Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани халқ таълими бўлими мудираси Нафиса Нишонова бугун ўз вазифасидан озод қилинган. Бу ҳақида Kun.uz нашрига Фарғонадаги ишончли манба маълум қилди.

Нафиса Нишонованинг 19 июль куни мактаб директорлари иштирокидаги йиғилишда ёзиб олинган сўзлари интернетда шов-шув келтириб чиқарганди. Аудиоёзувда мактаб ўқитувчилари ва мактабгача таълим муассасалари ходимлари мажбурий меҳнатга қай тариқа мажбурланаётгани акс этганди.

Kun.uz сайтида тегишли идоралар эътиборини бу вазиятга тортиш мақсадида «Ўқитувчилар мажбурий меҳнатга жалб этилиши факт. Барча сукут сақламоқда» сарлавҳаси остида мақола нашр этилди.

Шунингдек, Самарқанд шаҳри ҳокимлиги шаҳардаги мактаблар ўқитувчилари ва ходимларини мажбурий меҳнатга жалб этаётганига фактлар пайдо бўлди ва Kun.uz бу маълумотлар асосида «Гап бошқа, иш бошқа: Ўқитувчи ва шифокорлар мажбурий меҳнатга жалб қилинмоқда!» сарлавҳали мақола нашр қилди.

Кейинроқ Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси кенгаши Бош прокурордан Самарқанд шаҳри ҳокими ва фарғоналик мудирага жиддий чора кўришни талаб қилганди.

Эслатиб ўтамиз, бироз олдинроқ Самарқанд шаҳри ҳокими Воҳид Раҳимов ишдан олинганди.

Бу хабар куннинг иккинчи ярмида рад этилди.