АҚШ президентлигига Доналд Трамп сайланганидан кейин АҚШ бошчилигидаги ҳарбий коалициянинг ҳаво кучлари берган зарбалари туфайли Обама давридагидан кўра 4 баробар кўп одам ҳалок бўлмоқда. Бу ҳақда The Daily Best хабар берган.

Манбада айтилишича, коалициянинг ИШИД назоратидаги ҳудудларига берган ҳаво зарбаларидан Трамп келганидан буён 2200 нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлган. Бу эса ҳар ойда ўртача 360 киши дегани.

АҚШнинг аввалги президенти Барак Обама даврида бу кўрсаткич 80 кишига тенг бўлган.

Экспертларнинг айтишича, бу авиазарбаларнинг кўпайиши билан боғлиқ деб ўйлаш тўғри эмас. Бунга сабаб коалициянинг тинч аҳоли жойлашган ҳудудларни ўрганмай зарбаларни йўллаётганидир.

Трамп ўзини АҚШ тарихидаги энг муваффақиятли президент деб атаган ва Суриядаги курашлар тобора самарали бўлиб бораётганини айтган эди.