Рақобатбардош бўлиб қолиш учун замонавий клублар нафақат спортча натижаларини намойиш этишлари, шунингдек, инвесторлар учун жозибали бўлишлари ҳам талаб этилади, деб ёзади Forbes Russia таҳлилчиси Дмитрий Назаров.

Футбол аллақачон кўп миллиардли халқаро бозорга айланиб бўлган. Энг иқтидорли ўйинчилар трансфери ўнлаб миллион долларга баҳоланмоқда, 2017 йилнинг 3 август куни навбатдаги рекорд ўрнатилди: бразилиялик Неймар 222 млн. евро (260.9 млн. доллар) эвазига «Барселона»дан «ПСЖ»га ўтди. Ким ўзига бундай харажатларни раво кўра олади? Forbes рейтингига кўра, 2017 йилда жаҳоннинг энг бой 10 клубининг умумий нархи 23,29 млрд. долларга тенг бўлмоқда.

Россиялик бизнесменлар 2000-йиллардаёқ футбол клубларига пул тика бошлашганди. У пайтлар машҳур клубнинг эгаси бўлиш даромад олиш эмас, кўпроқ тан олиниш ва нуфуз манбаи бўлган. 2003 йилда «Челси»нинг Роман Абрамович томонидан 140 млн. фунт-стерлинг (233 млн. доллар)га харид қилиниши жуда шов-шувли воқеа бўлган эди.

Фото: Роман Абрамович / Челси

Футбол агенти Герман Ткаченконинг айтишича, бизнесменнинг инглиз лигасини жуда севганлиги инглиз футболи тарихида энг қимматбаҳо битимнинг 20 дақиқадаёқ имзоланишига олиб келган. Ўшандан бери Абрамович қабул қилган қарори тўғрилигига бир он бўлса ҳам шубҳа қилмаган, чунки 2017 йилга келиб «Челси»нинг нархи 3 млрд. фунт-стерлинг (3,844 млрд. доллар)дан ошди. Бунчалик сахийлик билан пул киритилиши ўзини оқлаётгани 2004 йилда кейинги ярим асрда илк бор Англия чемпиони бўлган «Челси» аллақачон яна 5 марта чемпион бўлгани, жорий мавсумда ҳам асосий фаворитлардан бири эканлиги билан қувватланади. Клубнинг молиявий кўрсаткичлари ҳам кишини ҳайратлантиради: «Челси» жаҳондаги энг даромади юқори клублар ичида 7-ўринда. 2016 йилда клуб 420 млн. евро ишлаб топган. ФКнинг нархини Forbes 1,845 млрд. долларга баҳолаган.

Футбол «фанат»лари

Фото: Алишер Усмонов / ТАСС

Инглиз футболининг яна бир мухлиси Алишер Усмоновдир. 2007 йилда унинг Red and White Securities инвестицион компанияси 75 млн. фунт-стерлинг (96,1 млн. доллар) эвазига «Арсенал»дан 14,6 фоиз улуш сотиб олади. Кейин миллиардер бир неча йил давомида «Арсенал»даги ўз акциялар пакетини кенгайтириб борди ва 2012 йилда уни 29,6 фоизга етказди. Усмоновнинг компанияси янада кўпроқ акция харид қилишга қодир, бироқ бунга акцияларнинг 67 фоиз назорат пакетини ушлаб турган Стэн Кронке қаршилик қилиб келади. 2017 йилнинг баҳорида Кронкега у улушини 1,3 млрд. долларга сотишни таклиф қилган, бироқ Кронке қатъий рад этган ва «Арсенал» ҳеч қачон сотилмагани ва сотилмаслиги»ни таъкидлаган. Усмоновнинг клуб мажоритар хўжайини бўлиш истаги нафақат футболга бўлган муҳаббати, шунингдек, оқилона фикр юритиш оқибатида вужудга келган бўлса ажабмас: 1,9 млрд. долларга баҳоланган клубнинг 2016 йилдаги даромади 520 млн. долларга тенг бўлган.

