Паспорт столида ўтган бир кун ёхуд «киндер» паспортни олиш осонми?

Жамият 23 Июль 2017 20087

Ёз ойида чет элда дам олишни режалаштирдингизми? Ўзингиз билан вояга етмаган фарзандингизни ҳам олиб кетишни истайсизми? У ҳолда тайёр туринг, олдинда сизни кўплаб чиғириқлар қарши олади. 

Ўтган кун бир ярим ёшдаги ўғлим учун "киндер" паспорт олиш мақсадида эрталабки соат 9:00 атрофида Юнусобод туманидаги паспорт столига ташриф буюрдим. Ортиқча сарсонгарчиликка дуч келмаслик учун болалар паспортига қандай ҳужжатлар зарур бўлишини телефон орқали қўнғироқ қилиб, билиб олгандим. Лекин қарангки, ҳар қанча тайёрланиб келмайин ҳужжатлар орасида камчилик топилди: "Прописка". Ўғлим ҳали ёш бўлганлиги учун уни доимий турар жой рўйхатидан ўтказиш ёдимиздан чиқибди. Хайриятки, бахтимга хонадонимиз эгаси (яъни қайнонам) ёнимда эдилар. Бироқ уларнинг паспорти уйда қолган эди. 

Наилож, уйга қайтишга тўғри келар эканда, деб турганимизда, "телеграм" деган мессенжер борлиги хаёлимга келди ва дарров уйга қўнғироқ қилиб, интернет орқали паспортнинг сканер қилинган нусхасини юборишларини илтимос қилдим. Муаммо бир зумда ҳал бўлди ва 5 дақиқа ўтгач, паспорт нусхаси "онлайн" тарзда етиб келди. 

Барча ҳужжатларни тайёрлагач, ўғлимни бир соат ичида доимий пропискага ўтказдик. Ана энди "киндер" паспорт учун олға!

Паспорт столига мурожаат этиб келувчи фуқароларнинг оғирини енгил қилиш мақсадида ҳар бир бўлим атрофида кўплаб "хизматлар столи" фаолият олиб боради. Биз ҳам уларнинг ёрдамида барча керакли кўрсатмаларни олиб, аризани тайёрлаб, кассага келдик. Бу ердаги ҳолат мени бироз хавотирга солди. Одам жуда ҳам кўп, пул қабул қилаётган банк ходимлари эса бор-йўғи иккита.

Кассир қиз ўғлим билан турганимни кўриб, менинг тўловимни биринчи қабул қилди. Кутмаган эдим, жуда ҳам хурсанд бўлдим. Режада энг сўнгги иш - биометрик паспорт учун суратга тушиш қолди. 

Суратга тушиш хонасига яқинлашар эканман, бу ерда тўпланган навбатни кўриб, "ёқа" ушладим. Одам жуда кўп, улар орасида кекса ёшлилар, ёш болали аёллар ҳам бор. Соат 11дан ошган, ҳаво иссиқ. Барча асабий бир-бирига боқар эди. Навбатга 36-бўлиб ёзилдик. 

Ўғлим ухлайдиган вақт келгани боис, атрофдагилардан навбатсиз ўтказиб юборишларини илтимос қилмоқчи бўлдим. Ахир, бир-бирига ёрдамини аямайдиган, саховатли ўзбек халқимиз, дея ўйладим ичимда. 

Минг афсуски, ҳали сўзимни охирига етказмай туриб, ёнимдаги кишидан "яхшигина" гап эшитиб олдим. Нима эмиш, бу ерда турганларнинг барчасида фарзанд бор эмиш, паспорт столига болаларни баҳона қилиш учун етаклаб келмай, уйда қолдириш керак экан. Тўғриси, устимдан кимдир муздек сув ағдаргандек бўлди. Ахир, паспортга мен эмас, фарзандим суратга тушади-ку. Буни тушунтириб ўтиришга кучим ҳам қолмади. 

Орада ўғлим ҳам беихтиёр қўлимда ухлаб қолди. Шу тариқа бир соат вақт ҳам ўтиб кетди. Шовқин-суронлар орасида ўғлим кўзини очиб, хархаша қила бошлади. Шунда навбати келган кишидан мени ўтказиб юборишини сўрадим. Рози бўлди. Хонага киргач, ўғлим паспорт учун суратга тушди ва керакли маълумотлар киритилди. Бунинг учун 5 дақиқа вақт кетди, холос.

