Замонлараро саёҳат: Гобустон - Озарбойжондаги очиқ осмон остидаги музей (фотожамланма)

Lifestyle 02 Август 2017 18856

Машҳур Гобустон тарихий-бадиий ёдгорлиги Баку шаҳри (Озарбойжон)дан 56 километр масофада жойлашган. "Кун.уз" мухбири Тошкентдаги Ҳайдар Алиев номли Озарбойжон маданият маркази ҳамда Халқаро Евроосиё матбуот фонди (International Eurasia Press Fund) ташаббуси билан ушбу дунёга машҳур тарихий масканда бўлиб, у ҳақидаги маълумотлар ва суратлар билан бўлишди. 

Гобустон сўзи "жарликлар ўлкаси" деган маънони англатади ("гобу" - жарлик ва "стон" - ўлка). Гобустон майдони узунлиги тахминан 20 километр, кенглиги эса 5 километрни ташкил қилади. Бу ердаги энг катта тоғнинг баландлиги - 400 метр. Шунингдек Гобустонда лойли вулқонлар ҳам жойлашган. Гобустонда субтропик иқлим ҳукмрон. Қиш - мўътадил, ёз эса - қуруқ ва иссиқ. 

Гобустондаги қоятош ёзувлари биринчи марта 1939 йилда таниқли озарбойжон археологи Исҳоқ Жаъфарзода томонидан аниқланган. У 1939 йилда - Жинғиртоғ ва Қизилтепа тоғлари ҳудудидаги, 1940 йилда эса Буюкдош ва Кичикдош тоғлари ҳудудидаги қоятош ёзувларини тадқиқ қилган. Иккинчи жаҳон уруши йилларида Гобустондаги тадқиқотлар тўхтатиб қўйилган, 1947 йилда эса қайта тикланган. 

Бугунги кунда Гобустонда 6000 дан зиёд қоятош ёзувлари ва 1000 га яқин топилмалар мавжуд. Гобустондаги қоятош ёзувлари мавзу жиҳатдан хилма хиллиги билан ажралиб туради. Одамлар, жониворлар (ёввойи буқа, эчки, кийик, от ва б.), қушлар ва ҳоказо. Қоятошларда шунингдек қайиқлар, балиқ тутишга мўлжалланган тўр, икки ғилдиракли арава, туялар карвони, қуёш тасвирларини ҳам кўришингиз мумкин. 

"Гавалдаш" номини олган қадимий зарб асбоби эса алоҳида диққатга сазовордир. Бу катта ясси плита кўринишидаги тош бўлиб, унга майда тошлар билан зарб бериш орқали ритмик товушлар ҳосил қилинади. Гобустонда иккита гавалдаш бор -  Жинғиртоғнинг шимолий этагида ва Буюкдош тоғида. Айтишларича, гавалдаш юқори палеолит давридан буён одамларга маълум. Шу ҳудудларда яшаган овчилар ва чорвачилар ёввойи ҳайвонлар ҳужум қилган пайтда ёки умуман хавфли вазиятларда гавалдашдан фойдаланишган. 

Бундан ташқари, Гобустонда ўрта асрлардаги Озарбойжон тарихининг турли даврларига тегишли араб ёзувларига ҳамда I аср охирида бу ерда 12-шиддаткор легионнинг бўлганидан далолат берувчи рим ёзувларига кўзингиз тушади. Шунингдек бу ерда қадимги одамлар егулик тайёрлаган "ўчоқлар"ни кўришингиз мумкин. 

1966 йилнинг 9 сентябрида Гобустон қоятош ёзувлари ҳамда қадимий археологик топилмалари расман рўйхатдан ўтказилган, умумий майдони 4400 гектарни ташкил қилувчи майдон эса Озарбойжон Республикаси Вазирлар Кенгаши қарори билан Давлат тарихий-бадиий ёдгорлиги дея эълон қилинган. 2007 йилда эса Гобустон ЮНЕСКО Жаҳон мероси объектлари рўйхатига киритилди. 

2011 йилда Гобустон ҳудудида ёпиқ музей бунёд этилди. Бу ерда сайёҳлар Гобустон табиатининг ўзгариш жараёнлари билан танишишлари мумкин. Гобустонга ташриф буюрган сайёҳларни одатда аввал шу музейга, ундан кейингина очиқ осмон остидаги музейга таклиф қилинади. 

Музей бир неча заллардан иборат бўлиб, уларнинг ҳар бири муайян бир мавзуга бағишланган. "Ибтидоий одам" залида қадимги меҳнат қуроллари ва унинг функциялари ҳақидаги маълумотларга эга бўласиз. Музей стендларида 3D форматдаги тошлар, шунингдек палеолит, мезолит, неолит даврларидаги меҳнат жиҳозлари намойиш этилган. "Қадимий санъат" зали ибтидоий одамларнинг гўзаллик ҳақидаги тушунчалари ва бадиий тасаввурларига оид маълумотлар билан бўлишади. "Кўп асрли петроглифлар" зали эса қоятош ёзувлари ва орнаментлари эволюцияси ҳақида "сўзлайди". "Петроглифларнинг маънолари" ва "Гобустоннинг қадимий мусаввирлари" заллари қоятошлардаги тасвирларнинг мазмунини етказиб беради. "Жониворлар ва овчилар" ҳамда "Озарбойжон қоятошлар санъатининг маданий ландшафти" залларида эса ҳайвонот оламининг қадимги вакиллари қолдиқлари ва ибтидоий одамлар овлаган жониворлар ҳақида маълумотлар тақдим этилади. 

Таъкидлаш жоизки, Гобустон музейи пойтахтдан узоқда жойлашган бўлишига қарамай, бу ерда сайёҳлар қулайлиги учун барча шароитлар яратилган - йўллар текис ва равон, қоятошлар орасидан эса махсус зинапоялар ётқизилган, шунингдек музей турли замонавий технологиялар билан таъминланган, истовчилар учун Гобустон "қаҳрамонлари" тасвирлари туширилган миллий ҳунармандчилик буюмлари сотилади. Музейда сайёҳлар учун қатор тилларда сўзлашувчи гидлар хизмати таклиф этилади. 

Очиқ осмон остидаги музей бўйлаб ҳаракатланар экансиз, ўзингизни худди эртаклар оламига тушиб қолгандек ҳис қиласиз. Бу ерда ҳеч бир сайёҳ зерикмаслиги аниқ, чунки ҳар бир тарихий топилма ўша давр руҳига хос бўлган муҳитда намойиш этилган, музейнинг деворидан тортиб то полигача сайёҳ эътиборидан четда қолмайди. Хуллас, Озарбойжонга бориб, Гобустонни кўрмай қайтсангиз, кўп нарса йўқотасиз. 

Лола Раҳмонбоева

Кўпроқ янгиликлар