Ўтиб бораётган ҳафта давомида АҚШ Шимолий Кореяга нисбатан босимни кучайтириб бораётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Гўёки катта уруш олдидан иттифоқчилари билан келишиб олаётган мамлакат сингари ASEAN йиғилишида иштирок этган Давлат котиби Рекс Тиллерсон минтақадаги давлатларни Пхеньянга қарши туришга чақирмоқда.

Шунингдек, шимолликлар ҳукумати ҳам қўл қовуштириб тургани йўқ: КХДР навбатдаги кичик ўлчамли ядровий жанговар каллакларни яратди, Гуам оролини «Хвасон-12» ракеталари билан «йўқ қилиб ташлаш» ташаббуси билан чиқди. Кузатилаётган зиддиятлар ҳақиқатан уруш билан тугайдими ёки бу навбатдаги пўписалар кетма-кетлигими?

Ўтган йили Шимолий Корея ҳарбийлари икки марта ядро қуролини синовдан ўтказиши, унга нисбатан чет эл санкциялари кучайишига олиб келган эди. Эндиликда эса бу ҳаракатлар арзирли натижа кўрсата олмади шекилли, июль ойининг ўзида Шимолий Корея икки марта қитъалараро учувчи баллистик ракеталарни кўз-кўз қилиб ўтди. Инқироз ёқасида турган ҳар иккала мамлакатни ҳам кутилмаган қарорлар қабул қилиши билан ажралиб турувчи, бир сўз билан ҳаракатларининг олдини кўриш мумкин бўлмаган раҳбарлар бошқарсада, халқаро кузатувчилар уруш бўлиши эҳтимолдан йироқ эканини таъкидламоқда.

Associated Press'нинг Пхеньяндаги бюроси собиқ раҳбари, Уильсон маркази ходими Жан Ли шундай дейди:

«Икки давлат ўртасида қуролли тўқнашувнинг келиб чиқиши ҳақиқатга мос келмайди, чунки уларнинг ўзи жанжалнинг охири уруш билан тугашини хоҳламайди. Гап шундаки, Шимолий Корея ядро қуролига эга давлатлардан бири сифатида халқаро ҳамжамият эътирофига сазовор бўлишни, АҚШ томонидан унинг мақоми тан олинишини истайди. Шунингдек, мамлакат қимматли ресурсларини сарфлаб яратилган қуроллар кореяликларни ташқи душман хавфидан ҳимоя эта олганини исботлаши лозим. Шундагина халқнинг жипслашиши ва якдиллиги кучаяди, ғоявий бирлик сақлаб қолинади».

«Аммо бир вазият мени ташвишга солади, бу ҳам бўлса, Шимолий Кореянинг қўшни мамлакатлар билан совуқ муносабатидир. 2010 йил юз берган қарама-қаршиликлар оқибатида Жанубий Корея фуқаролари ҳалок бўлган эди. Япония ҳудудида жойлашган денгиз чегарасида баллистик ракетадан фойдаланиш сўнгида японларнинг амалий ҳаракатларни бажаришга мажбур қилиши мумкин», - дейди у.

NK news агентлиги раҳбари, Сеулдаги Кунмин Университети профессори Андрей Ланков ҳам бу фикрларни қўллаб қувватлаб, шундай деган: «Ҳарбий риторика тезкор ОАВ хабарларида ёрқин бўёқлар билан ёритилмоқда, аммо амалий ҳаракатлар кам. Агар расмий Пхеньян Оқ уй вакилларининг жиғига тегадиган қўпол гапларни тарқатса, президент Трампдан Корея яримороли чегарасига қирувчиларнинг авиа зарба беришига мослаштирилган сув кемасини олиб бориб қўйишини кутиш мумкин. Шимолий Корея қитъалараро баллистик ракеталарнинг синовини муваффақиятли якунлаб, АҚШ ҳудудига Осиёдан туриб зарба бериш имконига эга бўлганда, ядро қуроли дастурини музлатиб қўйиш бўйича музокараларни бошлаб юбориши тайин».

«Шимолий Корея масаласида бир нечта тўсиқлар мавжуд, масалан, БМТ ХК томонидан киритилган санкциялар самарали натижа бермади. Ҳеч қайси давлат шарқий Осиё қирғоқларида уруш бошлаш учун тайёр ҳам эмас. Демак, янграётган гаплар қуруқ пўписа бўлиб қолмоқда, дейиш мумкин. Шунга қарамай АҚШ фуқароларининг 62 фоизи Шимолий Кореяни ўзларининг энг катта ташқи хавфи, деб билади. Агар президент Трамп ҳарбий ҳужумдан гап очса, демак бажариши лозим. Акс ҳолда унинг сиёсий мавқейи мамлакат ичида ҳам тушиб боради», - баллистик ракеталарни синовдан ўтказиш бўйича мутахассис Андрю Онил.