Ўзбекистон Республикаси 2016 йил октябрь ойидан 2017 йил июль ойига қадар Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Ташқи ишлар вазирлари кенгашига раислик қилди. Мазкур халыаро ташкилотга раислик муддати тугаши муносабати билан Ташыи ишлар вазирлигида маҳаллий ва хорижий ОАВ вакиллари учун матбуот брифинги бўлиб ўтди. Бу ҳақда тадбирда иштирок этган Кун.uz мухбири хабар қилмоқда.

Унда ОАВ вакиллари ҳамда кенг жамоатчилик Ўзбекистоннинг нуфузли ташкилот Ташқи ишлар вазирлари кенгаши раиси сифатидаги фаолияти якунлари билан қисқача таништирилди. 

Ўзбекистон ТИВ кенгашига раисликни 2016 йил 18-19 октябрь кунлари Тошкентда бўлиб ўтган ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессиясида қабул қилиб олган эди.

Сессия якунларига кўра 118 та резолюция ҳамда Тошкент декларацияси қабул қилинди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев иштироки этиши сессиянинг асосий воқеаси бўлди. Давлат раҳбари ўз маърузасида Ўзбекистоннинг ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашидаги раислигининг устувор мақсадларини белгилаб берди.

Жумладан, республиканинг раис сифатидаги фаолиятининг асосий йўналишлари деб қуйидагилар белгиланди:

- ИҲТга аъзо давлатларнинг интеллектуал, илмий-техникавий ва технологик салоҳиятини мустаҳкамлаш ва янада ривожлантириш;

- Ислом дунёсининг мутафаккирлари бўлмиш буюк аждодларимизнинг кўп қиррали диний-маънавий меърослари ҳамда ютуқларини, уларнинг дунё тамаддуни ривожига қўшган бебаҳо ҳиссасини ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш;

- илмий-техникавий ҳамкорликни ривожлантириш, фан ва техника соҳаларидаги янги инноватсион технологияларни ва бошқа ютуқларни амалиётга жорий қилиш;
- ИҲТ аъзо давлатларининг бирлигини таъминлаш, улар ўртасидаги мавжуд зиддиятларни бартараф этиш, терроризм ва экстремизм ғояларига қарши курашда уларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш;

- Ташкилот доирасида ҳамкорлик механизмларини такомиллаштириш ҳамда ўзаро манфаатли савдо ва инвестицион алоқаларни кенгайтириш.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Самарқанддаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Тошкент ислом университетида Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Ислом ташкилотининг (ИСEСCО) махсус кафедрасини ташкил этиш тўғрисидаги ташаббуслар ҳам илгари сурилди.

Республика раҳбарияти белгилаб берган ушбу устувор йўналишлардан келиб чиққан ҳолда, шунингдек ИҲТ Низомидан жой олган тамойил ва вазифаларни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистоннинг раислиги давомида тегишли ишлар бажарилди ва қуйидаги натижаларга эришилди:

1. 23 та халқаро тадбирлар ташкил этилиб, улар ИҲТ кун тартиби ва фаолиятини сезиларли бойитди. Жумладан, вазирлар даражасида 4 та тадбир, Ташкилот Ижроия қўмитасининг 3 та сессияси, Жидда, Нью Йорк, Женева ва Брюсселда 16 та экспертлар мажлиси ҳамда қатор конференциялар ва йиғилишлар ўтказилди.

2. Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш ташаббуси барча мусулмон давлатлари томонидан қўллаб-қувватланиши таъминланди ҳамда 43- ва 44-сессияларида ушбу ташаббусни амалга оширишга бағишланган алоҳида резолюциялар қабул қилинди.

Ўзбекистоннинг ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашидаги раислиги ниҳоясига етганига қарамасдан биз Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш учун юқорида санаб ўтилган давлатлар ва ИҲТ билан ҳамкорликни фаол ривожлантиришда давом этамиз.

3. Ўзбекистон Республикаси Президенти таъкидлаганидек, ИҲТ доирасида ҳамкорлик механизмларини такомиллаштириш ҳамда ўзаро манфаатли савдо ва инвестициявий алоқаларни кенгайтириш алоҳида аҳамият касб этади. Тошкент сессиясида 2016-2020-йилларга мўлжалланган Марказий Осиё минтақаси учун ИҲТ Махсус дастурининг қабул қилиниши ушбу вазифанинг амалий ижроси бўлди. Дастур транспорт ва энергетика тизимлари, қишлоқ хўжалиги ҳамда савдони ривожлантириш учун Ислом тараққиёт банки томонидан 6 млрд АҚШ доллари миқдорида моддий-техникавий кўмак кўрсатилишини назарда тутади.

