Инсоният пайдо бўлибдики, энг долзарб, энг машаққатли ва энг қийин вазифа – ёшлар масаласи бўлиб келган. Мутафаккир ва алломалар, зиёлилар жамиятнинг ривожи, тинчлиги ва хотиржамлигини ёшлар тарбияси билан боғлагани бежиз эмас. Тарбия масаласи қадрият, анъана билан боғлиқликда ҳал этишга ҳаракат қилинган бўлса, ўша жойда ривожланиш бўлган. Ёшлар тарбиясига эътиборсизлик бўлган жойда инқироз ва ўпирилишлар содир бўлган.

Яқинда айни шу ёшлар тарбиясига доир бир мавзуда турли соҳа мутахассислари билан суҳбатлашдим. Сиёсатшунос Равшан Байкуловнинг айтишича, фан ва техника жадал ривожланаётган ҳозирги шароитда, аксари ёшлар олдида турли муаммоларнинг пайдо бўлиши, биринчи навбатда, уларнинг дунёқараши тамомила ўзгарганида. 

— Бу ёшлар вақтини бекорга сарфлаб, кунларини ижтимоий тармоқларда ўтказмоқда, — дея давом этади сиёсатшунос. —Ер юзидаги аҳолининг 20 фоизини ёшлар ташкил қилади. Афсуски, миллионлаб ёшлар мактаб нима эканини умуман билмайди. Яъни, улар, мутлақо саводсиз. Яна шуни ҳам айтиш керакки, кичик муаммолар ўз-ўзидан йирикларини келтириб чиқаради. Дунёнинг кўплаб мамлакатларида ёшлар орасида эрта турмуш қуриш оддий ҳолга айланди. Эрта қурилган ёш оилаларда арзимас, кичик-кичик муаммолар пайдо бўлади. Бу муаммолар аста-секин катталашиб бораверади. Ўзингиз ўйлаб кўринг, ҳали оила аталмиш муқаддас даргоҳнинг нима эканини тўлиқ англаб етмаган, рўзғор қуришга мутлақо тайёр бўлмаган бу ёшларнинг турмуш қуришига нима сабаб бўлган? Бунга ота-оналарининг хоҳиши ёки аллақандай ўткинчи бир ҳавас билан, деган жавобни ҳеч иккиланмасдан айтишим мумкин. Масалан, айрим Шарқ мамлакатларини олинг, ёшлар ота-оналарининг хоҳиши ва қандайдир ўйлаб топилган удумларга кўра, эрта турмуш қуради. Ғарбда айтиб ўтганимдек, ўткинчи бир ҳавас орқали оилалар бунёд бўляпти. Хўш, кейин нима бўлади? Бу оилаларда аксарият ҳолларда носоғлом фарзандлар дунёга келиши, рўзғорда учрайдиган турли ноўрин гап-сўзлар хатти-ҳаракатлар оилаларнинг барҳам топишига, яъни оилавий ажрим билан ниҳоясига етади.

Эътибор берган бўлсангиз, жаҳон ёшлари орасида ишсизлик муаммоси ҳам бугунга келиб энг долзарб мавзуга айланди. Ҳозир, ҳатто, энг ривожланган мамлакатларда ёшлар бандлигини таъминлаш катта муаммога айланди. Уларнинг кўпчилиги хорижда иш топаман деб одам савдоси аталмиш жирканч жиноятнинг қурбонига айланмоқда. 

— Эсингиздами, бундан 4-5 йил олдин Яқин Шарқ ва Шимолий Африка мамлакатларида оммавий тартибсизликлар, “рангли инқилоблар” юз берганди, — дея гап бошлайди файласуф Ўктам Тиловов. — Айнан шу тўполонларнинг бошида ким турганди? Албатта, ўзининг фикрига эга бўлмаган, ким нима деса, шунга эргашиб кетадиган, бошқача қилиб айтганда, мафкуравий иммунитети суст бўлган ёшлар турганди. Умуман, кейинги йилларда, дунёда бу каби тартибсизликларни амалга оширишда вайронкор кучлар, мафкуравий курашларда, оммавий тадбирлардан технологик асосга ўтди. Яъни? Яъни улар профессионаллашди. Ҳозир ахборотни қабул қилувчидан кўра, уни бошқаларга етказадиган “фикр лидерлари”нинг сонини кўпайтириш йўлга қўйилган. Бузғунчи ғояларни тарғиб этувчилар одамларда шаклланган мафкуравий эътиқодни ўзгартиришга интилмоқда.

