Миробод туманида «Қишлоқ қурилиш банк» АТБ томонидан нақд пул олиш имкониятини берувчи банкомат жойлаштирилди. Бу ҳақда банк ахборот хизматида хабар берилди. 

Тошкент шаҳридаги Миробод деҳқон бозори ҳудудида 14 август кунидан синов тариқасида нақд пул олиш имконини берувчи тегишли дастурлар ўрнатилган банкомат ишга туширилди.

Ушбу банкомат орқали бир кунда битта пластик картадан жами 100 минг сўмгача бўлган нақд пул ечиб олиниши мумкин бўлади. 

Банкоматга 1000, 5000 ва 10000 сўмлик купюралар жойлаштирилган. Пластик картадан нақд пул ечиб олиш жараёни учун тахминан 1,5-2 дақиқа сарфланади.

Таъкидлаш жоизки, банк хизмати учун пластик карта эгасидан комиссия тўловлари ундирилмайди. Банкоматлар Uzcard тизимига уланган исталган банк пластик картасини қабул қилади.