Барак Обама АҚШ президенти лавозимини тарк этганига бир неча ой бўлганига қарамай, бутун дунё журналистлари ва шунчаки оддий фолловерлар унинг ҳаётини кузатишда давом этишмоқда. Собиқ президент ҳам ўз микроблогини юритишда фаол. Унинг 13 август кунидаги пости Twitter тарихида "лайклар" сони бўйича рекорд даражани қайд этди. "Life" нима учун твит миллионлар меҳрини қозонгани ва яна кимларнинг пости тарихга киргани хусусида маълум қилади.

Барак Обама ва 4,2 миллион "лайк"

Обама деразадан қараб турган болаларга кулиб турган таъсирли сурат сўзсиз миллионлаб кишилар қалбини забт этди. Бутун дунё бўйлаб урушлар, миллий маршлар ва ирқчилик авж олган бир пайтда бу пост жуда кучли аҳамият касб этади, зеро унда дунёда шу қадар адолатсизликлар борлигини тасаввур ҳам қила олмайдиган турли ирқдаги болалар тасвирланган. "Ҳеч ким инсоннинг тери ранги, унинг ўтмиши ёки дини сабаб унга нафрат билан туғилмайди", - деб ёзади Американинг собиқ президенти.

Ариана Гранде ва Манчестердаги теракт

Тарихдаги иккинчи энг машҳур твит яна бир фожиага бағишланган. Ариана Гранденинг портлаш қайд этилган Манчестердаги концертидан кейин қўшиқчи қуйидаги мазмунда твит қолдирди: "Вайрон бўлдим. Қалбимнинг туб-тубидан ўз таъзиямни изҳор қиламан. Тил ожиз". Эслатиб ўтамиз, концерт вақтида содир этилган терактда 22 киши ҳалок бўлган.

Эллен Деженерес ва юлдузлар

Ушбу твит муаллифи — америкалик машҳур актриса ва телебошловчи Эллен Деженерес бекорга унинг остида "Дунёдаги энг зўр расм" деб изоҳ қолдирмаган. Дарҳақиқат, ҳар қандай суратда ҳам бу қадар кўп юлдузларни учратавермайсиз: Мерил Стрип, Жулия Робертс, Брэд Питт, Брэдли Купер, Анжелина Жоли, Жаред Лето, Кевин Спейси, Женнифер Лоуренс, Ченнинг Татум ва Люпита Нионго. Аслида Эллен фақат Мерил Стрип билан суратга тушмоқчи бўлган, бироқ кутилмаганда "Оскар-2014" маросимининг бошқа меҳмонлари югуриб келишган ва бу энг яхши селфи сифатида эътироф этилган. "Брэдли Купернинг қўллари узунроқ бўлганида эди", - дея афсусланади телебошловчи.

Барак Обама ва хайрлашув твити

Эҳтимол, Барак Обаманинг Twitter'и муваффақияти сири унинг расмий АҚШ президенти аккаунтидан ёзганидадир (Дональд Трамп ўзининг шахсий аккаунтидан ёзади). Обама АҚШ президенти сифатидаги ваколатларини тарк этаётиб, қуйидагича твит қолдирган: "Ҳаммаси учун раҳмат. Менинг сўнгги илтимосим биринчиси каби бўлади. Шунга ишонишингизни истардимки, дунёни ўзгартириш менинг эмас, сизнинг қўлингизда".

Хиллари Клинтон ва қизчалар

Ҳиллари Клинтон ўзининг сайлов олди кампаниясида аёллар ҳуқуқи ҳимоясига урғу берган. Ўшанда уни кўп феминистлар қўллаб-қувватлашганди. "Барча қизчаларга бағишланади... ҳеч қачон ўз кучингиз ва қадр-қимматингизга шубҳа қилманг, сиз бу дунёда инъом этилаётган ҳар бир имкониятга лойиқсиз", - деб ёзган ўшанда Клинтон. Бундай кучли сўзлар Twitter фойдаланувчиларининг 1,2 миллиони томонидан баҳоланган.

Мишель Обама бошқа биринчи хоним эмас

Барак Обаманинг президентлик лавозимидан кетиши ижтимоий тармоқларда жуда фаол муҳокама қилинди,  собиқ президентнинг турмуш ўртоғи ҳам четда қолмади, албатта. Эр-хотиннинг Оқ уйда тушган сурати 1,1 миллион "лайк"ка эга бўлди. "Биринчи хоним бўлиш ҳаётнинг менга берган энг асосий шарафи бўлди. Чин дилдан  - раҳмат. МО (Мишель Обама)", - деб ёзган у давлат ва оила тарихидаги бутун бир давр интиҳосида.

Жоан Роулинг ва "Гарри Поттер"нинг 20 йиллиги

Нафақат сиёсатчилар, балки ёзувчи Жоан Роулинг ҳам миллионлаб ўқувчиларнинг меҳр-муҳаббатини қозонган. У ўзининг афсонавий сагасининг 20 йиллиги муносабати билан қуйидагича твит қолдирган: "20 йил аввал мен бир ўзим яшаган олам кутилмаганда ҳамма учун очилди. Бу мўъжиза эди. Ҳаммага раҳмат". Миллиондан зиёд миннатдор фойдаланувчи севимли ёзувчининг твитига "лайк" билан жавоб берди.

Луи Томлинсон ва Ҳарри Стайлз

One Direction гуруҳининг мухлислари сонининг нақадар кўплигини тасаввур қилиш қийин. Гуруҳ иштирокчиларидан бири иккинчисига "дўстона меҳр-муҳаббати"ни изҳор қилган твит миллион "лайк" йиғишга муваффақ бўлган. Ўзини гуруҳнинг тўртдан бир қисми деб атовчи Луи Томлинсон Twitter саҳифасида ушбу ёзувларни қолдиради: "Ҳарри Стайлз - доим менинг қалбимда. Самимият билан Луи".

Картер Уилкерсон ва бепул наггетслар

Ҳеч қандай сиёсат, мусиқа ва янгилик ҳам эмас, шунчаки оддий Twitter фойдаланувчиси Картер Уилкерсон Wendy's наггетсларининг йиллик захирасини бепул қўлга киритишга қарор қилади. Бунинг учун у компаниянинг расмий аккаунтига биргина савол билан мурожаат қилади: "Бир йилга етадиган бепул наггетсларга эга бўлиш учун қанча ретвит керак?". Wendy's қисқагина қилиб жавоб берди: "18 миллион" ва бу репостлар йиғишга старт беради. У орзусига эришмаган бўлса-да, Twitter тарихидаги энг кўп ретвитланган твит эгаси сифатида қолди.

Берни Сандерс ва Трампга қарши намойишлар

Энг машҳур топ-10 твитларини яна бир сиёсий мавзу якунлайди. Америкалик сенатор Берни Сандерс ўзининг Twitter саҳифасида 2017 йилнинг январь ойида Дональд Трампнинг АҚШ президенти сифатида тасдиқланишига қарши норозилик намойишлари суратини жойлаган. У қуйидаги ёзувларни қолдирган: "Президент Трамп, сиз катта хатога йўл қўйдингиз. Бизни ирқ, дин, жинс ва миллатимизга қараб ажратишга уриниб, янада аҳил ва иноқ бўлишимизга сабабчи бўлмоқдасиз".