Шанҳай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг фавқулодда вазиятларни олдини олиш ва бартараф этиш масалалари билан шуғулланувчи идоралари раҳбарларининг тўққизинчи йиғилиши давомида Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазири Р.Жўраев ва Фуқаро Мудофааси Халқаро Ташкилоти бош котиби В.Кувшиновнинг икки томонлама учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашув давомида икки томонлама ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари, ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари ҳамда амалга оширилиши лозим бўлган тадбирлар муҳокама этилди.

Шу билан бир қаторда, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари ҳамда юқорида кўрсатилган тадбирлар режасини амалга ошириш бўйича бажариладиган чора-тадбирлар хусусида ўзаро фикр алмашилди.

Ўз ўрнида таъкидлаш жоизки, Фуқаро Мудофааси Халқаро Ташкилотига (ФМХТ) Франциянинг тиббиёт хизмати генерали Жорж Сен-Поль томонидан асос солинган бўлиб, 1931 йилда «Женева ҳудуди» халқаро ассоциациясига, 1958 йилда Фуқаро Мудофааси Халқаро Ташкилотига айлантирилган. ФМХТнинг асосий вазифалари – фуқаро мудофааси миллий ташкилотлари билан алоқалар ўрнатиш, аҳолини муҳофаза қилиш соҳасида тадқиқотлар ўтказишга кўмаклашиш, фавқулодда вазиятларни олдини олиш, улар содир бўлганда аҳолини ҳаракат қилишга тайёрлаш бўйича тажриба алмашинувини амалга оширишдан иборат.

ФМХТнинг Штаб-квартираси Швейцариянинг Женева шаҳрида жойлашган бўлиб, унга 53 та давлат аъзолик қилади. Хусусан, МДҲ давлатларидан Озарбойжон (03.11.1993й.), Арманистон (01.04.1994й.), Молдова (11.01.1997й.), Россия Федерацияси (06.05.1993й.), Қозоғистон Республикаси (15.03.1996й.) ва Қирғизистон Республикаси (09.01.2012й.). мазкур халқаро ташкилотга аъзо бўлишган.

2012 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси вакиллари ҳам ФМХТнинг тадбирларида иштирок этишмоқда. 2014 йилнинг 25 февраль куни Ўзбекистон ФМХТнинг Доимий котибиятида ФМХТнинг кузатувчиси сифатида рўйхатга олинган.

Бўлиб ўтган учрашув якунида, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва Фуқаро Мудофааси Халқаро Ташкилоти ўртасида 2018 2020 йилларга мўлжалланган аҳоли ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш бўйича ҳамкорлик режаси имзоланди.