Фото: Дмитрий Риболовцев / Монако

2011 йилда хорижда футбол клубларига эга россияликлар рўйхатини Дмитрий Риболовцев тўлдиради. 2004 йилда Абрамовичга тегишли «Челси»нинг ўйинларини Лондон стадионида минбардан томоша қила туриб унда ҳам футбол клубига эгалик қилиш истаги туғилиб қолади. Фақатгина орадан 7 йил ўтибгина унга тегишли Monaco Sport Invest компанияси «Монако» клуби акцияларининг 66,7 фоизини сотиб олгач, у ўз ниятига эришади. Акциялар эвазига Риболовцев кейинги 4 йил ичида клубга 100 млн. евродан сармоя киритиш масъулиятини олади. Клуб асосий пулларни трансферларга сарфлайди ва 1,5 мавсумдан сўнг «Монако» яна француз футболининг элитаси сафига келиб қўшилади. Дастлабки 4 йил Риболовцевга 321,1 млн. евро даромад келтиради, бироқ ҳозирча унинг харажатлари 800 млн. евродан ошган. Бугунги кунда клубнинг йиллик бюджети 74,4 млн долларга, умумий трансфер қиймати 297,7 млн. долларга тенг.

Фото: Жорж Сорос

Клубларга сармоя ётқизиш инвесторларнинг футболга шахсий қизиқишларигина туфайли эмас, пул ишлаш мақсадларида ҳам амалга оширилмоқда. Америкалик йирик инвестор Жорж Сороснинг «Манчестр Юнайтед»га 40,7 млн. доллар ётқизиш истаги ҳам шу билан тушунтирилади. Сороснинг омонати узоқ муддатли эмасди: 2012 йилда у клубнинг 1,9 фоиз акциясини сотиб олиб, 2014 йилда уларни қайтариб сотади ва 9,69 млн. доллар ишлайди. Forbes’нинг баҳолашича, бугунги кунда клуб жаҳоннинг энг қимматбаҳо клуби ҳисобланади: унинг нархи 3,69 млрд. долларга баҳоланмоқда ва 2016 йилда клуб 765 млн. доллар даромад қилган. Таҳлилчилар Стретфорд жамоасининг муваффақиятини «Манчестер Юнайтед» брендининг таниқлилиги ва менежмент иши билан боғлашади.

Фото: Дидье Дешам ва Маргарита Луи-Дрейфус

2016 йилда Европанинг энг бой аёлларидан бири, Россияда туғилган энг бой аёл Маргарита Луи-Дрейфус ўзига тегишли бўлган «Олимпик Марсель» клубини сотади. 2009 йилда эридан мерос бўлиб қолган клубни дарҳол сотиш ғоясини у рад этган, чунки клуб айтарли зарар келтирмаяпти, деб ўйлаганди. Бироқ орадан бир йил ўтгач, «Марсель» янги хўжайинининг умидларини чиппакка чиқараётгани маълум бўлди. Жамоа ЕЧЛда кутилган натижаларга эришмаган, етакчи футболчиларнинг трансферидан умид қилинганда у ҳам харажатларни қоплай олмаган. 2011 йилдан клубни бутунлай сотиш борасида олиб борилган ишлар 2016 йил кузида ниҳояланди. Менежмент ва мавсум давомидаги натижалар «Марсель»нинг америкалик бизнесмен Фрэнк Маккортга 100 млн. еврога сотилишига сабаб бўлди.

 

Қўрқмас инвесторлар

Фото: Сергей Галицкий / Краснодар

Футболга киритилаётган пулларга боғлиқ рисклар ҳамма инвесторларни ҳам чўчита олмайди. Россиялик миллиардер Сергей Галицкий 2008 йилда Россияда ўзи клуб ташкил этишга қарор қилди. Тузилгандан бир йил ўтибоқ «Краснодар» миллий лиганинг биринчи дивизионига, 2011 йилнинг 25 январида эса Премьер-лигага чиқди. 2014/15 йилги мавсумда чемпионатда учинчи ўринни олган жамоа Европа лигасида ўйнади. Клубнинг муваффақияти жамоа учун 338 млн. долларлик, 35 минг кишилик стадион қуриб бериш билан тақдирланди.

