Таълим сифатини баҳолашнинг илғор тажрибалари ўрганилди ва таклифлар ишлаб чиқилди

Жамият 03 Август 2017 8098

Маълумки, ўзгаришлар даврида таълим тизими ижтимоий жараёнлардан келиб чиққан ҳолда шиддат билан ривожланишни тақозо этади. Таълим орқали жамиятда келажакдаги вазифаларни бажаришга қодир бўлган янги авлод шакллантирилади.

Шуни инобатга олган ҳолда умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ёш авлоднинг ҳар томонлама пухта билим олиши учун зарур шароит ва имкониятлар яратишга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг 16 июнь куни Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг Учтепа туманига ташрифи чоғида мактаб билан коллежлар ўртасидаги боғлиқликни мустаҳкамлаш ва тажриба сифатида 11 йиллик умумий ўрта таълимни тиклашга қаратилган ташаббуслари кенг жамоатчилик ва ота-оналар томонидан юксак баҳоланди.

Шунингдек, Президентимиз ташаббуслари билан 9-синфни битирган ўқувчилар, ота-оналар ва ўзларининг хоҳишларига биноан, онгли равишда касб-ҳунар коллежи, академик лицей ёки ўзлари таълим олган мактабларда мажбурий таълимни давом эттиришлари мумкин эканлигининг белгилаб қўйилиши ёшларга ҳар томонлама қулайликлар яратди.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган бундай ислоҳотлар натижасида улкан иқтисодий ўсиш кўрсаткичларига эришилмоқда бу ҳолат малакали кадрлар ва етук мутахассиларга бўлган талабнинг янада ошиб боришига туртки бўлмоқда.

Бундай талабнинг қондирилиши ўз навбатида ёшлар ўртасида китобхонлик ва дарсларга қизиқиш хусусиятини ошириш ва ўқитувчиларнинг ҳар томонлама таълим тарбияга эътиборини кучайтиришнинг замонавий ижтимоий инновациялар орқали амалга ошириш эҳтиёжини вужудга келтирмоқда.

Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти мутахассислари айнан мана шундай талабларнинг бугунги кун таълим тизими учун жуда муҳим эканлигини инобатга олган ҳолда аксарият хорижий давлатларда таълим ва фан соҳалари ривожланишини баҳолаш ва мониторинг қилиш орқали таълим сифатини оширишга қаратилган айрим илғор тажрибаларни ўрганиб чиқди.

Хусусан, дунёда таълим сифати, савияси ва даражасини аниқлаб берувчи PISA (Ўқувчиларни таълимдаги ютуқларини баҳолаш халқаро дастури), PIRLS (Матнни ўқиш ва тушуниш даражасини аниқловчи халқаро тадқиқот), TIMSS (Мактабда математика ва аниқ фанлар сифатини тадқиқ қилувчи халқаро мониторинг) каби бир қатор халқаро дастурлар мавжуд бўлиб, улар ривожланган давлатлардаги таълим сифатини янада оширишдаги мезон сифатида кенг қўлланилиб келинмокда.

PISA ўқувчиларни таълим соҳасидаги ютуқларини баҳолаш бўйича халқаро дастур бўлиб, ундаги тест жаҳон давлатларидаги мактаб ўқувчиларининг билими ва уларни амалиётда қўллай олиш маҳоратини баҳолайди. Дастурнинг асосий мақсади ‑ 15 ёшли ўқувчилар таълим даргоҳида олаётан билим ва тажрибаларини ижтимоий муносабатларда ва инсон фаолиятида учрайдиган турли хил ҳаётий вазифаларни ечишда қанчалик фойдалана олиш қобилиятини баҳолашдир. Ушбу синов ҳар уч йилда бир маротаба ўтказилади. Тестда фақат 15 ёшдаги ўсмирлар иштирок этади. Мактабдаги таълим сифатини мониторинг қилишга қаратилган PISA дастури асосий уч йўналишда: ўқиш,математика ва ижтимоий фанлар саводхонлиги бўйича олиб борилади.

