Марғилонда “Водий ипаги – дунё нигоҳида” деб номланган фестиваль бўлиб ўтди. Меҳмонлар анъанага кўра, карнай-сурнай садолари, нон-туз билан кутиб олинди. Фестивалга бир қатор мамлакатлардан хорижликлар, шунингдек, Фарғона, Андижон, Наманган вилоятидаги ипакчилик соҳасида фаолият олиб бораётган мутахассилар, профессор олимлар ташриф буюришди.

Фестиваль доирасида Ўзбекистон табиий толалар илмий тадқиқот институтининг 80 йиллиги муносабати билан “Тўқимачилик саноати корхоналарида ишлаб чиқаришни ташкил этишда илм-фан интеграциялашувини ўрни ва долзарб муаммолар ечими” мавзуида халқаро-илмий техникавий анжуман ўтказилди.

Майкл Козловиский – Польша табиий толалар ва тиббий ўсимликлар инсититути директори: “Ипакчилик соҳангизга кўп йиллардан бери қизиқамиз бу борада ҳамкорлик ишларни бошлаб ҳам юборганмиз. Кимдир юртингизда ишлаб чиқарилаётган ипакларни мато тўқиш мақсадида ҳарид қилса биз бу ипакни тиббиёт соҳасида ишлатамиз. Операция жараёнларида жуда керакли ва юз фоиз табиий ҳисобланади. Бу жароҳатларни тез битиши ва саломатликни мустаҳкамлашда жуда қўл келади”.

Анжуманда ипакчилик саноатини тараққий эттириш ва бу борадаги халқаро тажрибалар ҳақида сўз юритилди.

Ванг Ҳуа – Донгҳуа университети профессори (Хитой): “Ўзбекистон ва Хитой мамлакатлари қадимдан буюмларни ўзаро айирбошлаш билан ҳамкорлик қилиб келганлар. Бу йўлдаги мустаҳкам муносабатлар бугунги кунда ҳам давом этмоқда. Мен Ўзбекистон ҳудудига янги технологиялар олиб кириш ва уларни тадбиқ этиш, ипакчиликни янада ривожлантириш учун ўзимнинг тақдимотимни ўтказдим. Ипакчилик соҳаси нафақат Ўзбекистон балки бутун дунёни қизиқтирмоқда. Бугунги ташриф келажакдаги ҳамкорликка янада йўл очади, деб ўйлайман”.

Фестивалнинг биринчи кунида Польша табиий толалар ва тиббий ўсимликлар институти ҳамда Ўзбекистон табиий толалар институти билан меморандум имзоланди. Бу эса Ўзбекистондаги ўсимликлардан тола олиш учун катта имкониятлар эшигини очади.

“Водий ипаги – дунё нигоҳида” фестивалининг иккинчи кунида ёш дизайнерларнинг ипак матосидан яратган либослар тақдимоти ўтказилди. Унда Фарғона, Марғилон, Қўқон шаҳрида ижод қилаётган ёш дазайнерлар 25 та либослар коллекциясини хорижлик меҳмонлар эътиборига ҳавола этишди.

Фестиваль сўнгида аввалдан ипакчилик соҳасида Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилган, шунингдек, янги меморондум имзолган хорижлик табиий толалар институтларига шаҳар ҳокимлигининг эсадалик совғалари тақдим этилди. 

Аҳрор Зиё