25 август куни "Ўзбекистон Республика товар-хомашё биржаси" АЖ марказий идорасида ОАВ вакиллари учун махсус пресс-тур ташкил этилди. Мазкур тадбирда журналистлар ЎзРТХБ фаолияти, келажакдаги истиқболлари, шунингдек, биржанинг электрон тижоратдаги ўрни билан яқиндан танишишди. 

ЎзРХТБ - электрон савдолар оператори бўлиб, юқори технологиялар билан жиҳозланган компаниядир. Компания мижозлар манфаатлари ва талабларига жавоб беради. 

Биржанинг марказий биноси сўнгги йилларда реконструкция қилиниб, АТ инфратузилмаси модернизация қилинган. Бу эса, ўз навбатида, хизматларни кенгайтириш, уларнинг самарадорлигини ошириш ва мижозлар учун барча шарт-шароитларни яратиб беришга ёрдам беради.  

ТВ студияда юқори технологик дата-марказ, локал-ҳисоблаш тармоғи ва автоматлаштирилган иш ўринлари яратилган.

Савдо зали рангли электрон табло ҳамда замонавий ахборот мониторлари билан жиҳозланган. Таъмирлаш ишларидан сўнг брокерлар майдони кенгайтирилиб, иш ўрни 150дан 250га кўпайтирилди.

Фронт-офисда мижозларни қабул қилиш зоналари яратилган. У ерда қулай электрон навбат терминали, маълумотларни олиш учун LED мониторлар ва ахборот киосклар ўрнатилган. Мазкур интерактив ёндошувлар натижасида ҳар бир мижоз мутахассис ёки брокер билан осонгина мулоқот қилишига ёрдам беради. Шунингдек, биржанинг барча фаолияти мунтазам таҳлил этиб борилади. 

Корпоратив ўқув марказида ходимларга биржа соҳаси бўйича керакли билим ва кўникмалар бериб борилади.

Маълумотларни қайта ишлаш маркази эса юқори талабларга жавоб берадиган электр тармоғи, автоматик тарзда ўзгарувчан иккита мустақил электр қуввати манбаига эга. Электрэнергия манбаи тўла ўчирилган ҳолатда автоматик тарзда дизель-генераторга ўтказилади. Шунингдек, бу ерда биржа ходимлари учун кутубхона ҳам мавжуд. 

Ҳозирда компанияда электрон биржа савдоларидан ташқари, ярмарка савдолари онлайн режимда фаолият юритади. Биржада ҳар куни 40 миллиард сўмлик битимлар тузилади, 4мингга яқин клиринг транзакциялари амалга оширилади. 

Янги инфратузилмани модернизация қилиш биржа сервер ускуналари бандлигини 80 фоиздан 25 фоизгача қисқартирди. Янги дата-марказ 15 савдо платформасини тўхтамай ишлашини таъминлайди. 2017 йилнинг шу кунига қадар, биржада 5,7 мингдан ортиқ янги мижоз рўйхатдан ўтган. 

Маълумот ўрнида: 2017-2018 йилларда ЎзРТХБ Хоразм, Жиззах, Навоий филиалларида ҳам капитал таъмирлаш ишлари олиб борилади. Сирдарё вилоятида эса биржанинг янги идораси қурилади.