Бу йўлда улар кимлардан фойдаланади биласизми? Бу йўлда, улар асосан ёшлардан фойдаланмоқда. Аянчлиси, бу манфур кимсалар, ўсмирлар билан турли ижтимоий тармоқлар орқали алоқа ўрнатиб, уларнинг қалби ва онгига киришга ҳаракат қилмоқда ва бунинг уддасидан чиқмоқда. Кўпинча, улар ғарбнинг қўштирноқ ичидаги машҳур олимларининг ёки социологик марказларининг хулосаларини ишга солади. Шунингдек, улар ўсмирларнинг ҳис-туйғуларидан ҳам фойдаланишнинг ҳадисини олган. Бузғунчилар яхши биладики, ҳис-туйғуларга таянган ахборот тез ўзлаштирилади ва хотирада узоқ сақланади. Яна бир нарса, бу ёшлар билиб-билмай, экстремистик ташкилотларга аъзо бўлиб, террорчилик ҳаракатларида ҳам фаол иштирок этмоқда, — дея фикрини давом эттиради файласуф.

Вайронкор кучлар гирдобига тушган ўсмирнинг қўлидан “ханжар”ни олиб қўйсак, унинг ўрнига бошқа нарсани олмаслиги учун нима қилсак бўлади? 

— Биласизми, аввало, унинг қўлига қоғоз ва қалам тутқазиш керак. Биз уларни эзгу мақсадлар сари интилишга ундашимиз ва ханжарнинг ёмонлигию қаламнинг яхши эканини тушунтиришимиз керак. Фарзандларимизга ундай қилма, ёмон, бундай қилма, бу яхши эмас демаслик учун уларга бугун нима учун яшаётганини, қандай мақсад сари интилиши ва бунинг учун нима қилиши лозимлигини уқтиришимиз керак...

Суҳбатни иқтисодчи Насрулло Назаров давом эттирди:

— Агар масалага чуқурроқ эътибор қаратсангиз, деярли барча соҳада интеграциялашувнинг кучайиши вайронкор ғоялар тарғиботига кўмаклашмоқда. Узоққа бормайлик, ўн йил муқаддам бирор ғояни одамлар онгига сингдириш, уни тарғиб қилиш учун миллионлаб маблағ харж қилинган бўлса, айни пайтга келиб, уларни истеъмолчиларнинг ўзи сотиб олмоқда. Оддий мисол, ижтимоий тармоқ орқали намойиш этилаётган хорижлик санъаткорнинг клипидаги “ўзига хос” кўриниши ва унинг хатти-ҳаракатларини ўзлаштириб, тақлид қилаётган ёшларни олинг. Бу уларга шунчаки завқ бағишлаши мумкиндир. Лекин ёшларнинг бадиий савияси пасайиб кетишига ким кафолат беради? Ҳозир нима кўп кўча-кўйда қулоқчин тақиб юрган ёшлар кўп. Агарда уларнинг ёнига бориб, бирон бекат ёки кўчани сўрасангиз, сизни эшитмасдан, индамай йўлида давом этади. Бу, ёшлар эшитаётган, аллақандай хорижий тушунарсиз мусиқалар юрак уриш ритмини ўзгартириши билан бирга кишида енгилтабиатлик ҳиссининг ортиши ҳамда карликка сабаб бўлмоқда.

— Хориждан кириб келаётган турли клиплар, фильмлар ахлоқий бузуқликни тарғиб этиб, ёшларимизни муқаддас қадриятларимизга нисбатан ҳурматсизлик қилишга ундамоқда. Бу шунчаки ўйин-кулги ва кўнгил очиш билан боғлиқ “маданият”ни олиб кириш эмас, балки ўзларининг ёвуз мақсадлари орқали, бутун бир халқни ўзагидан айириш орқали уни инқирозга учратиш ётганини ҳамма ҳам билавермайди. Буни айрим ёшлар англаб етмаяпти. Биз айтаётган ёшлар муаммолари фақат ижтимоий тармоқлар ёки “оммавий маданият” билан чегараланиб қоладиган муаммолар эмас, — дея қўшилади ҳуқуқшунос Ойбекхон Иброҳимхонов. — Дунё ёшлари орасида гиёҳвандлик, жиноятчилик сони ортиб бормоқда. Айниқса, гиёҳванд моддаларни истеъмол қилаётганлар орасида 13-14 ёшли ўсмирларнинг борлиги катта фожиа. Бу иллат оилаларда ногирон фарзандларнинг дунёга келиши, наслнинг бузилиши, оилавий ажралишларнинг ортиши, жиноятчилик ва бошқа иллатларнинг асоси ҳисобланади. Модомики, ёшлар муаммолари тўғрисида фикр юритар эканмиз, жаҳон миқёсида ёшлар ўлими ҳам тобора ортиб бораётгани ҳақида ким бонг уриб гапирмоқда?

