28 июль куни «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпаниясининг Boeing 787-8 Dreamliner йўловчи самолёти Тошкент-Нью-Йорк-Тошкент йўналиши бўйича биринчи марта тўғридан-тўғри парвозни амалга оширди. Шу муносабат билан Ислом Каримов номидаги «Тошкент» халқаро аэропортида «Орзу лайнери»ни тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. 

Экипаж командири Павел Моргачев, Boeing 787 парвоз отряди учувчи-инструктори Алексей Маркин ҳамда иккинчи учувчи Улуғбек Эшмуҳамедов «Орзу лайнери»ни Тошкент аэропортигача бошқариб келди. 

Қайд этиш керак, мазкур парвоз МАК ва Ўзбекистон авиацияси тарихида биринчи трансатлантик узлуксиз парвоз ҳисобланади. 

27 июль куни Ўзбекистон миллий авиакомпаниясининг Boeing 787-8 Dreamliner самолёти Тошкентдан АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрига қўнишларсиз парвозни амалга оширганди. Уни «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАКнинг Парвозлар комплекси директори ўринбосари Сергей Ким, авиакомпания бош штурмани Станислав Гурфинкель, Boeing 787 парвоз отряди қўмондони Асаджон Турсунов, иккинчи учувчилар Рустам Қўрғонов ва Олимжон Узоқов таркибидаги экипаж бошқариб боришди.

Бугун, 28 июль куни бортида 243 нафар йўловчи билан ушбу самолёт иккинчи узлуксиз парвозни амалга ошириб, Ислом Каримов номидаги «Тошкент» халқаро аэропортига келиб қўнди. Экипаж командири Павел Моргачевнинг маълум қилишича,  Нью-Йоркдан қўнишларсиз амалга оширилган парвоз 11 соат 20 дақиқа давом этган. Унинг сўзларига кўра, парвоз чоғида ҳеч қандай кўнгилсизликлар бўлмаган, йўловчилардан ҳам шикоят тушмаган. Барчаси кўнгилдагидек амалга ошган.

«Кун.uz» мухбири Нью-Йоркдан Тошкентга биринчи марта тўғридан-тўғри парвозда учиб келган йўловчилар билан суҳбатлашганида, улар самолёт бортида хизмат кўрсатиш даражасини юқори баҳолаб, самолётнинг қулайлигини эътироф этишди. 

Замонавий, барча қулайликларга эга ва энг сўнгги технологиялар билан жиҳозланган Boeing 787-8 Dreamliner самолётларида Тошкент-Нью-Йорк-Тошкент йўналишида узлуксиз парвозни амалга ошириш Миллий авиакомпания тарихида янги давр бошланганидан далолатдир. «Орзу лайнер»ларининг ушбу йўналишда эксплуатация қилиниши Миллий авиаташувчи йўловчиларига юқори даражадаги қулайликда Нью-Йоркка боришни таъминлайди. «Орзу лайнери»да Нью-Йоркка парвоз 12 соатни, Тошкентга қайтиш 11 соатни ташкил этади.

Эслатиб ўтамиз, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК Boeing 787-8 Dreamliner ҳаво кемаларидан тижорат мақсадларида фойдаланишни 2016 йил сентябрда бошлади. Халқаро йўналишдаги илк парвоз 9 сентябрда Олмаота шаҳрига амалга оширилди. Бугунги кунда самолётларда Дубай, Деҳли, Амритсар, Истанбул, Тель-Авив, Сеул, Франкфурт, Москва, Куала-Лумпур, Сингапур каби шаҳарларга парвозлар амалга оширилмоқда. 

МАКнинг асосий мақсадларидан бири эса, келгусида самолётлар паркини янгилаш ва модернизация қилишдир. «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК Американинг Boeing корпорацияси билан яна 4та Boeing 787-8 Dreamliner самолётини харид қилиш бўйича шартномани имзолагани юқоридаги фикр тасдиғидир. Бу самолётлар 2019 йилда Ўзбекистонга олиб келинади.

 Фото: "Кун"