Биргина 2015 йилнинг ўзида 70 дан ортиқ давлатлар PISA халқаро дастури синовида иштирок этган. Умуман олганда, PISA дастури давлатларнинг таълим соҳасидаги сиёсатига сезиларли даражада таъсир ўтказади. Ҳар бир давлат ўтказилган тадқиқот натижалари асосида ўзининг таълим соҳасидаги кучли ва кучсиз томонларини холисона аниқлаб, бошқа давлатларга нисбатан мавқеини кўради ҳамда таълим муассасаларида ўқув жараёнини такомиллаштиришда ўз йўналишларини ва стратегиясини белгилаб олади.

PIRLS -  тадқиқотида 50 дан ортиқ давлатлар иштрок этиб келмоқда. Мазкур халқаро тадқиқотнинг мақсади турли хил таълим тизимидан иборат бўлган давлатлардаги бошланғич мактаб ўқувчиларининг матнни ўқиш ва қабул қилиш бўйича тайёргарлиги ҳамда ўқувчиларнинг ҳар хил ютуқларга эришишга сабаб бўлувчи таълим тизимидаги ўзига хос хусусиятларни аниқлаш ва баҳолашдан иборат. Албатта бундай тадқиқот халқ таълими соҳасидаги ишчилар, олимлар, методистлар, ўқитувчилар, ота-оналар ва жамоат вакиллари учун катта аҳамиятга эгадир.

TMSS - ҳам жаҳон мамлакатлари таълим тизимида кенг тадбиқ этилмоқда. TMSS дастури Таълим соҳасидаги ютуқларни баҳолаш халқаро ассоциацияси IEA (International Association for the Evaluation of Educational Achievements) томонидан ташкил этилган бўлиб, ушбу тадқиқот 4 ва 8 синф ўқувчилари орасида математика ва ижтимоий фанлар бўйича таълимнинг сифати, даражаси, фанга бўлган муносабати, қизиқишини аниқлайди. Ҳар 4 йилда бир маротаба олиб борилади. Ушбу тадқиқот PIRLS тадқиқотига ўхшаб, ўқувчилар, мактаб маъмурияти ва ўқитувчилари орасида қўшимча сўровномалар ўтказади ва фан соҳасида тўсқинлик қилаётган асосий омилларни аниқлайди. Бу эса ўша мамлакатда ишлаб чиқилган таълим стандартларини ва таълим самарадорлигини бошқа давлатлар билан солиштириб кўриш имконини беради. 2015 йил TMSS тадқиқотлари натижаларига кўра АҚШ, Сингапур, Гонконг, Корея Республикаси, Япония, Россия, Буюк Британия каби давлатларнинг таълим тизими энг юқори кўрсаткичларни эгаллаган. Шуни эътироф этиш лозимки, айни шу давлатларда юқори техногияларни ўзлаштириш, саноатлаштириш ва юксак даражадаги тараққиёт эришиш мақсадида аниқ фанларни юқори даражада ўзлаштиришга алоҳида эътибор қаратилиб, унда ўқувчилар туғма истеъдод ва қобилиятлардан кўра ўз устида доимий ишлаш ҳамда аниқ фанларни ўқитишда гуруҳ ёки синфдаги ўқувчилар сонининг 16 нафардан ошмаслиги белгиланган. Бундай тажриба АҚШда ҳам мавжуд бўлиб, 1999 йилдан бошлаб битта ўқитувчи 40 минутлик дарс машғулоти давомида 16 та болага билим ва тарбия бера олиш имкониятига эга эканлигии инобатга олган ҳолда президент қарори билан таълим муассасаларидаги гуруҳларда ўқувчилар сони 16 нафар этиб белгиланган.

