Энг буюк жасорат бу – маънавий жасорат.
Ислом Каримов

Бугунги кунда юртимизда инсон ва унинг манфаатлари энг олий қадрият даражасига кўтарилган. Мамлакатимизнинг ички ва ташқи сиёсати айнан ана шу мақсадга йўналтирилган ҳамда бу йўлда катта натижаларга эришаётганлигимиз ҳам, аввало, мустақиллигимиз шарофатидандир. Мустақил давлат сифатида бугунги кунда жаҳон ҳамжамиятида ўз ўрни ва ўз сўзига эгамиз. Биз дунёнинг деярли барча давлатлари билан ўзаро тенглик, манфаатдорлик принципларига асосланган сиёсий-иқтисодий сиёсат юргиза бошладик. Тарихан қисқа давр мобайнида мамлакатимизда барча соҳаларни қамраб олган ҳолда кенг ислоҳотлар амалга оширилди ва бу ишлар ҳозирги кунда ҳам давом этмоқда. У хоҳ Давлат бошқарув тузилмаси бўлсин, хоҳ соғлиқни сақлаш, спорт, таълим – қўйинки, барча соҳаларда амалга оширилаётган чуқур ислоҳотлар, яратилиб берилаётган шарт-шароитлар бугунги кунда ўзининг ижобий натижасини бермоқда. Ҳар соҳада қўлга киритилаётган ютуқлар, зафарлар, кундан кунга чирой очиб бораётган шаҳру қишлоқларимиз қиёфасини кўриб истиқлолнинг ҳаётбахш нафасини янада теранроқ ҳис қиламиз.

Маълумки, мустақилликнинг илк кунларидан белгилаб олинган «Ислоҳот – ислоҳот учун эмас, инсон учун», деган ғоя одамларимиз қалбидаги эзгу орзу-интилишларини яққол ифода этган олийжаноб даъват халқимизни ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамиятини қуриш йўлида сафарбар этади.

Ҳозирги кунда қандай шиддатли ва нотинч замонда яшаётганлигимизни инобатга олган ҳолда, тинч ва осойишта ҳаёт учун курашиш, керак бўлса, фидойилик кўрсатиб, доимо огоҳ, сезгир ва маънавий уйғоқ бўлиб яшаш, энг катта бойлигимиз бўлмиш юртимиздаги миллатлар ва фуқаролараро аҳиллик, ўзаро меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини кўз қорачиғидек асраш ва мустаҳкамлаш йўлида олиб борилаётган ишларнинг маъно-мазмунини тушуниб етиш лозим. Ўсиб келаётган ёш авлодни ватанпарварлик ва миллатпарварлик руҳида тарбиялаш муҳим ўрин тутади. Бунинг учун эса оилада ва таълим даргоҳларида таълим ва тарбияга алоҳида эътибор қаратиш лозим.

Бугунги кунда ана шу масалаларни ижобий ҳал этиш учун муҳтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёев томонидан бир қатор қонун ҳужжатлари имзоланиб, қарор ва фармойишлар қабул қилинган. Лекин шуни тан олиб айтиш керак-ки, қабул қилинаётган қарор ва фармойишлар ижросини бажаришга келганда айрим ҳолатларда «қўл учида» бажарилишига гувоҳи бўламиз, кўплаб жойларда маънавий-марифий тадбирлар ўтказилсада, аслида ана шу тадбирларни ўтказишдан кўзланган мақсад унутилиб, натижа самарасиз бўлмоқда. Қабул қилинган Давлат дастурлари ижросини таъминлаш юзасидан ташкилотчилар томонидан ўтказилаётган тадбирларнинг фақатгина кўргазмали қуроллар билан мазмунли ўтишига эътибор қаратилаяпти холос, қолгани билан иши бўлмайди. Бу каби ҳолатларнинг кўпайиб кетиши Биринчи Президентимиз Ислом Каримов табири билан айтганда масъулиятни ўз зиммасига олиб, чинакам фидойилик кўрсатадиган ёшларнинг камайиб кетиши оқибатида юзага келмоқда. Бу эса Биринчи Президентимиз Ислом Каримов томонидан таъриф берилган:

– ўз ҳақ-ҳуқуқини танийдиган ва унинг учун курашадиган;

– ўз кучи ва имкониятларига таяниб, натижасини кўрадиган;

– атрофида содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга мустақил муносабат билдира оладиган;

– шахсий манфаатларини мамлакат ва халқ манфаатлари билан уйғун ҳолда кўриб, фаолият юритадиган ёш авлодни вояга етказишда жуда қўпол камчиликларга йўл қўйилишига сабаб бўлмоқда. Айнан шу сифат даражаларига эга бўлган ёш авлодни тарбиялашда ҳам оиланинг, ҳам таълим муассасаларида фаолият юритаётган устоз-мураббийларимизнинг ўрни катта десак, ҳеч муболаға қилмаган бўламиз.

