2017 йилнинг 22 июль куни соат 6:38 да Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг навбатчи қисмига Ички ишлар ходимлари томонидан Чилонзор туманидаги “Бўрижар” каналидаги дарахт шохларига илиниб қолган фуқаро ёрдамга муҳтож эканлиги тўғрисида хабар келиб тушди, деб хабар беради ФВВ матбуот хизмати.

Мазкур мурожаатга кўра, Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг қутқарув отряди воқеа жойига тезкорлик билан этиб келади.

Маълум бўлишича, “Бўрижар” каналидаги кўприкдан 20 метр узоқликда, 52 ёшли фуқаро қирғоқ ёнидан пиёда ўтаётган вақтда, эҳтиётсизлик оқибатида сувга тушиб кетади ва таҳминан 50 метр сузиб толиққанлиги боис, дарахт шохларига илиниб қолади. 

Қутқарувчилар махсус қутқарув-асбоб анжомлари ёрдамида фуқарони қирғоқ бўйига олиб чиқишади. Фуқаро сувда узоқ қолиб кетганлиги сабабли, толиққанлиги учун қутқарувчилар томонидан зудлик билан биринчи тиббий ёрдам кўрсатилди. Шундан сўнг, жабрланган фуқаро тез тиббий ёрдам хизматига топширилди. 

Ҳозирда қутқарилган фуқаро шифохонага ётқизилган, унинг саломатлигига зиён етмаган.