«Korzinka.uz» супермаркетлар тармоғи асосчиси Зафар Ҳошимов ўз блогида кейинги ҳафталарда жамоатчилик муҳокамасида бўлган яна бир долзарб мавзу - тўйлар мавзуси бўйича муносабатини билдирди.

Англияда бирга ўқиган икки дўстимнинг иккита турлича ўтган тўйларини эслайман. Иккови ҳам Англия фуқаролари эдилар. 

Булардан бири бадавлат зодагон оиласи фарзанди, бошқасининг келиб чиқиши эса мактаб ўқитувчилари сулоласидан эди.

Биринчисининг тўйи Лондон теварагидаги тўй эгаларининг оилавий қасрларида ўтказилиб, уч кун давом этди. Асосий маросимда 400 нафарга яқин меҳмон қатнашди. Магистратурада бирга ўқиган яқин дўстлар қаторида мен ҳам шу тўйда бўлдим. Уч кун маросим-у зиёфатлар, асосий кечага эса ҳатто қиролича оиласи аъзоларидан Кент шаҳзодаси ташриф буюрди. 

Шу жойда, айтиб ўтиш керакки, ҳатто шу каби зодагонлар зиёфатларида ҳам бизнинг тўйлардагидек, столлари ейиладиган-ейилмайдиган овқатлар билан тўлдириб ташланмайди. Балки ҳар бир меҳмонга дид билан меъёрида алоҳида салат, икки хил таом ва десерт вақти-вақти билан тортилади. Бошқа пайт столлар марказида фақат чиройли гулчамбарлар билан безалган ҳолда, ичимликлар учун фужерларни инобатга олмасак, бўшлигича туради. Умуман, столларни бизнинг тўйлардагидек ясатишларини мен бошқа ҳеч қаерда кўрмадим. Худдики, меҳмонлар бир ой овқатланмасдан тўйга келади, деган тахмин билан стол ясатамиз. 

Хуллас, ҳалиги тўй эртаклардагидек қадимий қасрда дабдабали ўтди, лекин бизнинг тўйлардаги каби юракни эзадиган исрофгарчиликка гувоҳ бўлмадим.

Орадан бир йил ўтар-ўтмас, шу иноқ дўстларимдан иккинчиси ҳам ўз тўйини нишонлади. У тўй Лондоннинг шимолидаги ихчамгина кафеда, кўпи билан 40-50 меҳмон иштирокида чиройли тарзда ўтказилди. Яқинда дабдабали тўй ўтказган "аристократ" дўстимиз ҳам ўз қаллиғи билан шу тўйда қатнашишди. Бу тўйларнинг иккинчиси ҳам роса хушчақчақ ўтди. Ҳаммамиз дўстимиз бахт кечаси баҳонасида дийдор кўришиб, отамлашиб, ўйнаб-кулиб, мазза қилиб ўтирдик. Айтмоқчи, у иккала тўйда ҳам, бизнинг тўйлардан фарқли, одамлар гаплаша олади ва бемалол бири-бирини эшитишади ҳам. :-)

Бу икки тўйнинг қайси бири яхшироқ ўтди, деб таққослаш ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмади. Ҳозир менга шу саволни берсангиз, мен ҳатто жавоб ҳам бера олмайман, фақат бир нарсани эслайман: биринчи тўйда ўрнатилган дресс-код (эълон қилинган кийиниш асноси) бўйича токсидо (смокинг) кийиб, бўйнимга бабочка тақиб юришимга тўғри келди. Мен эса бўйнимга ҳар хил галстук-бабочкалар тақишни ўлгудек ёмон кўраман, улар мени бўғгудек бўлади.

Хуллас, икки ҳар хил тўй ҳар хил тарзда ўтди, иккови ҳам биз меҳмонлар учун самимий қувонч бахшида қилди, иккала тўй соҳиблари ўзбек нақли билан айтганда, "кўрпасига қараб" қувончини улашишди. 

