«Самарқанд вилояти, Пайариқ тумани, “Хўжа Исмоил” МФЙда одамлар чайлада ухламоқда», деган гаплар билан бошланувчи мурожаат таҳририятимизга келиб тушди. Юқорида тилга олинган манзилда истиқомат қилувчи А.Йўлдошев номидан келган мурожаатга кўра, тумандаги Имом ал-Бухорий зиёратгоҳи атрофини ободонлаштириш важидан йўл устидаги айрим хонадонлар бузилган ва ҳанузгача уй эгаларига товон пули тўланмаяпти.

Вазиятни ўрганиш мақсадида Хўжа Исмоил қишлоғига йўл олдим. Самарқанд – Челак йўлидан ўнгга — Имом ал-Бухорий зиёратгоҳига бурилишингиз ҳамоно йўлнинг икки четида қурилиш ишлари қизғин бораётганига гувоҳ бўласиз. Йўл четида 2 қаватли 4 сотихли коттежлар, кўп қаватли уйлар барпо этилмоқда. Эҳҳе, бу қурилишлар тугаса, бу ерлар ҳали кишининг баҳри дили очиладиган гўзал маскан бўлишига шубҳа йўқ...

Аммо А.Йўлдошев кўрсатган манзилга етиб борганимда, мурожаатда айтилганидек, йўлнинг охирида ўнг томонидаги 9 та хонадонга тегишли уйлар ҳам қисман бузилганига гувоҳ бўлдим ва хонадон соҳибларининг кайфиятини яхши деб бўлмайди, асло. Хонадон эгалари — уларнинг орасида ёшлариям, нуронийлари ҳам бор, «бизнинг муаммомизни ҳал қилиб бера оласизми?», деб мўлтираб туришибди. Ҳеч кимнинг уйи бузилмасин экан, ўзи аслида…

1 июлда хонадон эгаларига уйларини бузиш зарурияти ҳақида туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Ш.Тошпўлатов номидан огоҳлантириш хати берилган. Хонадон эгалари мардикор ёллаб, айримлари шунга ҳам ортиқча маблағ сарфламасдан, ўз оиласининг кучи билан айтилган муддатда уйларни бузишган. 10 июль куни уларга янги ер майдонидан ер ажратиб берилган.

Уйлари бузилган ва ҳанузгача бузилган уйлари учун пул ололмаган хонадон эгаларининг айтишича, йўлнинг нариги четида ҳам барпо этилажак Имом Бухорий ҳадислар мактаби ва илмий тадқиқотлар маркази ўрни учун 33 та хонадон бузилган ва уларга аллақачон давлат томонидан товон пули тўлаб ҳам бўлинган. Бу уйларнинг эгалари айни пайтда давлат ажратиб берган янги жойда уй барпо этиш билан машғул. Ҳокимлик янги ер участкасини электр симёғочлари, трансформатор подстанцияси билан таъминлаб, электр токи ҳам тортиб берган.

Лекин 9 та хонадон эгаларига ажратилган жой қозиқ қоқилиб, бўлиб берилган бўлса-да, ҳануз қурилиш ишларини бошлаш учун маблағ берилмаётир. Улар бузилган уйдан чиққан қурилиш материалларини янги участкага олиб бориб қўйиб, чайла тиклаб, туман ҳокимлигидан имо кутмоқда.

Хонадон эгаларининг эътирози қуйидагича:

Аввало, бузилган уйлар улар кутганидан арзон баҳоланган. Бироқ йўлнинг нариги томонидаги хонадон соҳибларидан айримлари судлашиб ҳам давлат белгилаган суммадан ортиғини ололмаганидан сўнг, булар борига кўниб, шартномани имзолаб беришган. (Уларнинг қўлларида шартнома нусхаси кўрмадим, барчасини ҳокимлик қайтариб олиб кетган экан. Нега?). Бироқ ўша пул ҳам ҳанузгача қўлларига тегмаган.

Айни дамда улар қарз олиб, жилла қурса, ғишт қуйиш ишларини бошлаб юборишган. Янги уйнинг пойдеворини тиклаш учун — цемент, тош, шағал, уста пули каби харажатларга катта маблағ керак бўлади. Ҳокимлик ваъда қилинган маблағни беришни пайсалга солмоқда.