Бироқ хурсандчилик узоққа чўзилмади. Операторнинг компьютери тўсатдан қотиб қолди. "Техник носозлик туфайли сўнгги маълумотни киритишга улгурмадик. Энди тушликдан сўнг яна бир келиб кетишингизга тўғри келади", - деди паспорт столи ходими. 

Қўлимиздан нима ҳам келар эди, уйга қайтиб келдик. Бироз дам олиб, соат 14:30да яна паспорт столига йўл олдик. Бу сафар бизни ортиқча гап-сўзлар ва  навбатсиз ўтказиб юборишди. 

Ниҳоят, ўғлим учун "киндер" паспорт олишнинг барча чиғириқларидан ўтиб олдик. 

Шу ўринда савол туғилади: Нима учун паспорт столларида навбатлар сони жуда кўп? Қачон паспортга суратга тушиш ва тайёр паспортни олиб кетиш учун алоҳида хоналар ва ходимлар жорий қилинади? Нима сабабдан "киндер" паспортга суратга тушиш учун алоҳида бўлим ташкил этилмаган? Ёши улуғ инсонлар ва болалар учун алоҳида навбат ташкил этиш вақти келмадимикин?

Бугун бошдан кечирган саргузаштларимни ҳикоя қилиш орқали кимнидир айблаш ёки дийдиё қилишдан йироқман. Шунчаки, паспорт хизмати билан шуғулланадиган муассасаларда барча фуқаролар учун тўлақонли қулайлик яратилиши, ортиқча оворагарчилик, кўнгилсизликларнинг олди олиниши тарафдориман. Ўзбекистон катта ислоҳотлар даврини бошдан ўтказаётган бир вақтда паспорт бериш тизимида ҳам янгиликлар жорий қилиш вақти келди. 

Яна бир таклиф: паспорт, “овир” олиш тартиби бўйича аниқ ва керакли маълумотларни берадиган "қайноқ линия"ни ишга тушириш лозим. Сабаби, таниш-билишдан эшитиб ёки интернетдаги маълумотлар орқали барча ҳужжатлар ҳозирлаб келинган тақдирда ҳам қандайдир кичик муаммо чиқиши мумкин. Гувоҳи бўлганингиздек, бу бизнинг ҳам бошимиздан ўтди. 

"Киндер" паспорт олиш мақсадида юрганлар учун эслатма: сиз фарзандингизни доимий турар-жойдан ўтказган бўлишингиз лозим. Акс ҳолда, биометрик паспорт учун аризангиз қабул қилинмайди. 

Ўйлаймизки, энди фарзандимнинг паспортини икки йилдан сўнг алмаштириш фурсати етганида, кечаги кунгидек қийинчиликларга дуч келмаймиз. Ёзги таътилингиз хайрли ўтсин!

Феруза Авазова,
журналист

Кун янгиликлари
Ёдгор Саъдиев мудраган ижод аҳли, тирикчиликка айланган ижод, ёш актрисалар ва тўйлар ҳақида 
10:33 / 22.08.2017 72116 Маданият
Фарғона вилояти ҳокими Сўх тумани, уй-жой муаммоси, табиий газ ва аҳолининг бошқа муаммолари ҳақида (видео)
20:30 / 21.08.2017 37430 Жамият
Artel Technical School «Келажак мактаби» ўқув нархларини пасайтирмоқда!
20:02 / 21.08.2017 21696 Жамият
Халқ таълими вазири билан очиқ суҳбат: янги вазирлик, 10-синф, пахта терими, коррупция ва йиғди-йиғдилар
23:29 / 20.08.2017 81691 Жамият
Ногиронлик ва мазлумлик исканжасида: бир аёл яхшилар саховатидан умидвор 
15:55 / 18.08.2017 62041 Жамият
Forbes: Бой бўлишдан уялмаган Малкольм Форбс
01:13 2045 Lifestyle
Зидан ҳеч қандай музокараларсиз «Реал» билан шартномани узайтиради
00:53 1382 Спорт
Бразилияда бортида 70 киши бўлган паром чўкиб кетди
00:20 1155 Жаҳон
Германиядаги йўл-транспорт ҳодисасида 44 руминиялик жабрланди
00:17 489 Жаҳон
Шаҳзодалар Уильям ва Ҳарри “Юлдузли жанглар” фильмининг янги қисмида суратга тушишди
23:44 / 23.08.2017 853 Маданият
Кўпроқ янгиликлар