KUN.UZ сайти орқали Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида газ таъминоти ва унинг ортидан келиб чиққан мудҳиш воқеалар тилга олинган туркум мақолалар эълон қилинган эди. Буларга мисол қилиб, жорий йилнинг 22 март куни эълон қилинган “Қўқонда ташкилотлар масъулиятсизлиги оқибатида икки навқирон йигит мажруҳ бўлиб қолди”, 23 март куни эълон қилинган “Қўқонда нохуш ҳодиса. Она ва фарзандлари ҳалок бўлди”, 25 март куни эълон қилинган “Қўқон фожиаси: яна бир киши ҳаётдан кўз юмди”, 27 март куни эълон қилинган “Қўқон нима қилсин – 22 яшар ўғли лоқайдликнинг қурбони бўлди”, 1 апрель куни эълон қилинган “Қўқонда уч кишининг ўлимига сабаб бўлган ҳодиса ҳақида расмий ахборот берилди” ва 12 апрель куни эълон қилинган “Газ таъминотидаги хўжасизлик ва бошбошдоқликлар: Нишонда яна Қўқон” мақолаларини келтириш мумкин.

Юқорида кўрсатиб ўтилган мақолаларда Қўқон шаҳридаги газ таъминоти билан боғлиқ муаммоли вазиятлар ва бунинг ортидан келиб чиққан фожиалар ҳақида сўз юритилган. Шу билан бирга шаҳарга ёндош Данғара туманида ҳам аянчли воқеалар кузатилган. Туманнинг газ таъминоти айнан Қўқон шаҳридан берилиши, берилганда ҳам босимнинг ўйнаб туриши ана шундай ҳалокатларга сабаб бўлган. 

Таҳририят ходимлари Фарғона вилоятида ишчи сафарда бўлар экан, мазкур фожиалардан бирининг қурбони, данғаралик марҳум 20 яшар Абу Бакр Шералиев ва унинг акаси 22 яшар Билол Шералиев хонадонида бўлди. Марҳум йигитларнинг онаси Наргиза Шералиева бўлиб ўтган воқеаларни асл ҳолича сўзлаб берди.

“Болаларим жуда ақлли йигитлар эди. Уларнинг ортидан ҳеч бир киши – на ўқитувчилари, на маҳалла аҳли ва на қариндошу ёр-биродарлари шикоят қилмаган эди. Жуда ҳалим, мулойим йигитлар эди... Улар роса меҳнаткаш йигитлар бўлиб, дадаси билан бирга ишлашар, ҳунармандчилик сирларини бирма-бир эгаллашаётган эди. Фожиа юз берган кунда улар ўзларини эмас, бир-бирларининг саломатлиги, ота-оналарининг ташвишида бўлишди.

Болаларим шифохонага тушгач, уларнинг ҳолидан хабар олгани шифохонага бордим. Тўнғич ўғлимнинг палатасига кирар эканман, бошида уни танимадим. Роса қийналганман, азоб чекканман...”.

Марҳум йигитларнинг отаси Икром Шералиев шундай ҳикоя қилади:

“Воқеа шундай содир бўлган эди. Гумбурлаган овозни эшитдим. Ҳовлига югуриб чиққанимни биламан, бир боламнинг дарахт остида ётганини кўрдим. У ҳали ўзига келмаган эди. Югуриб уйга кирдим. Шунда иккинчим ёнаётганининг гувоҳи бўлиб, уни кўтариб ҳовлига олиб чиқдим. Шундан сўнг кўчага чиқиб, қўшниларни чақирдим. Улар етиб келишди. Биргалашиб, болаларимни машинага ўтказдик-да, шифохонага олиб бордик. 

Орадан вақт ўтиб, бирининг олдига кирдим. “Яхшимисан, ўғлим”, десам “Ҳа, дада, яхшиман”, деди. Гўё ҳаммаси рисоладагидек эди. Аммо вақт ўтиши билан барчаси ўзгара борди. Каттасининг олдига кирсам-да, кичигининг олдида бўлсам-да, уларнинг ҳолати бадтар ёмонлашаётган эди. Бошқа чорам қолмади – уларга калимасини қайтаришни тайинладим. Улар ўшанда айтишарди, “дада таҳорат қилиб олишим керак”, деб. Аммо тақдири азал экан, оламдан ўтишди.

Менинг болаларим ўша ёшларигача, бирор марта менинг кўзимга тик қарашмаган, гап қайтармаган йигитлар эди. Мақтаниш эмас, аммо шуни ғурур билан айта оламанки, улар мендан кўра аяларига кўпроқ мурожаат қилар эди. бу қўрқишдан эмас, балки уялганликларидан, ҳаё қилганликларидан эди”.

Наргиза Шералиева шундай дейди: “Бизнинг хабаримиз йўқ ҳолатда прокуратура ходимлари келиб текшириб, суратларга олиб кетишган. Очиғини айтганда, ҳар кимга бу ҳақда сўзлаб бериш биз учун жуда оғир. Ҳатто прокуратура ходимлари билан суҳбат жараёнида ҳам дори ичиб, бўлган воқеаларни сўзлаб берганмиз”.

“Бир куни шаҳар газ таъминоти идорасидан вакиллар келишибди”, деб суҳбатни давом эттирди Икром Шералиев. – Бир сумкада пул кўтариб келишган. Менга бу пулларинг керак эмас, дедим. Улар эса, бу пулларни олиб, бизга тушунтириш хати ёзиб беринг, деб талаб қилишди. Мен шу пулларга зор одаммидим? Мен шу пулларга болаларим хотирасини алмашадиган кишимидим?..”.

Суҳбат узоқ давом этди. Марҳум йигитларнинг ота-онаси айтаётган сўзлар, дилдаги гаплар кишини тўлқинлантиради, кўзларда беихтиёр ёш гавдаланади. Бўлган воқеа ва унга ҳокимиятининг муносабати кишини таажжублантиради. Мазкур интервьюнинг тўлиқ ҳажмини қуйида томоша қилишингиз мумкин.