Афсуски, юқорида қайд этиб ўтилган ҳолатлар юзасидан Ҳурматли Юртбошимиз алоҳида жонкуярлик билан аниқ далилларга асосланган ҳолда айтганларидек, айниқса, бугунги кунда кўпайиб кетаёткан жиноятнинг энг оддий кўринишидан тортиб, оғир даражадаги жиноятларнинг асосий катта қисмини ёшлар томонидан амалга оширилаётгани сўзимизни тасдиғи, десак ҳеч янглишмаган бўламиз.

Хўш, шу ўринда ҳақли бир савол туғилади. Бу каби мудҳиш ҳолатларнинг кўпайиб кетишига нима сабаб бўляпти ёки бунга ким айбдор? Бизнингча, бугун ёшларимизнинг тобора тубанлашиб бораётган маънавий дунёқарашини шаклланишига кўп жиҳатдан ҳаммамиз айбдормиз – оилада ота-она, таълим муассасаларида устозлар.

Бизнингча, тан олиб айтиш керак-ки, бугунги кунда айнан мавжуд таълим сифатининг пастлиги натижасида хусусий кўринишдаги ўқув марказларини кўпайиши, хусусан, бу каби марказлар айнан олий ўқув юртларига тайёрлов курсларини очилиши бунга тўла изоҳ бўла олади. Қандай чора-тадбирларни амалга ошириш орқали мазкур муаммоларни ҳал қилиш мумкин? Бунинг ечимини топиш учун фикримизча, таълим-тарбия тизимига таъсир кўрсатувчи омилларни тушуниш талаб этилади. Уларнинг ичида энг муҳим аҳамият касб этадиганлари қаторида фикримизча қуйидагилар киради:

  • Таълим олиш учун оиладаги мавжуд шарт-шароитлар;
  • Таълим жараёнида ўқитиладиган адабиётларнинг савияси ва даражаси;
  • Бир синф ёки ўқув аудиториясида таҳсил оладиган ўқувчилар вужудга келадиган соғлом рақобатнинг шаклланиши ва мавжудлиги;
  • Таълим берадиган педагогларнинг илмий-педагогик савияси ва даражаси.

Юқорида келтириб ўтилган омилларга имкон қадар изоҳ беришга уриниб кўрамиз.

Бугунги кунда юртимизда истиқомат қиладиган, жамиятимизнинг негизи бўлмиш оилаларнинг 90 95 фоиз фарзандлари таълим олиши учун шароитлар мавжуд. Тўғри ҳамма оилада ҳам фарзандларини олий ўқув юртларида таҳсил олиши учун имконият йўқдир, лекин ўрта таълим Давлат томонидан мажбурий-бепул таъминланиб, қонун томондан кафолатланган. Бир қараганда бу омил бўйича муаммо йўқдек кўринади, лекин иккинчи томондан эса айнан ота-оналар фарзандини яхши кийиниб, ҳеч кимдан кам қилмаслик учун қилаётган хаддан ортиқ уринишлари ўз фарзандларига нисбатан эътиборсизлиги оқибатида назоратсиз қолдирилиши айнан масаланинг салбий таъсирини намоён қилади. Чунки назоратсиз қолган бола билиб-билмай, ҳаётий тажрибаси камлигидан нотўғри йўлларга кириб кетиши ёки тарбияси жуда оғир ҳолатларга келиб қолаётганини гувоҳи бўламиз.

Иккинчи омил, яъни мавжуд адабиётларнинг даражаси ва савияси бугунги давр талабидан келиб чиққан ҳолда давлат стандартларига тўла мос тарзда яратилган. Барча соҳа ва мутахассисликлар бўйича етарли адабиётлар топилади. Аммо, мавжуд адабиётларнинг савиясига тўхталадиган бўлсак, биргина ўрта таълим учун мўлжалланган айрим ижтимоий-гуманитар фанларнинг ўқув дарсликларига керак бўлса ҳар йили тузатиш ёки қўшимча киритилиши муаллифларнинг илмий савияси ва даражасини юқори эмаслигидан далолат беради. Қолаверса, дарсликларни чоп этиш учун давлат ҳисобидан ажратилаётган бюджет маблағларини бекорга сарфланишига ҳам олиб келяпти.