Айрим ҳолларда, хусусан, тўй-маъракаларимизда, орзу-ҳавасларимизга жуда эргашиб, ўзимизни боримизданда бой- бадавлатроқ кўрсатишга ҳаракат қилиб қўямиз. Аслида, буларнинг барчаси фақатгина ташқи сийрат, холос. Бу ҳаётимизга ҳеч қандай манфаат ёки афзаллик олиб кирмайди. Магар, ўта машҳур инсон бўлмасак, бу каби олифтагарчилик ва кўз-кўз қилишимизнинг ўзимиздан бошқа ҳеч кимга қизиғи ҳам йўқ. Фақат кулгили бўлиши мумкин, аҳволимизни билган инсонлар учун. 

Одамлар, жуда борса, "жа ошириб юборибдими..." дейишади-қўйишади ва эртасигаёқ тўйингизни мутлақ унутишади, сабаби, эртаси янги тўй ва янги таассуротлар бор. Худди шунинг учун тўйларимизни бири-биридан ҳатто ажратиш қийин бўлиб қоляпти. Тўй эгаларининг ойлаб-йиллаб қийналганлари, кечалари "тўйим қандай ўтаркин?!", дея уйқудан қолиб чеккан кечинмалари, ўзларидан бошқа ҳеч кимга умуман таъсири ҳам, аҳамияти ҳам йуқ. Бир кунлик тўй ўтадию-кетади ва сиздан бошқа ҳамманинг эсидан тезда чиқади. Гапимга ишонмасангиз, бирор дўстингиз ёки қўшнингизнинг бир ой олдин ўтказган тўйини бир эслаб кўринг-а, эсингизга нима келади? Қарийб ҳеч нима.

Бахтли бўламан десак, асл ҳолатимизга рози бўлишимиз, боримизга шукр қилишимиз, бировлар билан ўзимизни доим таққославермаслигимиз, ҳаётимизда босаётган қадамларимиз, чекаётган ҳиссиётларимиз, ўзаро муносабатларимиз, ҳамда ички дунёмиз, қолаверса, яшаш мазмунимизни англашимизгина асл аҳамиятга эгадир. Бунинг учун ўзимизни бир кунгина ҳаммага бой қилиб кўрсатиб, сўнг қарзларга ботишимиз эмас, балки ҳаётимизда алоҳида ўрин оладиган шу тантанамиздан, соф маънода, ҳақиқий завқ ола билишни, уни сурункали дилхиралик манбаига эмас, балки ҳақиқий хурсандчилик лаҳзаларига айлантиришни ўрганишимиз лозим. 

Шундай қилсак, аввалига ўзимизни ўзимиз қийнаб қўйиб, ортидан каттадан-катта идоралар-у порталларга, телевидение ва радиоларга "Ҳой раҳбарлар, бормисизлар? Биз бу ерда тўй қилиб жуда қийналиб кетдик-ку, илтимос, бизни бундан халос қилинг", деган ғалати шикоятлар ёзиб юришга ҳожатимиз ҳам қолмайди. 

Одамлар, авваламбор, ўзларининг ҳою-ҳавасларига бас кела олмай, онглари, иродалари билан қилиши мумкин бўлган ишларини уддасидан чиқа олмай, ўзлари қилган хатоларига доим урф-одатларни ёки бошқаларни айбдор қилиб, сўнг аламидан ҳамма учун бир хил чекланиш ўрнатиб бериш йўлида давлат куч-қудратини чорлашларини кўриш нақадар аянчли манзара.

PS. Бу ҳикоямни ўқиб олиб, Англиянинг бойлари шундай қилар экан-а деб, тағин тўй ташкилотчиларимиз, бундан буён меҳмонларимизга бабочка тақтириб, шляпа кийиш янги одатини киритиб қўйишмаса бўлди энди ..)

Эътиборингиз учун раҳмат.