Facebook’нинг бозордаги капиталлашуви 27 июлдаги савдолар вақтида биринчи марта 500 млрд доллардан ошди, деб хабар бермоқда Nasdaq маълумотларига иқтибос келтирган ҳолда CNNMoney нашри.

Тошкент вақти билан соат 21:50 га Facebook акциялари бир оз арзонлашиб, унинг капиталлашуви 500 млрд доллардан камайди. Бу вақтга кўра, компания акциялари бир донаси учун 171,5 доллардан сотилган. Шу вақтда компания капиталлашуви 496,89 млрд долларни ташкил қилган. 

26 июлда Amazon онлайн-ретейлери капиталлашуви ҳам 500 млрд доллардан ошганди. 27 июлда ҳам компания акциялари қимматлашишда давом этди, Amazon асосчиси Жефф Безос эса Forbes нашри талқинига кўра дунёнинг энг бадавлат одамига айланди.

Бунгача фақат учта технологик компаниягина 500 млрд доллардан кўпроқ капиталлашувга эга бўлган. Булар: Apple (798 млрд доллар), Google’га эгалик қилувчи Alphabet компанияси (667 млрд доллар) ва Microsoft (571 млрд доллар).