«Челси» жамоаси бош мураббийи Антонио Конте АПЛнинг иккинчи турида «Тоттенҳэм»га қарши кечадиган учрашув олдидан матбуот анжуманига қатнашди.

20 август куни «шпорлар» «Челси»ни қабул қилади, бу жамоалар ўртасидаги Лондон дербиси Тошкент вақти билан соат 20.00да бошланади.

«Биз ўйинга жиддий ёндашишимиз зарур. Ғалаба учун бор имконни ишга соламиз, кейин ўзимизни оқлашга мажбур бўлмаслигимиз керак», деган «Челси» мураббийи.

1-турда амалдаги чемпион бўлмиш «Челси» «Бёрнли»га ютқазганди (2:3), ўйин бош ҳаками лондонликлар клубининг икки футболчисига – Фабрегас ва Гари Кэйхиллга қизил карточка кўрсатганди. Энди бу футболчилар дербида жамоага ёрдам бера олмайди.

«Челси»дек катта клуб воқеаларнинг ҳар қандай ривожига тайёр бўлиши керак. Албатта бу осон эмас, аммо кучли бўлиб қолишимиз, вазиятни изга солишимиз керак. Машғулотларда 150 фоизлик куч билан ишлаймиз.

Фанатларимизга айтадиган гапим – биз муваффақиятли мавсум ўтказишни истаймиз ва бунинг учун барчасини қиламиз», – деган Антонио Конте.

Бу ёзда жамоага франциялик Тьемуэ Бакайоко келиб қўшилди. Унинг трансфери учун «кўклар» жамоаси «Монако»га 40 млн евро тўлади. У «Тоттенҳэм»га қарши ўйнаши имкониятлари бўйича саволга мураббий шундай жавоб қайтарган:

«У формасини тиклашда давом этмоқда. Мен буни ҳисобга олганман. Бакайоко ўйнаши ҳам мумкин. Менда танлов кўп эмас. Жамоага футболчилар етишмаяпти. Шу туфайли қўл остимдаги таркибдан келиб чиқиб, ўйинга тайёрланаман.

Мен рақибни енгишим керак. Бакайокога зарурат бўлса, албатта у майдонга тушади», – дея италиялик мураббий сўзларини келтирган клуб расмий сайти.