«Барселона» ҳужумчиси Неймар Франциянинг «ПСЖ» клубига ўтишга тайёр бўлиб турибди ва парижликлар билан шахсий шартнома борасида келишувга эришди, дея хабар беради ESPN FC.

Манба берган хабарга кўра, бразилиялик футболчи «ПСЖ» раҳбариятига ҳам уларнинг жамоасига ўтишни истаётгани ҳақида хабар берган. У француз клубининг «Барселона»га Неймар трансфери учун 222 млн еврони товон пули сифатида тўлаши кераклигини англатади.

25 ёшли Неймар отаси билан бирга «ПСЖ» вакиллари билан бир неча кундан бери музокаралар олиб борган. Томонлар футболчининг йиллик маоши 30 млн евродан иборат бўлган тўрт йиллик шартнома имзолаш бўйича келишувга эришишган. Футболчининг ўзи ҳам агар жамоасини алмаштирадиган бўлса, бунинг эвазига катта пул ишлаб олади.

Агар Неймарнинг трансфери амалга ошса, бу футбол тарихидаги рекорд бўлади. Ҳозирда бу рекорд «Манчестер Юнайтед» футболчиси Поль Погбага тегишли бўлиб, жамоа унинг учун «Ювентус»га 105 млн евро (бонуслар билан 110 млн евро) тўлаганди.