Президент кўрсатмаси билан айни кунда пойтахтда “Замонавий маҳалла”ларни бунёд этиш қизғин паллада. Айтиш керакки, замонавий маҳалла лойиҳасида маҳалла гузари ва унга ёндош маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари қад ростлаши керак. Аммо Президент кўрсатмасини ижро этишда шошма-шошарлик, қарорни ижро этиш баҳонасида манфаат кўришни кўзлаганлар ҳам учраб турибди. Навбатдаги мурожаат ҳам айни шу мавзуда. 

Тошкент шаҳри Учтепа тумани “Оқ масжид” маҳалласи 3-тор чевар кўчаси аҳолиси бугун мазкур замонавий маҳалла лойиҳасини ижро этувчи мутасаддилардан рози эмас. Биз вазиятга холис баҳо бериш учун улар билан учрашдик.

Уларнинг айтишича, ушбу маҳалла гузарини қураётган тадбиркорга ер майдони ажратилаётган экан. Лекин маҳалла гузарининг ўзи умуман бошқа жойда қурилмоқда. Бу ерни эса тадбиркор ўзи учун олаётгани айтилди. 

Маҳалла аҳолисининг сўзларига кўра, маҳалла раиси “Мен Президентнинг қарори бўйича гузар қуришим керак, шу ишимни битириб берса бўлди, мени бошқа нарса қизиқтирмайди” қабилида бу борадаги мурожаатга жавоб қайтарган. Ер ҳудуди эса маҳалланинг жойи бўлиб, илгари бу ерда боғ бўлган экан. 

“Бир пайтлар маҳаллага милиция пункти қуриш керак дейилганида, биз рози бўлиб, шу ерга қура қолсин милиция пунктини, деганмиз. Аввалги раис шуни қурган. Энди бу пунктни гузарга кўчирамиз ва шу ерни тадбиркорга берамиз, дейишаяпти. Тадбиркор сартарошхона, бошқа нарсалар қураман, деган. Лекин у ўз оғзи билан менга у нарса керак эмас, бу ерда участка қураман, деяпти. Бу масалани туман ҳокимига айтганмиз. У “мен бу нарсага аралашмайман” деган, сабаби ҳокимнинг ўзи шу маҳалладан чиққан. “Мен аралаша олмайман, сизлар ҳам маҳалладошимсизлар, у ҳам, ҳал қилинглар”, деб ўринбосарига бу борада топшириқ берган. Бироқ ўринбосар ҳам, Учтепа маҳаллалар жамғармасининг раиси ҳам, бу ердаги маҳалла раиси ҳам муаммони ҳал қилмаяпти. Мақсад – шу ерни олиш. Бошқа ҳеч нарса уларни қизиқтирмаяпти. Биз Президент порталига ёздик, аммо ҳалигача жавоби йўқ”, - дейди маҳаллада истиқомат қилувчи фуқаролардан бири.

Фуқароларнинг айтишича, ушбу ер ҳудуди атрофида 8 та хонадон бўлиб, уларда 17 оила, 60 киши яшайди.  

Маҳалла оқсоқоли шу маҳалла аҳолиси ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи, маҳалла аҳлига хизмат қилувчи халқнинг ишонган вакилидир. Тадбиркорнинг маҳалла гузарига ажратилган ер майдонига уй-жой қуриш даъвоси нечоғлик ҳақиқат эканлигини аниқлаш, мазкур муаммога ойдинлик киритиш учун “Оқ масжид” маҳалла фуқаролар йиғини раисига микрофон тутдик. 

Унинг сўзларига кўра, “бу ерга тегишли давлат идоралари ходимларининг ўзи келиб қозиқларни қоқиб берган”. Архитекторнинг хулосаси, барчаси тадбиркорнинг қўлида экани айтилди.

“Сешанба куни кадастр ҳужжатларини олади. Қолган барча ҳужжатларни унга ҳокимият берган. Аҳоли норозилиги билан боғлиқ барча нарсани ҳокимликка етказганмиз. Тўхтатиб қўйишган. Фуқаролар порталга мурожаат қилишган. Кутинглар, дейилган. Шунинг учун тўкилган тошларнинг ҳам барчасини қайтариб олиб кетмоқчи эди, қўшимча яна тош тўкиб қўйди. Шунга бу иш тўхтади. У ер тўхтаганга тадбиркор энди бу ерни ҳам қилмоқчи эмас. Қачонки, у жойдаги еримни ҳокимият ўраб берса, шунда бу жойни ҳам давом эттираман, деяпти”, - дейди маҳалла раиси.

Бизни ҳайратга тушганимиз - маҳалла раисининг ишидан маҳалла аҳли норози. Нега унда маҳалла оқсоқоли қилиб сайланган. Суҳбат сўнгида маҳалла раиси биздан яна микрофон тутишимизни сўради. 

“Бир фуқаро ўзининг манфаатини кўзлаб шу ерга уй қурмоқчи бўлгани учун бошидан бизга қаршилик кўрсатди. Бу одамни уй қуриш бўйича ҳар қаерга қилган мурожаатига жавоб келиб, уй қуриш мумкин эмаслигидан кейин бу одам четга ўтди. Ҳозир фуқароларнинг биздан талаб қилаётган нарсаси – у ерда қурилаётган нарса сабаб уйлар тўсилиб қолаётгани, ҳаво кирмаслиги билан боғлиқ. Лекин бошида буларнинг қаторида турган фуқаронинг дарди – биринчи бўлиб ўша ерга уй қурмоқчи бўлганидир”, - деди раис.

Раиснинг сўзларига кўра, ҳоким берган қарорга биноан ушбу ерда ҳеч қандай уй-жой қуриш мумкин эмас экан.

Маҳалла раиси ва маҳалла аҳолиси ўртасидаги жанжал кескин тус олиш арафасида. Аммо масаланинг ечими йўқ. Бу борада Учтепа тумани ҳокимлигидан изоҳ кутиб қоламиз.