Берлин шаҳрида Ўзбекистон ва Германия ишбилармон доиралари иштирокида бизнес-форум ўтказилди.

«Жахон» АА хабарига кўра, бизнес-форум ишида йирик немис компанияларининг юздан ортиқ вакиллари, банклар ва халқаро молия институтлари вакиллари иштирок этган.

Ушбу бизнес-форум ташаббускорлари Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси, Немис иқтисодиёти шарқий қўмитаси ва Deutsche Bank бўлди.

Бизнес-форум иштирокчилари Ўзбекистоннинг бугунги кундаги иқтисодий тараққиёти, саноат корхоналарини модернизациялаш ва технологик қайта жиҳозлаш бўйича қабул қилинаётган чоралар, бизнес муҳит, инвестицион ҳамкорликнинг мақсадли йўналишлари, жумладан, эркин иқтисодий ҳудудлар ҳақида хабардор қилинган.

Ўзбекистон делегацияси фармацевтика, кимё ва тўқимачилик корхоналари бўйича истиқболли инвестиция лойиҳалари тақдимотларини ўтказган. Алоҳида урғу Ўзбекистоннинг 2017–2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясига қаратилган.

Форум доирасида Германия ишбилармон гуруҳлари вакиллари билан музокаралар ўтказилган.

Шунингдек, Инвестициялар бўйича давлат комиссияси раиси Азим Аҳмадхўжаев ҳамда Siemens компаниясининг Ўзбекистондаги директори Искандер Бўронов англашув меморандумини имзолади.

Томонлар энергетика, саноат, транспорт инфраструктураси модернизацияси, бинолар автоматизацияси ва хавфсизлиги, саноат тармоқларини рақамлаштириш сингари соҳаларда ҳамкорликни йўлга қўйишни режалаштирган.

Ҳужжатда Ўзбекистон энергетикаси ривожланишининг инновацион технологиялар жорий этилишига урғу берилган сценарийси назарда тутилган. Бундан ташқари, Ўзбекистон корхоналарида рақамли ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш имкониятлари кўриб чиқилади.

Инновацион ечимларнинг қўлланилиши темир йўл транспорти соҳасига ҳам тегишлидир. Темир йўл инфраструктурасини автоматлаштириш ва электрлаштириш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилиши назарда тутилган.