Ҳиндистонда DEMU (Diesel Electric Multiple Unit) деб номланган, қуёш панеллари билан жиҳозланган илк поезд ишга туширилди. Поезд лойиҳаси Indian Railways давлат компанияси томондан амалга оширилган, унинг ишга туширилишида Ҳиндистон темир йўллар вазири Шри Суреш Прабху Прабхакар иштирок этган.

Поезд Сафдаржунг станциясидан жўнаган ва Нью-Деҳлига айлана йўналиш бўйича ҳаракатланади. Унда томда жойлашган қуёш панелларига эга 6 та вагон бор. Поезд дизель двигателлар ёрдамида ҳаракатланади, бироқ ундаги электр асбоблар, бошқарув тизими, эшикларни очиш-ёпиш тизими ва ахборот таблоси қуёш батареялари ишлаб чиқарган электр энергиядан таъминланади. 

Битта вагонда 16 та қуёш пластинаси жойлашган бўлиб, улардан ҳар бирининг қуввати 300 Вт ни ташкил қилади. Тунги вақт электр таъминоти аккумулятордан олинади. Компания маъмурияти баёнотига кўра, бундай поезд бир йилда 21 минг литр дизель ёқилғисини тежайди ва бунда тежамкорлик 21 минг долларни ташкил қилади. Қуёш панелли бир вагоннинг қурилмаси 14 минг доллар туради. Поезд 80 км/соат тезлик билан ҳаракатланади. 

Поезднинг ишга туширилиши Ҳиндистон темир йўллари вазирлигининг экологик вазиятни яхшилаш ва зарарли чиқиндиларнинг атмосферага чиқарилишини камайтириш давлат дастурининг бир қисми ҳисобланади. Дастур поездларда биоёқилғи, шамол энергияси, сувнинг циклик ишлатилиши, биотуалетлар ўрнатилишини кўзда тутади. Бундан ташқари, давлат транспорт тармоғи 2020 йилгача қуёш электр энергияси ишлаб чиқарилишини 1000 МВт гача, 2025 йилда эса 5000 МВт гача оширишни режалаштирган.