Дунёда энг йирик тез хизмат кўрсатиш ресторанлари тармоғи McDonald’s Corp. 2022 йилгача Хитойдаги ресторанлари сонини 2 марта кўпайтирмоқчи.

Жорий йилда аввалроқ АҚШ компанияси Хитой ва Ҳонгконгдаги бизнесининг катта улушини CITIC ва Carlyle компанияларига тахминан 2,1 млрд долларга сотишга келишганди. Компания янги ҳамкорлик доирасида Хитой ва Ҳонгконгдаги ресторанлари сонини кейинги 5 йил ичида 1,5 мингтага кўпайтиришни режалаштирганди.  

Бироқ янги ҳамкорлик дунёдаги 2-рақамли иқтисодиёт бозорида ўз маблағининг катта қисмини қўлламасдан улушини кенгайтиришга имкон беришини мўлжаллаётган McDonald’s 2022 йилгача Хитойдаги ресторанлари сонини ҳозирги 2,5 мингтадан 4,5 мингтагача кўпайтиришини эълон қилди.

Компания бу давр ичида Хитойда савдоларнинг икки рақамли йиллик ўсишига  эришмоқчи ва 2022 йилгача йилига 500 та ресторандан очмоқчи. Компания жорий йилда 250 та янги ресторан очишга муваффақ бўлди.

"Хитой яқинда компаниянинг АҚШдан ташқаридаги энг катта бозорига айланади", деб айтган McDonald’s раҳбари Стив Истербрук.

Ўтган ҳафтада регуляторлар томондан маъқулланган келишув доирасида CITIC McDonald’s’нинг Хитой ва Ҳонгконгдаги бизнесининг 52 фоизини, Carlyle эса 28 фоизини олади.