«Тараққиёт стратегияси» маркази Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан ҳамкорликда ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, сиёсий партиялар, Ўзбекистон Экологик ҳаракати иштирокида «Ўзбекистон Республикаси Парламент модели» лойиҳасини эълон қилади.

«Ўзбекистон Республикаси Парламент модели»ни ўтказишдан асосий мақсад – ёшларнинг сиёсий тафаккури ва баҳс маданиятини ошириш, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси биносида ўтказиладиган муҳокамалар ва қонун қабул қилиш жараёнларида ҳамда партиялар ўртасида бўладиган мажлис ва тортишувларда йигит-қизларнинг бевосита иштирокини таъминлаш, уларнинг таклифларини ўрганиш ҳамда депутатлар билан мулоқот ўрнатишдан иборат.

Лойиҳада Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси симуляцияси ташкил этилиб, унда иштирокчилар фракцияларга бўлинган ҳолда қонун лойиҳаларини ўрганиб, ўзаро муҳокама қиладилар. Симуляция давомида қатнашчилар фракция мақсади, манфаати ва принципларидан келиб чиқиб, парламентда ўз позицияларини билдирадилар.

Лойиҳада юртимизнинг 18 ёшдан 27 ёшгача бўлган иқтидорли ёшлари иштирок этишлари мумкин. Саралаш босқичидан муваффақиятли ўтган 150 нафар ёшлар «Ўзбекистон Республикаси Парламент модели»да иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритадилар.

Симуляция дастури уч кунга мўлжалланган бўлиб, унинг доирасида иштирокчилар учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, сиёсий партия вакиллари ва экспертлар иштирокида махсус ўқув семинарлари, дебатлар ва учрашувлар ташкил этилади.

Қайд этиш жоизки, «Ўзбекистон Республикаси Парламент модели» Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда сиёсий партиялар Марказий Кенгашлари биноларида ўтказилиб, унда қатнашчилар ҳақиқий қонун лойиҳасини муҳокама қиладилар ва ўз таклифларини билдирадилар. Шундан сўнг, ҳужжат лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг келгусидаги сессиясида кўриб чиқилади ва симуляция давомида иштирокчиларнинг асослантирилган таклифлар ва ўзгартишлари инобатга олинади. 

«Ўзбекистон Республикаси Парламент модели»да иштирок этиш истагида бўлган талабалар http://yp.strategy.uz сайти орқали рўйхатдан ўтишлари ва батафсил маълумотга эга бўлишлари мумкин. Аризалар 2017 йилнинг 10 сентябрига қадар қабул қилинади ва саралаш босқичи натижалари 20 сентябрь куни эълон қилинади.

Тадбирнинг ўтказилиш вақти ва жойи:

2017 йил, октябрь, Тошкент шаҳри.

Маълумот учун телефонлар: (+998-71) 239-01-91, 239-01-95