Учинчи омилга тўхталадиган бўлсак, соғлом рақобат бор жойда ўсиш ҳам бўлади. Давлатлар иқтисодиётини ўсишига ҳам айнан иқтисодий рақобатнинг мавжудлиги ҳисобига юзага келади. Худди шундай ҳолат таълим олиш жараёнида ҳам кузатилади. Бу омилга атрофлича изоҳ бермасдан уни қуйидаги тўртинчи омил билан боғлаб кетамиз.

Тўртинчи омил тўғрисида гапирадиган бўлсак, айнан таълим бераётган педагогларнинг даражаси ва савияси юқоридаги учинчи омилга, яъни бир синф ёки ўқув аудиториясида таҳсил олаётган ўқувчилар ўртасида соғлом рақобатни вужудга келиши ёки умуман пайдо бўлмаслигига олиб келади. Чунки ўқитувчиларнинг илмий даражаси юқори бўлгани билан ўзи ўтаётган фанига нисбатан ўқувчиларда қизиқишни уйғота олмаса, бу – ўқувчилар ичида соғлом рақобатни шаклланишига олиб келмайди. Бундан ташқари, бугун дунё аҳли эътироф этаётган, илм-фан янгиликлари орқали янгича кўринишдаги интерфаол усулдаги дарс ўтиш методларини ютуқларидан кўра камчиликлари кўзга яққол ташланиб қолмоқда. Бу эса ўқитувчиларнинг ёзув тахта (доска)ларидан фойдаланмай, видео-проектор ускуналари ёрдамида ўқув машғулотларини олиб борилиши натижасида таълим олувчи ва таълим берувчи ўртасида узилиш ва бўшлиқ вужудга келишига сабаб бўлмоқда. Лекин бу билан етарли даражада билим бера оладиган ўқитувчилар, шунга жавобан иқтидорли, билимга чанқоқ ўқувчиларни йўқ демоқчи эмасман. Бор, фақат умумий фоиз нуқтаи назаридан жуда ҳам паст кўрсаткични ташкил этади.

Шу ўринда устозларнинг даражаси ва савиясини юқори бўлишига тўсқинлик қилаётган объектив ва субъектив сабаблари ҳам йўқ эмас. Таълим муассасаларида меъёрий ҳужжатларнинг кўплиги қайсидир жиҳатдан устозларнинг ўз устида ишлаб, тажриба ва малакасини ошириш учун жуда кам вақт қолиши ёки умуман улгурмаслигига сабаб бўлмоқда. Баъзида эса асосий вазифа ва мажбурият қолиб, II даражали ишлар билан банд бўлишига тўғри келмоқда. Мақсадга мувофиқ бўлмаган турли кўринишдаги ишларнинг кўпайиб кетиши натижасида хақли бир савол туғилади: «Ўқитувчи ўқитувчилигини қилсинми ёки кераксиз ишларда иштирок этсинми...?»

Маълумки, дунёда ҳар бир давлатнинг ривожи ҳамда ҳар томонлама юксалиши учун мавжуд бўлган камчиликларни бартараф этиш, муаммоларни ечимини топиш орқали ҳал қилинади. Сиёсий муаммоларни ечими сифатида иқтисодиёт турса, иқтисодий муаммоларни ҳал қилиш учун хўжалик муаммоларига ечим топиш зарур бўлади. Хўжалик мауммоларни бартараф этиш учун технологик масалалар билан шуғулланиш зарур бўлади. Буни амалга ишириш учун эса кадрлар масаласини ҳал этиш лозим. Кадрлар масаласи эса, ўз навбатида таълим ва тарбия масалаларига алоҳида эътибор қаратишни тақозо этади.

Ўзбекистон 1991 йилда ўз мустақиллигини қўлга киритиб, бутун дунёга машҳур бўлган «Тараққиётнинг ўзбек модели» дея эътироф этилаётган, беш тамойилдан бири бўлган «Давлат бош ислоҳотчи» бўлган бўлса, бугун мустақил Ўзбекистон фарзанди 25 ёшдан ошди. Қачонгача биз Давлат мавжуд муаммоларга ўз эътиборини қаратади, деб кутиб яшаймиз, қчон ўзимиз шу муаммоларни ҳал қилиш учун ташаббус кўрсатамиз. Бу юрт тинчлигини, осойишталигини, халқини фаровон ҳаёт кечириши учун барчамиз бирдек масъулмиз. Буни ҳеч ким ҳеч қачон четдан келиб биз учун қилиб бермайди.

Мусаев Ҳасанжон