14 август куни халқ депутатлари Қумқўрғон туман Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Унда асосий эътибор халқ билан мулоқот қилиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш, туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари таҳлилига қаратилиб, ташкилий масала кўриб чиқилди. Бу ҳақда Сурхондарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов Facebook’даги ўз саҳифасида маълум қилган.

“Туманда фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш аҳволи қониқарли эмаслиги, инсонларни қийнаётган муаммо ва масалалар ечимини топишга панжа ортидан қаралгани, аҳоли бандлигини таъминлаш, уюшмаган ёшлар билан ишлаш борасидаги камчиликлар, сув муаммоси, кўп қаватли уй-жойларни таъмирлаш, коммуникация тармоқларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш ишлари яхши йўлга қўйилмагани, ушбу масъулиятли ва долзарб масалаларга туман ҳокими Шаҳриддин Сувонов беэътибор қараб, ишларни тизимли ташкил эта олмагани, бир сўз билан айтганда, халқнинг ишончини оқламагани боис эгаллаб турган лавозимидан озод этилди”, дейилади маълумотда. 

Қумқўрғон тумани фаоллари, кенг жамоатчилик, сиёсий партиялар вакилларининг таклиф ва мулоҳазалари инобатга олиниб, сессияда Нормўмин Омонович Чориев Қумқўрғон тумани ҳокими лавозимига тайинланган.