Бутун дунё инсонияти қашшоқлик, тенгсизлик ва иқлим ўзгариши билан боғлиқ бўлган муаммоларнинг ечимини талаб қилмоқда. 13-21 август кунлари бир қанча босқичда ўтказилган «​Unleash»​ бренди остидаги танловда, дунёнинг 129 давлатидан ўн минглаб ёш иқтидорлар орасидан саралаб олинган номзодлар глобал шароитни яхшилаш ва тараққий этган жамиятни қуриш йўлида ўз ғоялари билан иштирок этдилар.

Европанинг жорий маданий пойтахти Орхус шаҳрида (Дания) якуний босқичи ўтказилган Глобал инновацион ғоялар танловига мамлакат маликаси Мария жаноби олиялари, БМТТД администратори Ахим Штайнер, Lindager Group асосчиси Андерс Лендагер, Дания Бош вазири Ларс Лёкке Расмуссен, Khan академияси асосчиси Салмон Хон, Ҳолливуд юлдузи ҳамда Times нашриётининг «Дунёнинг энг кучли 100 кишиси» рўйхатидан ўрин олган актёр Эштон Катчер ҳамда кўплаб молиявий ташкилот вакиллари, ишбилармон тадбиркорлар ташриф буюрди. Шунингдек, тадбирга Bestseller, Microsoft, Grundfos, Vestas, Carlsberg, Pepsi, Deloitte, Dalberg ва бошқа йирик компаниялар ҳомийлик қилган.

Танлов иштирокчилари сафига Марказий Осиёдан беш нафар номзод қабул қилинган бўлиб, мингдан ортиқ ғоялар ичида ўзбекистонлик Азизбек Каримов жамоаси билан бирга таклиф этган лойиҳа БМТ Барқарор тараққиёт мақсадларида кўрсатилган ўн иккинчи йўналиш (Масъулиятли истеъмол қилиш ва ишлаб чиқариш) бўйича 200 жамоа орасидан иккинчи ўринга лойиқ деб топилди.

KUN.UZ мухбири Азизбек билан боғланиб, уни фаолиятидаги муваффақиятлар билан табриклади.

«​Биз лойиҳамизнинг олий ўринлардан бирига лойиқ кўринганидан хурсанд бўлдик. Натижа ёмон эмас, текстил ва мода соҳасида, қишлоқ хўжалигининг иккиламчи маҳсулотларидан тайёрланган матоларни ҳамда инсониятга зарари кам бўлган матолар кўламини оширишда қўл келадиган интернет платформа прототипини таклиф қилдик. Бу албатта фермерлар ва бошқа органик ҳамда био маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи тадбиркорлар учун қўшимча даромад яратиш каналларини ҳосил қилади. Биз танлов тарихида илк ғолиблар сифатида эътироф этилдик ва бу ҳаяжонли, албатта»​, дейди Азизбек.

Айтиб ўтиш жоизки, мазкур танлов эндиликда ҳар йили дунёнинг бошқа шаҳарларида ташкиллаштирилиб, 2030 йилда Нью-Йорк шаҳрида ниҳоясига етади. Айни пайтда Азизбек Каримов бош штаби Мексикада жойлашган, Халқаро буғдой ва маккажўхори ҳосилдорлигини ошириш тадқиқот марказида халқаро тоифадаги иқтисодчи олим сифатида фаолият олиб боради.

«​Энди ҳар биримизнинг олдимизда масъулият катта: йирик молиявий ташкилотлар ва фондлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш учун, ҳамда яна янги лойиҳалар устида иш олиб боришимиз учун ажойиб имконият пайдо бўлди»​, деб фикр билдирди у.

Ўзбекистонлик иқтисодчининг айни кунларда қандай лойиҳалар билан машғул эканлигини сўраганимизда, у ҳозирда «Халқаро қишлоқ хўжалиги тадқиқотлар консорциуми, Буғдой тадқиқотлари программасининг бозор таҳлилий дастурини бошқараётгани»​лигини айтди. Шунингдек, у Bill and Melinda Gates Foundation томонидан молиялаштирилаётган Эфиопияда буғдой ва маккажўхори навларини ДНК бармоқ усулида аниқлаш ва кенг кўламда қўллаш лойиҳасида ўз йўналиши бўйича иш олиб бораётганини билдирди.

Ушбу лойиҳа натижалари, ҳозирданоқ айтиш мумкинки, соҳа тадқиқот йўналишида сезиларли натижаларга олиб келиши кутилмоқда, дейди ватандошимиз. Худди шунингдек, Азизбек ўз ичига 15та халқаро институтни бирлаштирган консорциум қошидаги Мустақил илмий ва ҳамкорлик кенгашининг бўлими ҳисобланмиш ютуқларни баҳолаш бўйича доимий комиссиянинг эксперт аъзоси ҳисобланади.

Азизбек Каримов Тошкент давлат техника университетининг молия йўналиши бўйича бакалавр битирувчиси, АҚШнинг Бостон шаҳридаги, COOP кўрсаткичи бўйича биринчи ўринда турадиган Northeastern University иқтисод йўналиши магистранти ҳисобланади. Ҳамюртимиз Германиянинг Бонн Университетида докторлик диссертациясини аъло даражада ёқлаб, илмий PhD мақомига эга бўлган.

Унинг изланишлари бир қанча халқаро журналларда нашр этилган, хусусан бир неча мақолалари қишлоқ хўжалиги иқтисодиёти ва сиёсати йўналишида дунёнинг кучли бешлигида эътироф этиладиган Agricultural Economics, энергия ва ёқилғи йўналишида номдор Renewable and Sustainable Energy Reviews журналларида чоп этилган.

KUN.UZ тез орада халқаро тоифадаги иқтисодчи Азизбек Каримов билан Марказий Осиёда қишлоқ хўжалиги ва бирламчи озиқ-овқатларни етиштириш, соҳа муаммолари ва ечимлари борасида суҳбатни тақдим этади.