Таълим соҳаси давлатимиз иқтисодиётида, унинг келажагида муҳим аҳамият касб этади. Бу йўналишга ҳар йили бюджетдан катта маблағ ажратилади. Бу маблағлар билимли абитуриентларни танлаб, уларни етук кадр чиқаришга мўлжалланган. Билимли абитуриентларни танлашда бакалавр йўналишида тест синовлари ташкил этилган. Бу йилдан бошлаб тест синовларини шаффоф, адолатли ўтиши учун салмоқли ишлар олиб борилди.  Kun.uz таҳририятига бир гуруҳ абитуриентлар томонидан йўлланган мурожаатда эса имтиҳонлар вақтида адолат ва шаффофлик мезонлари бузилгани тилга олинади. Қуйида мазкур мактуб ўзгартиришларсиз ҳавола этилмоқда.

“Ҳурматли Kun.uz сайти ходимлари! Сизларнинг жамиятимиз ҳаётидаги муҳим хабарлар, кузатилаётган муаммо ва камчиликларни оммага маълум қилиш орқали мутасадди ташкилотларнинг жавобгарлигини, эътиборини қаратаётганлигингизни сайтда эълон қилинаётган мақолалардан кузатиб келмоқдамиз.

Таълим соҳаси давлатимиз иқтисодиётида, унинг келажагида муҳим аҳамият касб этади. Бу йўналишга ҳар йили бюджетдан катта маблағ ажратилади. Бу маблағлар билимли абитуриентларни танлаб, уларни етук кадр чиқаришга мўлжалланган. Билимли абитуриентларни танлашда бакалавр йўналишида тест синовлари ташкил этилган. Бу йилдан бошлаб тест синовларини шаффоф, адолатли ўтиши учун салмоқли ишлар олиб борилди. 

Лекин магистратура босқичига қабул қилишда ёзма ва оғзаки имтиҳонлар қўлланиб келинмоқда.

Биз Тошкент ахборот технологиялари университетига магистратура босқичига қабул жараёни ва имтиҳонлардаги ҳаққонийлик ва шаффофликни кўра олмаётганлигимиз учун Сизга ушбу хатни жўнатмоқдамиз. Бундай фикрга келишимизга қуйидагилар сабаб бўлмоқда:

1. Имтиҳон топшириш учун аудиторияларга тақсимлаш, имтиҳонлар жавоблари таълим йўналишлари бўйича эмас, умумий тартибда шакллантирилган. Яъни «Компьютер инжиниринги», «Телекоммуникация инжиниринги», «Дастурий инжиниринги» ва бошқа йўналишларга топшираётган абитуриентлар аралаштирилиб гуруҳларга ажратилган. Бунда уларнинг қайсиниси қайси йўналишга топшираётганлигини билиш қийин. Бу жамоатчилик назоратини ўрнатишга ҳалақит беради.

2. Биринчи имтиҳон жараёнида ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари иштирок этганди. Натижалар ҳам адолатли чиққанди. Кейинги имтиҳонларда бу ходимлар иштирок этмаяпти.

3. Имтиҳон жараёнига айрим абитуриентларга шпаргалга, телефон, ҳаттоки бутун бошли сумка олиб киришлари учун имконият яратилган. Уларга ҳеч ким қаршилик қилмаяпти.

4. Айрим абитуриентлар кузатувчи томонидан аудиториядан шпаргалка, телефон фойдаланганлиги учун чиқариб юборилганида ТАТУ қабул комиссиясида ишловчи ходим (Шакаров) томонидан аудиторияга қайтадан олиб кирилди. Аудиториядаги абитуриентлар бу абитуриент қайси йўналишдалигини билмаганлиги учун эътироз билдиришни, уларнинг кўзига ёмон кўринишни ўзига маъқул кўрмайди.

5. Қабул комиссияси аъзолари имтиҳон вақтида аудиторияга киришини, имтиҳон олаётганлар билан нималарнидир гаплашишини бир неча маротаба кузатдик.

6. Биринчи бўлиб ўтган мутахассислик фанлари бўйича имтиҳонларга 100 балл ажратилган бўлиб, саралаш бали 55 фоиздан кам бўлмаслиги низомда кўрсатилиб қўйилган. Лекин биринчи имтиҳон якунига 56 баллдан кам балл тўплаган абитуриентлар апелляция топширишлари мумкин. Апелляция жараёнида холисона баҳо қўйилганлигига шубҳамиз бор. Чунки айрим талабаларга аппеляцияга кирган абитуриентга фақат қўйган балини исботлаб (абитуриентни эшитмасдан) чиқариб юборилган бўлса, айрим жуда паст балл олганлар кейинги имтиҳонга ўтказилган. Бу кейинги имтиҳонга ўтказилган талабалар иккинчи имтиҳонда кўпчилик абитуриентларга нисбатан юқори балл олганлиги бизни бу абитуриентларга кимдир ёрдам қўлини чўзаяпти, деган шубҳага боришимизга мажбур қиляпти. Буни абитуриентлар томонидан тўпланган балларни таҳлил қилсангиз тушуниб етасиз.

7. Айрим абитуриентлар билан суҳбатлашганимизда имтиҳон ўтказилган куни кечқурун чақириб олиниб, такроран ёздираётганлигини эшитдик. Албатта, бу бировларнинг гапи, буни исботлаш учун университет ҳудудига ўрнатилган камералар ёрдамида аниқлаш мумкин.

Магистратура босқичига битурувчилар ичидан энг билимлилари, илмий салоҳиятли талабалар қабул қилиниши жуда муҳим. Чунки улар 2 йилдан сўнг ассистент ўқитувчи лавозимига ёки соҳада етакчи мутахассислар сифатида ишга қабул қилинади. Билимсиз абитуриентларни қабул қилишдан давлатимизга қанчалик зарар келтиришини ўзингиз яхши биласиз.

Биз имтиҳонлар адолатли ва шаффоф ўтиши учун таклифимиз:

- Кейинги имтиҳон жараёнларида Kun.uz ходимлари иштирок этиш;
- аппеляция топшириш орқали баллари оширилган талабаларнинг шу баллга муносиблигини мустақил комиссия томонидан текшириб кўриш;
- имтиҳон натижаларини йўналишлар бўйича чиқариш;
- барча имтиҳонларнинг ўтиш жараёнида ва ишларни баҳолаш жараёнида ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари ходимлари иштирок этишини таъминлаш;
- ёзганларимиз кўз билан кўрганмиз, лекин ёзиб олиш учун ёнимизда телефон бўлмаган, шу сабабли университет биносининг ташқи ва ички томонига ўрнатилган камераларни текшириш (университет ректори 1 август синовлари олдидан тест синовлари шаффофлигини таъминлаш мақсадида ҳар бир аудиторияга камера ўрнатилишини телевидение орқали маълум қилганди).

«Устоз — улуғ зот, уни отангдек улуғла», деб халқимиз бекорга айтмаган. Бу хатни ёзишдан олдин минг марта истиҳола қилдик, лекин кўз олдимизда адолатсиз ҳаракатлар бўлаётганлиги учун шундай қарорга келдик. Чунки улар бизни ўқитган, ўқишга кирсак яна ўқитади, кўз кўзга тушади. Биз кейинги имтиҳонларда ўзимизга муаммо орттирмаслик учун исм, шарфимизни кўрсатилишини ҳоҳламадик”.

Бир гуруҳ абитуриентлар