Иммун тизимингизни яхшиламоқчи бўлсангиз, ўз одатларингизни қайта кўриб чиқишингизга тўғри келади. "Лайфхакер" иммунитетга зиён етказувчи одатлар ҳақида маълумот берди.

 

1. Уйқуга тўймаслик

Уйқу вақтида иммун тизимининг бактерия ва вирусларга қарши курашишни шакллантиришга жавобгар қисми фаоллашади. Агар уйқуга тўймасангиз, иммун тизимингиз самарали ишламайди. Иммунитетингиз яхши бўлишини истасангиз, суткасига 7-8 соатдан кам ухламаслигингиз керак.

 

2. Ўтроқ ҳаёт тарзи

Жисмоний фаолликнинг камлиги иммунитетни ёмонлаштиради. Камҳаракат инсонлар жисмоний фаол кишиларга қараганда ўртача 42 фоизга кўпроқ нафас йўллари касалликларига учрайди. Кун давомида жисмоний машқларга оз бўлса-да вақт ажратинг.

 

3. Ёлғизлик

Ёлғизликда кўп вақт ўтказганингизда норадреналин даражаси ошади. Фавқулодда ҳолатларда бу гормон яраларнинг битиб кетишига ёрдам берувчи оқ қон таначаларининг генерацияси учун жавоб беради. Бироқ норадреналин даражаси узоқ вақт давомида меъёрдан кўп бўлса, у иммун тизимининг бир қисмини блоклай бошлайди ва сизни инфекцион касалликларга мойиллигингизни оширади.

 

4. Доимий стресс

Узоқ вақт бирор нимадан ташвишланиб юрсангиз, иммун тизимингиз ёмонлаша бошлайди. Масалан, стресс ҳолатидаги одамларнинг шамоллашни юқтириш эҳтимоли юқори бўлади.

 

5. Спиртли ичимликлар

Мунтазам равишда спиртли ичимликларни истеъмол қилиш оқ қон таначаларининг вирус ва инфекциялар билан курашиш самарадорлигини камайтиради.

 

6. Тўйинган ёғлар

Мунтазам равишда тўйинган ёғларни истеъмол қилиш иммун тизимига оғирлик қилади ва яллиғланиш хавфини оширади. Зарарли ёғларни фойдалиларига алмаштиринг. Масалан, мол гўшти ўрнига балиқ истеъмол қилинг.

 

7. Яқинларнинг иммунитети пастлиги

Одамлар узоқ вақт бирга яшаганларида уларнинг иммун тизими ҳам бир-бирига ўхшаб кетади. Бу қисман бир хил одатлар билан изоҳланади. Агар яқинларингизнинг иммунитети паст бўлса, ўзингизникига ҳам эътибор қилинг. Эҳтимол, одатий турмуш тарзингизни ўзгартиришингиз керакдир.

 

8. Антибиотиклар

Антибиотиклар истеъмолига жуда эҳтиёткорлик билан ёндашиш керак. Улар иммун тизимингиз ва бактериялар ўртасидаги боғлиқликни бузади. Шунинг учун антибиотиклар касалликни тезроқ енгишга ёрдам беради, бироқ тузалганингиздан кейин сизнинг иммун тизимингиз аввалгига нисбатан кўпроқ касалликларга мойил бўлади.