4. Бугунги кунда Ўзбекистон халқаро ташкилотлар доирасида ўз фаоллигини ошириб бормоқда. Бу борада унинг халқаро майдондаги нуфузи тобора ўсаётгани, эришаётган ютуқлари, амалга ошираётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлари эътироф этилаётганлигини кузатиш мумкин.

Жумладан, ИҲТ Бош котиби ҳамда бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари мамлакатимизда қабул қилинган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ва “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури билан танишиб, Президент бошчилигида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳот ва ўзгаришларини юқори баҳолашмоқда.

Инсон ҳуқуқлари соҳасида республикада эришилган ютуқларни Ислом дунёси тан олаётганини таъкидлаш жоиз. Раислик давомида қилинган амалий тадбирлар натижасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон миллий маркази директори А.Саидов ИҲТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича доимий қўмитасига сайланди ва 2018 йил февраль ойидан бошлаб 2021 йилга қадар мазкур қўмитада ўз фаолиятини олиб боради.

5. Экстремизм ва терроризмга қарши кураш бўйича ИҲТ Низомида белгиланган тамойиллар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан таъкидланган мамлакат раислигининг устувор йўналишлари ижросини таъминлаш мақсадида, мусулмон дунёси олдида турган долзарб муаммолар ва таҳдидларга нисбатан кўрилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш юзасидан салмоқли қадам ташланди.

Президент Ш. Мирзиёев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси 2017 йил 21 майда Ар-Риёд шаҳрида бўлиб ўтган Араб-мусулмон мамлакатлари ва АҚШ саммитида иштирок этди. Саммит мусулмон дунёсини экстремизм ва терроризмга қарши туришда бирдамлигини тасдиқлади. Ўзбекистон ўз ўрнида Саудия Арабистони пойтахтида Экстремистик ғояларга қарши глобал марказ ташкил этилишини тўлиқ қўллаб-қувватлади.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси раислигида қуйидаги муҳим тадбирлар бўлиб ўтди:

- 2016 йил 17 ноябрь куни Макка шаҳрида ва 5 ноябрь Жидда шаҳрида Ҳусийлар ва Солиҳ қўшинлари томонидан Макка шаҳрига баллистик ракета учирилиши юзасидан ИҲТ Ижроия қўмитасининг мажлиси ва Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг иккинчи навбатдан ташқари йиғилиши;

- халқаро терроризмга қарши кураш бўйича ИҲТ Конвенциясини кўриб чиқиш юзасидан ҳуқуқий экспертларнинг иккинчи йиғилиши (2017 йил 13 февраль, Жидда).
ИҲТга аъзо давлатлар ўртасида илмий-техникавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида ахборот вазирлари даражасидаги Ислом конференциясининг 11-йиғилиши 2016 йил 21 декабрда Жиддада бўлиб ўтди.

Бундан ташқари, Фаластин муаммоси, Сурия ва Ямандаги можаролар, Мянмада мусулмонлар аҳволи ҳамда дунёда исламофобия омили билан боғлиқ масалалар Ўзбекистон раислигининг диққат-эътиборида бўлди.

Ушбу масалаларни кўриб чиқиш учун тадбирлар нафақат ИҲТ қароргоҳи жойлашган Жидда шаҳрида, балки Брюссель, Женева ва Нью Йрк каби шаҳарларда ҳам ўтказилди. Ўзбекистоннинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги Доимий вакили Яқин Шарқда кечаётган вазият ҳақида ИҲТ позициясини бир неча бор Ташкилот номидан БМТ Хавфсизлик кенгашида эълон қилди.

Маданий-гуманитар соҳада эътиборга молик қуйидаги ишлар амалга оширилди:
Аъзо давлатларда аёллар ва оила муассасалари ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш бўйича вазирлар даражасидаги Конференциянинг 1-сессиясини ўтказиш юзасидан Саудия Арабистони ташаббуси маъқулланди.

Ўзбекистон раислиги даврида “Халқаро исломий фиқҳ академиясининг Эҳсон фонди” низоми лойиҳасини ҳамда Бош котибият ва фуқаролик жамияти институтлари ҳамкорлигини тартибга солувчи Хартияни кўриб чиқиш бўйича Ҳукуматлараро экспертлар гуруҳларининг мажлислари бўлиб ўтди.

Шундай қилиб, ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашида Ўзбекистоннинг раислиги қисқа муддат давом этган бўлса-да, давлат раҳбари белгилаб берган устувор йўналишлар ҳамда ИҲТ Низомининг тамойиллари ва вазифаларига мувофиқ муҳим ва аниқ мақсадли ишлар амалга оширилди.

Жорий йил 10-11 июль кунлари Обиджон шаҳрида бўлиб ўтган ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги 44-сессиясида Ўзбекистон ўз раислигини расман Кот-д’Ивуарга топширди.