Европа Иттифоқи Ўзбекистон билан янги ҳамкорлик стратегиясини амалга оширмоқда. У аниқ бир иқтисодий лойиҳаларга қаратилган. Аммо бу ҳамкорликнинг эълон қилинмаган жиҳатларидан бири республикани ЕвроОсиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлишига йўл қўймасликдир. Тарих фанлари номзоди Александр Шустовнинг eurasia.expert сайтида эълон қилинган мақоласида шу ҳақда фикрлар билдирилади.

Брюсселга ташриф

Июль ойининг иккинчи ярмида «Ўзбекистон-ЕИ» ҳамкорлик кенгашининг 13-мажлиси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов раҳбарлигидаги делегация қатнашди. Томонлар музокаралар якунларига кўра, қатор ҳужжатларни имзолашди. Ҳужжатлар орасида қишлоқ хўжалиги соҳасида молиявий ёрдам бериш бўйича келишув ҳам бор. Унга мувофиқ, ЕИ Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги илмий-тадқиқот институтларининг моддий-техник базасини модернизация қилиш ва мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистонга 21,5 млн евро миқдорида грант маблағлари ажратади.

Тошкент ва Брюссель, Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати маълумотига кўра, «кенг қамровли масалалар юзасидан узоқ муддатли ва ўзаро фойдали ҳамкорликни ривожлантиришга тайёрликларини билдирди». Чунки икки томон ҳам «терроризм, диний экстремизм, гиёҳванд моддалар савдоси ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш»дан манфаатдор. Бундан ташқари, Абдулазиз Комилов ЕИга раислик қилаётган Эстония раҳбари Свен Миксер ва Еврокомиссиянинг савдо бўйича бош директорати бўлими раҳбари Петрос Сурмелис билан шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги келишувга протокол имзолашди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг Брюсселга ташрифи арафасида Тошкентга ЕКнинг халқаро тараққиёт ва ҳамкорлик бўйича бош директори Стефано Мансервизи ва ЕИнинг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Петер Буриан раҳбарлигидаги делегацияси Ўзбекистонга келган эди.

Музокаралар чоғида, ўзбек нашрларининг хабар қилишича, С. Мансервизи «Марказий Осиё минтақасининг иқтисодий тараққий этиши ва минтақавий барқарорлик сақланишида Ўзбекистоннинг асосий ўрин тутишига эътибор қаратди».

ЕИ вакиллари, шунингдек, мамлакатда иқтисодиётни модернизация ва диверсификациялаш бўйича ўтказилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга тайёрликларини билдиришар экан, бунда қишлоқ жойлардаги хусусий сектор ҳамда энергетика ва сув захираларига сармоя киритиш имкониятларига алоҳида диққат қаратишган.

ХВЖнинг Ўзбекистон учун тавсиялари

Ғарб Тошкентга яна бир муҳим иқтисодий сиёсат – ўзбек сўмининг эркин (бозор) курсини жорий қилишда ёрдам беришга шай. Июль ойи бошида Марказий банк, Молия вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси раҳбарларидан иборат делегация вакиллари Халқаро Валюта жамғармасининг Вашингтондаги бош қароргоҳида бўлишди. Ташрифдан кўзланган мақсадлардан бири, Марказий банк матбуот хизматининг маълум қилишича, «республика валюта бозорини либераллаштириш истиқболлари хусусида фикр алмашиш бўлган».

ХВЖ бош директори Кристин Лагард Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга ёзилган жавоб мактубида республикага «техник кўмак ва иқтисодий сиёсат масалалари, хусусан, валюта тизимини либераллаштириш бўйича тавсиялар бериш йўли билан ёрдам беришга ваъда берди».

Миллий валюта курсининг маъмурий буйруқбозлик усулида бошқарилиши Ўзбекистоннинг жиддий муаммоларидан бири ҳисобланади. Чуқур иқтисодий инқироз даврида сўмнинг маъмурий бошқарилиши ҳукуматга аҳоли турмуш даражасининг тушиб кетмаслиги учун сўм курсининг кескин ўзгаришларига йўл қўймаслик, бизнес рентабеллигини таъминлаш, валюта етишмовчилиги ва бошқа шу каби муаммоларни ҳал этиш имконини берди. Аммо бу сиёсат валюта «қора» бозорини шакллантиради ва Ўзбекистоннинг хорижий сармоядорлар нигоҳида жозибадорлигини камайтиради. Улар олинган фойдани Марказий банк курси бўйича долларга алмаштиришлари керак бўлади, бу эса ишлаб топилган пулнинг бир қисмини йўқотишга олиб келади.

Ўзбекистонда сўмнинг бозор курсини жорий қилиш зарурати ҳақида Шавкат Мирзиёев ҳокимият тепасига келганиданоқ сўз юритила бошланди. Аммо республика ҳукумати бу масалада валюта либерализацияси оқибатларидан асосли равишда хавфсираган ҳолда эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилишга қарор қилди. Масалан, 2016 йил ноябрь ойида Ўзбекистон ҳукумати айрим товар ва хизматлар экспортидан тушадиган валютани мажбурий сотиш ҳажмини аста-секинлик билан тушириш ҳақида маълум қилди. Халқаро Валюта жамғармаси сўмнинг бозор курсига ўтишида ёрдам бериш билан Ўзбекистонда экспертлик даражасида ўз ўрнини мустаҳкамлаб олади. Шу билан унинг иқтисодий сиёсатига таъсир кўрсатиб, Тошкентнинг Вашингтон ва Брюссель билан сиёсий-иқтисодий алоқаларини мустаҳкамлашда ёрдам беради.

Ўзбекистон Марказий Осиёда асосий давлат

Эслатиб ўтамиз, машҳур америкалик стратег Збигнев Бзежинский «Буюк шахмат тахтаси»да Марказий Осиё мамлакатлари орасида ҳудуди катталигига қарамай Қозоғистонни эмас, балки Ўзбекистонни ҳал қилувчи давлат сифатида баҳолаган эди. Унга кўра, айнан Ўзбекистон кўпсонли, этник мазмунда асосан бир миллатдан иборат ҳамда миллий ўзлигини англаши нуқтаи-назаридан анча ривожланган аҳолига эга. Шу боисдан ҳам у минтақада етакчилик қилишга бош даъвогардир.

Ўзбекистон Қозоғистондан фарқли равишда Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти ва ЕвроОсиё иқтисодий иттифоқи аъзоси ҳисобланмайди. Бу эса, унга бирмунча «эркин» ташқи сиёсат юритишга имкон беради. Шу боисдан ҳам Ғарб, жумладан, ЕИ учун энг камида Ўзбекистон билан муносабатларини шакллантиришда – унинг ЕОИИга аъзо бўлишига йўл қўймаслик муҳим ҳисобланади. Ахир, Ғарб мамлакатлари бу иттифоқни «собиқ Иттифоқнинг янгиланган шакли» деб баҳолашади.

Турли грант ёрдамлари, ХВЖ мутахассислари томонидан экспертлик маслаҳатлари бу мақсадга жуда муносибдир. Вазифани уддалаш мураккаблиги Ўзбекистоннинг Европадан узоқлиги ва ҳудудий жиҳатдан ўралиб қолганига боғлиқдир. Аммо дипломатия учун «бошқа шу каби» давлатлар тажрибаси кўрсатганидек, бу унчалик ҳам жиддий ҳолат ҳисобланмайди.

Александр Шустов
Тарих фанлари номзоди