Энг ачинарлиси, ёшлар ўлимининг учдан бир қисмини ўз жонига қасд қилувчилар ташкил этмоқда. Таҳликалар гирдобидаги бугунги дунёда азият чекаётган ёшларнинг ўз жонига қасд қилишига асосий сабаб сифатида уларнинг кундалик муаммолари эмас, бевосита руҳий изтироблари сабаб бўлмоқда. Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълум қилишича, дунёнинг ривожланган мамлакатларида истиқомат қилаётган ёшларнинг руҳий ҳолати деярли бир хил. Оилалардаги носоғлом муҳит, яъни ота-она ўртасидаги тортишув ва жанжаллар ҳам ўсмир ёшидагиларнинг руҳиятига жиддий таъсир кўрсатмоқда ва айни шундай ҳолат ҳам уларнинг ўз жонига қасд қилишига олиб келмоқда.

Олиб борилган кузатувлар шуни кўрсатмоқдаки, дунё ёшлари орасида ўқишни, ишлашни хоҳламайдиганлар сони ҳам кўпайишда давом этмоқда. Бунинг сабаби нимада? Бу саволга келганда болалар шифокори Умида Раҳмонова шундай деди: 

— Миср эҳромларидан бирининг деворига жуда қадим замонлардаёқ бугунги ёшлар ўзгариб кетган мазмунидаги гап ёзиб қолдирилган. Ҳар бир давр ёшларининг тарбияси ўша даврнинг муҳим муаммоси сифатида қаралган. Асосий сабаб сифатида, уларнинг ота-оналари ўз фарзандига умуман вақт ажратмаслигида деб билиш мумкин. Сўнгги йилларда, хонадонларимизда шахсий компьютерлар кўпайиб бормоқда. Бу жуда яхши, Чунки иш юзасидан бажаришга улгурмаган юмушингизни уйда тугаллаб қўясиз.

Лекин компьютер олдида фарзандларимизнинг соатлаб ўтириши, компьютердаги зўравонлик саҳналари акс этган ўйинларга берилиб кетиши болаларда шафқатсизлик ҳиссининг томир отишига замин яратмаяптими? Уларнинг руҳиятида ҳам жиддий бузилиш юзага келмоқда. Натижада, болалар кундан-кунга виртуал ўйинларга берилиб, кундалик ҳаётдан четга чиқиб қолади. Бу уларнинг ўқишига ҳам ўз таъсирини ўтказмасдан қолмайди. Айрим ўсмир ёшдагилар мактабни битириши билан, гўё, катта ҳаёт шу экан деб, турли пана-пастқам жойларда тамаки чекиш ва спиртли ичимликлар истеъмол қилишга ружу қўяди. Билингки, ҳар бир бола, ҳар бир ёш-ўзи бир дунё. Шундай, экан улар билан муносабатда бўлишда, суҳбатдошингизнинг фикрлаш доирасидан келиб чиққан ҳолда гаплашиш муҳим. Ўсмирларга бирор-бир маслаҳат бераётганингизда ҳам, албатта, ёшини ҳисобга олиш шарт.

Суҳбатдошлар олдида фикр беришга ошиқаётган талаба Бобурбек Ҳасанов шундй деди: “Оммавий маданият” ниқоби остидаги турли иллатларни ўзлаштирган пирсинг, татуаж, очиқ-сочиқ кийиниш, беҳаёликни тарғиб этувчи фильм ва клипларни томоша қилишга муккасидан кетаётган айрим тенгдошларимни кўриб ачиниб кетаман. Бундай ёшларга тўғри йўл кўрсатиш барчамизнинг бурчимиз. Қисқагина лекин жуда таъсирчан. Даврадошларимнинг ёшлар муаммолари тўғрисидаги фикрларини жамлаб, буюк маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлонийнинг “Тарбия биз учун ё ҳаёт, ё мамот, ё нажот, ё ҳалокат, ё саодат, ё фалокат масаласидир”, деган пурҳикмат сўзлари ҳеч қачон ўз кучини йўқотмаслигига яна бир бор амин бўлдим.

Азиз замондош, бугун кишилик тараққиёти шундай босқичга кирганки, энди унда ҳарбий куч эмас, интеллектуал салоҳият, замонавий технологиялар ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Ёшлар — эртанги кун давомчилари. Ёшлар билан боғлиқ муаммолар мавжуд ҳар қандай миллат, давлатнинг келажаги йўқ. Уларга етарли шароитларни яратиб бериш, энг асосийси, эътибор қаратиш лозим. Нима бўлганда ҳам, тарбия хақида замондошларимизнинг фикрларини икки оғиз сўз билан ифодалашга ҳаракат қилдик. Хулоса эса ўзингиздан. 

Акбаржон АБДУРАИМОВ