Бузилган хонадон соҳиблари ҳақиқатдан ҳам айни дамда пайкалда чайла тикиб, чивинга таланиб яшашга мажбур бўлишмоқда. Чунки юқорида таъкидланганидек, маблағ йўқ, қурилиш ишлари тўхтаб ётибди. Боз устига, янги ажратилган ер участкаси чорвачилик фермасига яқин жойда бўлганлиги сабабли ҳавода қўланса ҳид уфуриб турибди.

Июль ойи ҳам охирлаб бормоқда, август ойида тупроқ-лой ишлари бажариб олинмаса, кузда усталар лой ишидан қочишини, қилса ҳам бу уй эгаларига бир-икки карра қимматроққа тушишидан хавфсирашмоқда. Вақт кутиб турмайди, ахир?!

«Уйимиз бузилгунга қадар ҳар куни мутасадди раҳбарлар шу ерда, тепамизда эди. Рости, яхши-ёмон гаплар ҳам бўлиб ўтди. Лекин, мана, бузиб бўлганимиздан кейин ҳеч ким ҳолимиздан хабар олмаяпти», — дейди Робия Йўлдошева.

«Бизни уйни бузишга мажбурлаб, хат бериб, тепамизда туриб буздиришганидан сўнг кадастр ходимлари келиб, «Бекор уйни бузибсизлар, нотўғри ўлчашган экан, бу уйлар чизиқдан бор йўғи 25-50 см ичкарига кириб қолган экан. Бу учун уйни бузиш шарт эмасди», деб бизни баттар саросимага солиб қўйишди. Кўчамиздаги 10-уй бузиш ишларини пайсалга солгани учун бузилмасдан ҳам қолди, ана. Ҳозир биз ўз қўлимиз билан бузилган уйимизга бир тийин ҳам ололмаймиз, деган хавотирдамиз», — дейди Р.Йўлдошеванинг келини.

«Туман ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси А.Жўраев ҳам келмадими?», деб савол бердим. «Бирор марта ҳолимиздан хабар олгани йўқ. Фақат ҳоким муовини 4 нафар милиция ходими қуршовида келиб, талабларимизни ёқтирмасдан эшитиб, дўқ-пўписа қилиб кетади», дейишди.

«Бугун шу пул масаласида туман марказига — ҳокимликка бориб келдим. Ҳозир бюджетда бир тийин пул йўқ, қачон пул тушса — кейин оласизлар, деб қайтариб юборишди. Имом Бухорий мажмуасидаги масжиддан ишлаётган усталар учун хайрия маҳсулотлари ҳам келтирилиб турибди. Албатта, бу ҳам иморат созлаётган киши учун саховатпеша инсонлардан катта ёрдам. Биз эса ҳанузгача янги участкага уста сололганимиз ҳам йўқ», — деди Ҳабиба Норбоева.

Муаммо юзасидан Пайариқ туман ҳокимининг муовини Шавкат Тошпўлатовга қўнғироқ қилганимда, у ҳақиқатдан ҳам ҳалигача уй эгаларига пул берилмагани, пул туман бюджети томонидан ажратилишини айтиб ўтди. Ҳоким муовини туман бюджетида айни дамда шу мақсад учун маблағ мавжудлиги, бузилган уйлар 850 миллион сўмга баҳоланганини билдириб, бу борада ҳозир Республиканинг рухсати кутиб турилгани, 1–2 кунда (кейинги ҳафта деб тушунаверинг) фуқароларга маблағ ажратилишини айтиб ўтди.

Хуллас, вазият шундайки, мурожаатчиларнинг гапларига кўра ва суратлардан ўзингиз ҳам гувоҳ бўлишингиз мумкин: йўлнинг нариги томонида бузилган 33 та хонадонга бузилишдан 2-3 кунда пул ажратилиб, улар янги жойдан уйларни тиклаб ҳам бўлишган. Томини ёпиш ва пардоз ишлари қолган. Мақоламиз мавзусига айланган 9 та хонадон эгалари эса ҳокимлик уларни алдаб, сарсон қилишидан жуда хавотирда. Ўйлаймизки, ёзнинг қуёшли, ғанимат кунларида бу оилаларнинг мушкулини осон қилиш учун тумандаги мутасаддилар ишни тезлаштиришади. Биз бу мавзуга яна қайтамиз.

Шуҳрат Шокиржонов,

Кун.уз мухбири