Туркиянинг Анталия провинцияси Караин ғорида олиб борилган археологик қазилмалар натижасида 350 минг йил илгари шу ўлкаларда яшаган йирик ҳайвон суяклари топилди. Бу ҳақида "Анадолу" агентлиги хабар берди

Караиндаги археологик қазилмалар раҳбари, Анқара университетининг археология профессори Хорун Тошқироннинг агентликка маълум қилишича, турк олимлари йил бошидан буён жуда қизиқ археологик топилмаларни аниқлашган. 

"Археологлар йирик сут эмизувчиларнинг скелети, қовурға ва тиш фрагментларини топишга муваффақ бўлишди. Олимлар қазилмалар тарихида биринчи марта йирик ҳайвоннинг сон суяги ва жағини топишди. Қолдиқлар ёши тахминан 350 минг йилни ташкил қилади. Археологлар томонидан айнан қайси ҳайвон қолдиқлари топилгани ҳозирча номаълум. Эҳтимол, бу фил, каркидон ёки гиппопотам суяклари фрагментларидир. Тез орада мутахассислар бу топилмаларни ўрганишга киришишади", - деди Тошқирон. 

Унинг сўзларига кўра, топилмалар Ўрта палеолитга бориб тақалади, улар кеч неандерталлар билан боғлиқ бўлиши мумкин. 

"Шу тариқа бу қадимги одамларнинг йирик жониворлар суякларини қайта ишлаганини тахмин қилиш имконини беради, бу қадимги цивилизация тадқиқотчилари учун жуда муҳимдир. Бугунга қадар мутахассислар Анатолийдаги неандерталлар ҳайвон суягидан меҳнат қуролларини ясашганини билишмаган. Караин ғори топилмалари туфайли бу ҳақида гапира бошлашди", - дейди археолог. 

Олим бу кашфиётнинг бутун илм аҳли учун муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади. 

Караин ғори денгиз сатҳидан 450 метр баландликда (Анталия шимоли-ғарбидан 30 километр масофада) жойлашган.