Халқаро ўқувчиларнинг билим даражасини аниқлаш рейтингига (PISA) кўра, Финляндия мактабгача таълим тизими дунёнинг энг кучли учлиги қаторида эътироф этилади. Бунга бир қатор сабаблар, жумладан, боланинг уй шароитида она томонидан тарбияланиши учун яратилган шароит, таълимда интерфаол услубдан кенг фойдаланиш ва табиат қўйнидаги сайёр машғулотлар тизимни яхшилашга сабаб бўлади.

Жорий йил Ўзбекистон Республикаси бўйлаб мактабгача таълим муассасаларида (боғча) бир қатор ислоҳотлар ўтказилиб, айрим меъёрларга ўзгартириш киритилди. Шулардан бири муассасалардаги гуруҳларда тарбияланувчи болалар меъёр бўйича неча нафарни ташкил этиши лозимлигига оид. Kun.uz мухбири ана шу саволларга жавоб топиш учун Халқ таълими вазирлигининг мутасадди вакили билан боғланди.

«Мактабгача таълим муассасаларига тарбияланувчиларни қабул қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 19 июлдаги «Мактабгача таълим муассасалари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида»ги 528-сонли қарори билан тасдиқланган «Давлат мактабгача таълим муассасаси тўғрисида»ги Низомнинг 32-бандига мувофиқ, давлат мактабгача таълим муассасасининг ҳар бир гуруҳидаги болалар сони меъёри камида 20 нафар бўлиши, бироқ 25 нафардан ортиқ бўлмаслиги лозим», деб жавоб беради Халқ таълими вазирлиги бўлим бошлиғи Сабоҳат Миржалилова.

Шунингдек, ушбу низом бандларига мувофиқ, давлат мактабгача таълим муассасасига 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар қабул қилинади. Болаларни айнан 3 ёшдан мактабгача таълимга жалб қилиш, аввало, тарбияланувчиларнинг ҳаёти ва саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида, қолаверса, ривожланган давлатлар тажрибасини ўрганган ҳолда белгиланди. Низомнинг 25-бандига мувофиқ талабаларнинг фарзандлари 3 ёшга етганидан сўнг, МТМ имкониятларидан келиб чиққан ҳолда давлат мактабгача таълим муассасасига қабул қилишда имтиёзлардан навбатсиз фойдаланадилар.

«Мактабгача таълим муассасаси ходимлари ота-оналарда турли сабаблар билан пул талаб қилиш қатъиян ман этилади. Халқ таълими вазирлигининг буйруғи билан барча мактабгача таълим муассасасига мазкур талаб етказилган. Шу билан бирга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 3 сентябрдаги «Бюджет ташкилотларини маблағ билан таъминлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги 414-сонли қарори асосида, Муассаса Уставида қайд этган ва ота-оналар билан тузиладиган шартномада кўрсатган ҳолда (ота-оналар хоҳиши асосида), муассаса фондини ташкил этиши мумкин», дейди Сабоҳат Миржалилова.