Amazon интернет-ритейлерининг капиталлашуви АҚШ президенти Дональд Трамп уни “ритейлерга етказаётган зиёни учун” танқид қилгандан кейин икки соат ичида 5,7 млрд долларга камайиб кетди. Бу ҳақда Independent нашри хабар бермоқда.  

Трамп “Amazon солиқ тўловчи ритейлерларга катта зиён етказади. АҚШ шаҳарлари ва штатлари бундан азият чекади, кўплаб иш ўринлари йўқотилади!” деб ёзган. Аввалроқ ҳам Трамп Жефф Безосга тегишли Amazon ва Washington Post нашрини танқид қилганди.

2015 йил декабрда Трамп Безосни Amazon’га солинадиган солиқ юкини камайтиришда Washington Post’дан фойдаланишда айблаганди. Трамп твиттердаги аккаунтини турли компанияларга ҳужум қилишда қўллаб келади. Бу эса кўпинча ушбу компаниялар капиталлашувининг камайишига олиб келган.

Кўплаб иқтисодиётчиларнинг фикрича, Amazon ҳақиқатан ҳам чакана савдога вайронкор таъсир кўрсатади, чунки интернет-гигант дўконлар ижараси ва сотувчиларга маошлар учун маблағлар сарфламайди. Бундан ташқари, Amazon аввал кўплаб штатлардаги савдосидан солиқ тўламаган, чунки уларнинг ҳудудида омбор ва дўқонларига эга бўлмаган. Бироқ айни вақтда компаниянинг ўсиши унинг 50 та штатдан 45 тасида солиқ тўлашига олиб келган. 

2017 йил январда Трамп Toyota компаниясига Мексикада завод қурмоқчилиги учун бож тўловлари солиш билан таҳдид қилгандан кейин япон компаниясининг акциялари бир неча дақиқа ичида арзонлашиб кетганди. Трампнинг бу твити автогигантга 1,2 млрд долларга айланган.

Ҳали президент лавозимига киришмаган Трамп 2016 йил декабрда F-35 қирувчи самолётини яратиш дастури жуда қимматлигини айтиб, АҚШнинг энг йирик мудофаа компанияси Lockheed Martinֹ’нинг капиталашувини 3,5 млрд долларга камайтириб юборганди.