1997 йилда компания IPO (Initial Public Offering — дастлабки ошкора таклиф) га ўтганидан буён Amazon акциялари 66.700 фоизга қимматлаган. Инвесторларнинг барчаси Жефф Безоснинг «фарзанди» чакана савдо глобал бозорини остин-устин қилиб ташлайди, деган фикрда. Нега? 

Forbes журнали вазиятни таҳлил қилди ва миллиардерларнинг фикри билан ўртоқлашди 

Жаҳондаги энг йирик интернет-ритейлер — Amazon’нинг IPOси фонд бозори тарихидаги барча воқеалар ичида энг буюги бўлди, дейишмоқда Американинг The Motley Fool молия компанияси экспертлари.

Компаниянинг 1997 йилда IPOга чиқишидан буён унинг акциялари 66 минг етти юз фоизга қимматлаган, Amazon асосчиси Жефф Безос эса миллиардерга айланди — Forbes талқинига кўра, 2017 йил ярмисига келиб тузилган жаҳоннинг энг бадавлат инсонлари рўйхатида у 72,8 миллиард доллар бойлиги билан учинчи ўринни эгаллаб турибди

Хўш, интернет-гигант муваффақияти ҳақида бошқа миллиардерлар қандай фикрда?

Фото: Scott Eells / Bloomberg via Getty Images

Berkshire Hathaway акциядорларининг яқинда бўлиб ўтган йиллик йиғилишида Уоррен Баффет (73,4 млрд. доллар бойлик билан Forbes рўйхатида иккинчи турган инсон) Amazon’ни харид қилиш имкониятини қўлдан бой берганини айтиб ўтган. Ўз вақтида нега компанияга пул тикмаганлиги ҳақидаги саволга у қисқагина қилиб, «Бу аҳмоқчилик бўларди», деб жавоб берган.

«Бирор нарсани ўзининг ҳақиқий баҳосидан 10 баробар қимматга таклиф қилиб туришса, уни харид қилиш осон иш бўлмайди», — дея фикрини давом эттирган Баффет, бу гаплари Alphabet’га ҳам тааллуқли эканини ҳам қайд этар экан. Бизнесменнинг сўзларига кўра, Amazon ҳали энди оёққа тураётган пайтларда Жефф Безос унда катта таассурот қолдирган, бироқ компания бундай улкан миқёсга етишини сира кутмаган экан: «У нафақат чакана савдо оламини, шунингдек IT-саноатни ҳам бир силкитиб олди».

«Бу улкан салоҳиятли қудратли, жуда қудратли ғоялар эди, Безос уларни амалга оширишга муваффақ бўлди», — дея ўз фикрини якунлаган Berkshire Hathaway хўжайини.

Фото: David Paul Morris / Bloomberg via Getty Images

Dallas Mavericks эгаси, инвестор-миллиардер (3,4 млрд. доллар бойлик билан Forbes рўйхатида 564-ўринда бораётган) Марк Кюбаннинг фикрича, Amazon — чакана савдодан ҳам юқори компания. Май ойида CNBC телеканалига интервью берар экан, у компанияни «мутлақ стартап» деб характерлаган ва интернет-ритейлернинг акциялари ҳамон етарлича баҳоланмаганини айтиб ўтган.

Бизнесменнинг сўзларига кўра, компанияда ривожланиш учун, айниқса «олдиндан нишонга олинган савдолар» ҳақида гап кетганда улкан имкониятлар мавжуд. «Amazon озиқ-овқат дўконлари очилаётгани ҳақида гап очса, гап озиқ-овқатларни дўконларда сота бошлагани ҳақидагина бўлмайди. Худди шу нарса китоб дўконларига ҳам тааллуқли. Уларнинг бундай ишга қўл ураётганига сабаб, улар сизга нима керак, қачон кераклигини ўзингиз шу нарса кераклигини англашингиздан ҳам аввалроқ аниқлаб, эшигингизни остигача келтириб беришни йўлга қўйишмоқчи. Уларнинг янги технологиялардан қай тарзда фойдаланётгани чакана савдонинг портлашигина эмас, улар ҳамма нарсани портлатишга тайёр», — деган у.

Кюбан Amazon’нинг Whole Foods’ни харид қилаётганини ҳам ижобий баҳолади. «Amazon борасида савол: Улар сиз Uber/Lyft воситасида дўконга бориб, харид қилмоқчи бўлган маҳсулотларингизни уйингизга тезроқ келтира олишадими? Албатта, бунга шубҳа йўқ», — деган миллиардер.

Фото: Scott Eells / Bloomberg via Getty Images

Amazon’нинг самарадорлиги  унинг энг катта устунликларидан биридир, деб ҳисоблайди инвестор Стэнли Дракенмиллер (4,7 млрд. доллар билан Forbes рўйхатида 348-ўринда). Унинг тушунтиришича, одатий чакана савдо тармоқлари ҳар бир сарфлаган 1 доллари эвазига 1 доллар фойда қилишмоқда, Amazon эса ҳар бир ётқизилган доллар учун 4 доллар олмоқда.

2015 йилда, Дракенмиллер Amazon’га сармоя ётқизганидан кейин берган илк интервьюсида  у компаниянинг узоқ муддатли стратегиясидан қониқиш ҳосил қилганини таъкидлаб ўтган эди. «Менга Amazon ёқиб қолди... Чунки улар ўз келажаги учун сармоя ётқизишмоқда», — деган эди у, ҳозир эса Безосни «серияли монополист» деб атамоқда. 

Бир вақтнинг ўзида бизнесмен IBM’даги сармоялари сонини қисқартирган, бунга сабаб қилиб Amazon Web Services томонидан рақобат риски юқорилиги кўрсатилмоқда.