Яқинда Яманда авж олган даҳшатли вабо эпидемияси Саудия Арабистонининг минтақада вазиятни издан чиқаришга қаратилган ҳарбий сиёсати оқибатидир. Lancet журналида мақола чоп этган шифокорлар гуруҳи шундай фикрда.

"Саудия Арабистони етакчилигидаги коалициянинг авиазарбалари шифохоналар ва сув таъминоти тизимларини вайрон қилди. Шу билан одамларни санитарияга зид ҳолатларда турмуш кечиришларига мажбур қилди. Коалициянинг Яман инфратузилмаларини вайрон қилишдаги ўрнини эътиборга олинса, ЮНИСЕФнинг Саудия Арабистони "сахий"лигини эътироф этгани ажабланарлидир. Ар Риёд вабога қарши кураш учун 67 млн доллар маблағ ажратган эди", — деган Лондондаги Қиролича Мария Университети ходими Jonathan Kennedy. 

Шу йилнинг июнь ойида ЖССТ вакиллари Яманда кенг қамровли вабо эпидемияси бошлангани ҳақида бонг урган эди. Унга кўра, жорий ҳисоб-китобларга биноан мамлакатнинг 500 мингга яқин аҳолиси касаллик тарқалган ҳудудда яшамоқда. Олимларнинг қайд этишича, вабонинг бу каби кенг тарқалиши сўнгги йилларда ҳеч кузатилмаган. 

Кеннеди ва унинг ҳамкасбларининг ёзишича, бу иллатнинг пайдо бўлиши ва тарқалишида бевосита бош айбдор Саудия Арабистони ва коалициядаги ҳамкорлари бўлса, АҚШ ва Буюк Британия билвосита айбдорлардир. Чунки, айнан сўнгги икки давлат саноат компаниялари араб армияларини қурол-яроғлар билан таъминлаётган бўлса, ҳукуматлари логистика ва разведка томондан қўллаб-қувватламоқда. 

Олимлар Ямандаги турли минтақаларидаги вабо қурбонлари сонини ҳисоблаб, ҳукумат ва исёнчи ҳусийлар назоратидаги ҳудудларда вабодан неча киши ўлганини таққослаб шундай хулосага келишган. 

Унга кўра, беморларнинг 77 фоизи исёнчилар назоратидаги ҳудудларда истиқомат қилади. Вабодан ўлганларнинг 80 фоизга яқини айни шу ҳудудларга тўғри келади. Умуман, ҳусийлар назоратидаги минтақалардаги яманликлар 1,8 марта кўпроқ вабога чалинмоқда ва 1,5 марта кўпроқ шу касаллик қурбонига айланмоқда. 

"Саудия Арабистони, ҳозирда АҚШ ва Буюк Британия иттифоқдоши ҳисобланади. Бизнинг фирмалар Ар Риёдга катта миқдорда ҳарбий техника ва қуролларни сотмоқда. Ҳарбий маъмуриятлар эса логистика ва разведка йўналишида кўмак бермоқда. Вашингтон ва Лондоннинг бу каби ҳаракатлари Саудия Арабистони армиясига доимий равишда Яманни бомбардимон қилишга, денгиз томондан қамал қилишига имкон бермоқда. Шундай экан, АҚШ ва Буюк Британия вабо тарқалишига қулай муҳит пайдо бўлишида муҳим роль ўйнади", — деб хулоса қилишган олимлар.