Нью Йоркнинг Veritaseum блокчейн стартапига уюштирилган хакерлик ҳужуми оқибатида инвесторлар томонидан ICO лойиҳаси доирасида олинган маблағларнинг 8,4 млн доллари ўмарилди, деб ёзмоқда forklog. Ўтган дам олиш кунларида Boom Bust Blog блоги асосчиси Регги Миддлтон лойиҳаси Ethereum (ERC20 стандарти) платформаси доирасида VERI токенларининг илк жойлашувини амалга оширган эди. ICO амалга оширилаётган вақтда шубҳали фаоллик кузатилган. Бу ҳақдаги маълумот  BitcoinTalk форумида тасдиқланган. 

Унга кўра, ғаразгўйлар бевосита ICO лойиҳаси амалга оширилаётган вақтда токенларни ўмариб,уларни йирик инвесторларга сотишга улгуришган. Миддлтоннинг қайд этишича, доллардаги қиймат катта кўринганига қарамай, лойиҳа умумий қийматининг 0,07 фоизини бой берган. У, шунингдек, фойдаланувчиларнинг ҳеч бири молиявий зарар кўрмаганини таъкидлаган. Чунки, барча токенлар Veritaseum стартпига тегишли бўлган. Шу сабабли лойиҳа бу токенларни қайтариб харид қилмайди. 

Миддлтоннинг сўзларига кўра, хакерлик ҳужумига Veritaseum стартапнинг корпоратив ҳамкорлари аралашгани эҳтимол. Бироқ у тергов жараёни тафсилотларига тўхталмаган.