Канаданинг Транспортдаги хавфсизлик масалалари бўйича қўмита (TSB) Сан-Франциско халқаро аэропортида юз берган ҳодиса юзасидан дастлабки тергов натижаларини эълон қилди. Экспертларга кўра, бу ерда авиация тарихидаги энг йирик фожианинг олди олинган эди. Бу ҳақда Ассошиэйтед Пресс агентлиги хабар қилмоқда.

Ҳодиса 2017 йил 7 июль куни тунда содир бўлган. Air Canada авиакомпаниясининг Торонтодан парвозни амалга ошираётган йўловчи самолёти хато туфайли учиш-қўниш йўлагига эмас, балки 4 та самолёт парвозга ҳозирлик кўраётган йўлакка қўнмоқчи бўлган. Диспетчерлар ўз вақтида қўнаётган самолётни ҳавога қайтаришга муваффақ бўлишган. 

TSB маълумотларига кўра, Канаданинг бортида 140 нафар йўловчи бўлган Airbus 320 самолёти қўниш амалиётини тўхтатиб, бурилиш йўлакчасидаги 2та самолёт устидан 30 метр, учинчисидан 65 метр, тўртинчисидан 100 метр баландликдан учиб ўтган. 

liveatc.net сайтида Airbus 320 самолёти экипаж аъзоларининг диспетчерлар билан шу вақтда олиб борган эҳтимолий суҳбати эълон қилинган. Унда учувчи учиш-қўниш йўлагида "қандайдир ёруғликлар" ҳақида гапирган. Аслида, улар бурилиш йўлагида манёвр қилаётган ҳаво лайнерлари бўлган. 

Диспетчер учувчини учиш-қўниш йўлаги бўш эканига ишонтирган. Бир неча сониядан сўнг суҳбатга учинчи овоз қўшилади. Бу бурилиш йўлагидаги самолётлардан бирининг учувчиси бўлиши мумкин. Аудиоёзувда "Бу бола қаёққа қўнаяпти? У бурилиш йўлагида", деган ташвишли овоз эшитилади. Шундан сўнггина, диспетчер Канада самолёти учувчисига қўнишни тўхтатишни буюради.