Умуман олганда мамлакатимиздаайнан мана шундай халқаро дастурларнинг таълим тизимини баҳолаш ва мониторинг қилишдаги иштироки мавжуд эмаслиги ёки ўқувчи ёшлар билимлари даражасини баҳолаш ёки мониторинг қилишнинг “Миллий дастури”яратилмаганлиги, ҳудудлар кесимида ёшлар томонидан у ёки бу фанни ўзлаштириш даражасининг сифати ва сохада амалга оширилиши лозим бўлган ишлар кўламини белгилаб бориш ва тегишли ислоҳотлар ўтказиш имкониятини чеклаб қўймоқда.Шунингдек, бошланғич ва умумий ўрта таълим муассасаларидаги ўқитиш даражасининг ислоҳотлар темпидан ортда қолаётганлиги яқин келажакда малакали кадрлар танқислигини келтириб чиқаради.

Шуни инобатга олган ҳолда қуйидаги таклифларни амалга ошириш жоиз деб ҳисоблаймиз:

  1. Халқаро таълим сифатини баҳолаш дастурларида Ўзбекистоннинг иштироки масаласини атрофлича ўрганиб чиқиш ва ушбу дастурларда иштирокини таъминлаш;
  2. Халқаро тажрибадан келиб чиққан ҳолда ўқувчи ёшлар билимлари даражасини баҳолаш ёки мониторинг қилишнинг “Миллий дастури”ни яратиш;
  3. Илм-фан ютуқларининг энг илғор натижалари ва адабиётларнинг инглиз тилида нашр қилинишини инобатга олган ҳолда, мактабларда инглиз тилини ўргатувчи турли хорижий дастурларни тадбиқ этиш масаласини кўриб чиқиш;
  4. Мактабгача таълим муассасаларида таълим–тарбия беришга масъул мутахассисларнинг малака талабларини аниқ мезонлар орқали белгилаб қўйиш ва болаларнинг умумий таълимга йўналтирилишида бутунлай масъуллигини қонун билан белгилаб қўйиш;
  5. Мактабгача таълим ҳамда умумий ўрта таълим муассасаларидаги гуруҳ ва синфларда халқаро тажрибада синалган усуллардан келиб чиққан ҳолда ўқувчилар сонининг максимал ҳамда минимал кўрсаткичларини белгилаб қўйиш;
  6. Психологик тестлар ёрдамида бошланғич синфлардаги истеъдодли болаларни ажратиб олиб 8-9 ёшлилар учун ҳар бир мактабда ихтисослашган синфлар ташкил этиш.

Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти шўъба раҳбари

Холмахматов Азим Ҳазраткулови

Кун янгиликлари
Фарғона вилояти ҳокими Сўх тумани, уй-жой муаммоси, табиий газ ва аҳолининг бошқа муаммолари ҳақида (видео)
20:30 / 21.08.2017 30724 Жамият
Artel Technical School «Келажак мактаби» ўқув нархларини пасайтирмоқда!
20:02 / 21.08.2017 16873 Жамият
Халқ таълими вазири билан очиқ суҳбат: янги вазирлик, 10-синф, пахта терими, коррупция ва йиғди-йиғдилар
23:29 / 20.08.2017 66348 Жамият
Ногиронлик ва мазлумлик исканжасида: бир аёл яхшилар саховатидан умидвор 
15:55 / 18.08.2017 57557 Жамият
Трамп АҚШ ҳукуматини ёпиш билан таҳдид қилди
10:50 2233 Жаҳон
Самарқанд вилоятида 6 миллион доллар қийматидаги трансформаторлар ишга туширилди
Трамп: Ким Чен Ин АҚШни ҳурмат қилишни бошлади
10:30 3095 Жаҳон
Шайхонтоҳур туманидаги қасддан одам ўлдириш фош этилди
10:27 2725 Жамият
Фарғонада ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилган халқ таълими мудираси ишдан олинди
Тожикистон-Хитой товар айланмаси 3 йилдан сўнг 3 млрд долларга етади
10:18 714 Жаҳон
Кўпроқ янгиликлар