Ўзбекистон 2015 йилда хорижий мамлакатларга 5,85 млрд долларлик маҳсулот экспорт қилган. Хориждан ўз эҳтиёжлари учун 10 млдр долларлик маҳсулотларни импорт қилган. Мамлакатнинг 2015 йилдаги ЯИМ (ялпи ички маҳсулоти) 66,7 млрд долларни ташкил этган. Аҳоли жон бошига ЯИМ 6,09 минг долларни ташкил этади. Бу ҳақда atlas.media.mit.edu сайти маълумотларида сўз боради.

Ўзбекистон хорижга асосан олтин (1,88 млрд доллар), табиий газ (577 млн доллар), пахта толаси (484 млн доллар), кимё саноати маҳсулотлари (432 млн доллар), мис (341 млн доллар) етказиб берган.

Ўзбекистон 2015 йилда 5,85 млрд долларлик маҳсулот экспорт қилиш билан дунёнинг юзинчи энг йирик экспорт қилувчи мамлакати ҳисобланган. Бироқ, таъкидланишича, Ўзбекистон экспорти 2010 йилдан 2015 йилгача бўлган 5 йил мобайнида -0,8 фоизга пасайиб, 6,1 млрд доллардан 5,85 млрд долларга тушиб кетган. Ўзбекистон экспортида олтин улуши 32,1 фоизни, табиий газ 9,9 фоизни ташкил этади. 

Шу билан бирга, Ўзбекистон 110 турдаги маҳсулотни экспорт қилиш билан жаҳон экспорт бозоридаги улуши юқори эканини кўрсатади. Ваҳоланки, бир қарашда мамлакат иқтисодиёти бунга имкон бермайдигандек таассурот уйғотади, дейилади таҳлилий ахборотномада. 

Ўзбекистон маҳсулотларини асосан Швейцария (1,88 млрд доллар), Хитой (1,21 млрд доллар), Туркия (703 млн доллар), Қозоғистон (690 млн доллар) ва Россия (570 млн доллар) каби давлатларга етказиб берган.

Ўзбекистон импортида қадоқланган дори-дармонлар (570 млн доллар), автомобиль эҳтиёт қисмлари (551 млн доллар), нефть маҳсулотлари (493 млн доллар), металл прокатлар (248 млн доллар) ва ёғоч маҳсулотлари (212млн доллар) етакчи ўрин тутади. 

Ўзбекистон 2015 йилда 10 млрд долларлик маҳсулотларни импорт қилиш орқали дунёнинг 97-энг йирик импорт қилувчи давлати бўлган. унинг 2010-15 йиллар оралиғидаги 5 йиллик давомидаги импорти йиллик 4,1 фоизга ошиб, 8,1 млрд доллардан 10 млрд долларга етган. Импортда дори-дармонлар (5,69 фоиз) ва нефть маҳсулотлари (5,49 фоиз) етакчи ўринларда. 

Бу борада Ўзбекистон асосан Хитой, Россия, Жанубий Корея, Қозоғистон ва Туркиядан маҳсулотлар келтиради. 

Эслатиб ўтамиз, 26 июль куни ХПКда бўлиб ўтган сессияда валюта бозорини либераллаштириш борасидаги саволга жавоб берган Молия вазири ўринбосари Мубин Мирзаев Ўзбекистон конвертацияни очиш учун етарли захирага эга экани, унинг миқдори икки йиллик импорт қийматига тенг эканини айтган эди.