«Реал»дан «Челси»га трансфер бўлаётган Альваро Мората ўз ҳиссиётларини билдириб ўтди. Айни вақтда у Лондонга янги жамоаси билан шартнома имзолаш учун йўл олган.

«Мен жуда бахтиёрман, тез орада «Челси» аъзосига айланаман. Бу клуб ҳамиша менинг ўйинларимни кузатиб келганди. Мен Мадриддан кетаётганимдан афсусланмайман, бу ерда 4 соврин қўлга киритдим. Энди «Челси» футболкасини кияман ва фақат шу жамоа ҳақида ўйлашим керак бўлади», —дея Моратанинг сўзларини келтирган Marca.

У нега айнан Лондон клуби таклифини қабул қилгани ҳақида ҳам айтиб ўтган.

«Мен ўзимга ҳаммадан кўпроқ ишонч билдирган мураббий бошқарувидаги жамоани танладим. Бу мен учун жуда муҳим. Мен Конте билан барчасини гаплашиб олганман», — деган Мората.

Ушбу ҳужумчи 80 млн евро эвазига трансфер бўлмоқда. Эндиликда у футбол тарихидаги энг қимматбаҳо испаниялик футболчига айланади. Бунгача бу мақом Фернандо Торресга тегишли эди, у 2011 йили «Челси»га «Ливерпуль»дан 58 миллион евро эвазига келиб қўшилганди.

Мората янги клубида йилига 9 миллион евро миқдорида маош олади.

Бу футболчи аввалига «Манчестер Юнайтед»га ўтиши кутилганди, аммо инглизлар клуби Ромелу Лукакуни танлади. Кўп ўтмасдан Моратага «Милан» асосий даъвогарга айланди, аммо кутилмаганда «Челси» уни «илиб кетди».

Ўтган мавсумда ушбу 24 ёшли футболчи «Реал»нинг Примерадаги 26 учрашувида (шундан 14таси — бошланғич таркиб), 15 гол урган ва 4 голга пас берган.