жаҳоннинг кўплаб давлатларидан келган журналистлар қатори Ўзбекистоннинг ҳам етакчи нашрлардан ижодкорлар қатнашмоқда.
 
Адолат ва Тараққиёт Партияси томонидан тайёрланган “15 Июль Миллий Ирода Зафари Таҳлили” деб номланган китобнинг тақдимот маросимида нутқ сўзлаган Туркия президенти Ражаб Тоййип Эрдўған, давлат тўнтаришига уриниш ва ундан кейинги воқеалар ривожи ҳақида тўхталиб, Республикачи халқ партияси етакчиси Камол Қиличдорўғлини кескин танқид қилди. Уни FETÖ’чиларни қўллаш, уларнинг тарафини олишда айблади.

“Орадан ўтган вақтга қарамасдан 15 июлнинг асл моҳиятини англаб етмаган ғофиллар бор. Буларнинг бошида мухолифатдаги Республикачи халқ партияси етакчиси турибди. Халқни кўчага чиқишга даъват этиб ғалаёнга чақирган бу одам давлатимиз ва миллатимизни ўзича таҳдид қилмоқда. Террорчилар учун 450 километр йўл босганлар улар томонидан шаҳид этилган маъсум инсонлар ва хавфсизлик хизмати ходимларининг хотираси учун 4,5 дақиқа ажратиб дуо қилишганмикин? Бунда террорчиларни ҳимоя қилишдан, туҳматдан, фитна чиқаришга уринишдан, манфур ниятдан бошка ҳеч нарса йўқ. Устига устак уялмасдан мазкур юришни 15 июль воқеалари билан боғлашга уринмоқдалар. Улар террор ташкилотларини қўллаб-қувватлаши мумкин. Аммо биз халқимизга охирги террорчи йўқ қилинмагунча курашни давом эттиришга сўз бердик”, деди президент Эрдоған. 

Президент Эрдўған нутқи давомида турк халқига ўт очган, миллатига хиёнат қилган барча хоинлар муносиб жазосини олмагунча террорчиларга қарши кураш қатъият билан давом эттирилишини, фавқулодда ҳолат терроризм билан курашга эҳтиёж қолмагунча амалда бўлишини, инвестициявий муҳит, ишлаб чиқариш ва иқтисодиётдаги барқарорлик янада мустаҳкамланишини, Туркиянинг 2023 йил максадларига эришиш йўлида шижоат билан ҳаракат қилинишини таъкидлади. 

15 июль воқеаларидан кейин ўтказилган ҳарбий ислоҳотлар натижасида Туркиянинг мудофаа салоҳиятининг ортгани, қурол-аслаҳа ва ҳарбий техника ишлаб чиқариш имкониятларининг ортганини урғулаган Эрдўған, Туркия душманларининг бу ҳолатдан жиддий безовта бўлаётганини қайд этди.  Унга кўра, Туркияда бундан буён ташқи кучлар давлат тўнтаришига уринишлар амалга ошмаслигини тушуниб етган, танклар, ҳарбий вертолётлар, F-16 қирувчи самолётларидан қўрқмайдиган жасур турк халки бундай қонли воқеаларнинг такрорланишига йўл қўймайди. 

Эслатиб ўтамиз, қонли 15 июль давлат тўнтаришига уриниш натижасида ҳалок бўлган шаҳидларни хотирлаш маросимлари 16 июль кеч соат 24:00 га қадар бутун Туркияда ва хорижда бўлиб ўтади.

Кўпроқ янгиликлар