24 июлда Facebook ижтимоий тармоғида Тошкент шаҳридаги Рио Гранд кафесида юз берган нохуш воқеа жиддий муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Унда С.У. исм-шарифли фойдаланувчи аёл шу йилнинг 26 мартида турмуш ўртоғи билан биргаликда отасининг таваллуд куни муносабати ила ушбу кафеда тантанали дастурхон буюртма қилишгани, кеча якунлангач, тўловда 200 минг сўм пул етмай қолгани, у кафе раҳбарларига тилла занжирини гаровга бергани ҳақида қайғуриб ёзган. Шундан сўнг, жабрланувчининг айтишича, у анча маст бўлиб қолган эри билан кетишга чоғланганида кафе маъмури бўлган аёл тилла занжирни олиб келиб берган ва эридан пулни талаб қила бошлаган. 

Сўнгра кафе хўжайинларидан бири қўриқчилар билан келиб эрини дўппослаган. У эрини тез ёрдамни ҳам кутмасдан Республика тез тиббий ёрдам марказига олиб келган. Маълум бўлишича, жабрланувчи оғир жароҳат олган, қоши ёрилгани ва тирсаги майдаланиб кетган. 

С.У.нинг давом этишича, у мазкур ҳолат бўйича Чилонзор туман ИИБга мурожаат қилган, бироқ ички ишлар идораси ходимлари бу воқеани ўрганишни пайсалга солишган. Бу орада кафе эгалари унга 5 минг АҚШ доллари тавсия қилишган. 

Кун.uz мазкур ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармасига мурожаат қилди. 

Бошқарма вакилининг сўзларига кўра, айни вақтда ушбу иш юзасидан жиддий текширув олиб борилмоқда. Гумонланувчилардан бирининг (қўриқчи) иши судга оширилган. Яна икки киши тергов қилинмоқда. Қолганлари қидирилмоқда.