Фото: Сулаймон Каримов

Ўз вақтида Сулаймон Каримов ҳам рус футболига инвестиция киритишга қарор қилган. 2011 йил январида у сармоя ётқизиш шарти билан Каримов Доғистон президентидан «Анжи»нинг 100 фоиз акциясини олган. Қисқа муддатли стратегияга кўра, «Анжи»га 200 млн. доллар ётқизилиши, янги стадион қурилиши, клубга ҳар йили 50 млн. доллар ажратилиши керак бўлган. Бош мураббийликка Ҳиддинк чақирилди, Это’О ва Роберто Карлос (жумладан, бизнинг Одил Аҳмедов) таркибга жалб этилди. Бироқ, 2013 йилга келиб Каримов режаси иш бермади. Клубдаги молиявий қийинчиликлар Каримовни 2016 йили клубни сотишга мажбур қилди.

Фото: Леонид Федун

«Лукойл» вице президенти Леонид Федун ҳам 2004 йили банкротлик ёқасидаги «Спартак»ни 70 млн. долларга сотиб олди. Россиянинг 9 карра чемпионига кейинги 10 йил давомида 1 млрд. долларга яқин маблағ тикилди. 2014 йилда «Спартак» учун 45 минг ўринли 245 млн. долларлик янги стадион қурилди. Фақат 2017 йилга келиб клуб чемпионат, сўнгра суперкубокни ютиб фанатларини хурсанд қилди.

Фото: Дитрих Матешиц

Red Bull GmbH эгаси Дитрих Матешицнинг спорт бизнесига ёндашуви бутунлай ўзгача. У футболга қизиқмаслигини ҳеч қачон яширмаган, спорт унинг учун брендини илгари суриш воситаси, холос. Матешица футбол жамоалари коллекцияси ичида «Ред Булл Зальцбург», «Нью-Йорк Ред Буллс», «Ред Булл Бразил» ва «Ред Булл Гана» клублари бор. Фақатгина «РБ Лейпциг» мустасно. Чунки немис қонунчилигига кўра, жамоа номига ҳомийнинг номини қўшиш мумкин эмас. Лекин «РБ Лейпциг» ўз ўйинларини «Ред Булл Арена» стадионида ўтказади.

MLS асосчиларидан бири миллиардер Филипп Аншутц «Лос-Анжелес Гэлакси» клуби эгаси ҳисобланади. 2017 йилда Forbes уни MLS’нинг энг қиммат клуби деб топган, жамоанинг нархи 315 млн., фойдаси эса 53 млн. доллар.

Футбол клубларининг энг бой хўжайинлари ичида Microsoft компаниясининг ҳаммуассиси Пол Аллен ҳам бор. 20 млрд. доллар бойликка эга бу одам «Сиэтл Саундерс» клубининг эгаси. Клубнинг нархи 295 млн, йиллик даромади 63 млн. долларга тенг.

Ликвидликка қарши инсон омили

Умуман олганда, инвесторлар учун футбол ишончли йўналишлар сирасига кирмаслигини тан олиш керак: ҳаттоки энг муваффақиятли инглиз клублари ҳам катта сармояларни талаб этади ва улардаги ликвидлик инсон омилига боғлиқ. Инглиз клублари инвестициялар учун жуда истиқболли саналади, чунки фақатгина инглизлар ҳозирча бошқаларга нисбатан футболдан даромад қилишни ўринлатишмоқда.

Англия премьер лигаси (АПЛ) ТВ-трансляция ҳуқуқларини сотиш бўйича анъанавий етакчи ҳисобланади. 2015 йилда лига ўйинларнинг трансляция ҳуқуқи Sky Sports ва BT Sport билан 6,673 млрд. долларга пулланган ва бу 2014 йилдагидан 70 фоизга кўп. Телевизион ҳуқуқлар сотилишидан АПЛнинг умумий даромади эса каррасига кўпроқ: лига хорижий трансляциялар учун ҳуқуқларни ўзи мустақил сотади ва ундан ҳам 3,8 млрд. доллар фойда кўради.

Трансляция ҳуқуқини сотиш ортидан даромад (10,878 млрд. доллар) қилиш бўйича АПЛ Америка миллий футбол лигасидан кейинги иккинчи ўринда туради. АПЛ қоидаларига кўра, трансляциялардан келадиган даромаднинг 50 фоизи клублар ўртасида тенг тақсимланади. АПЛда сўнгги ўринни эгаллаган жамоа 99 миллион фунт олади. Таққослаш учун: немис Бундеслигаси етакчиси «Бавария» гарчи трансляциялардан келадиган жами пулларнинг 8,2 фоизига эгалик қилишига қарамасдан, мавсумда трансляциядан фақат 99 млн. евро даромад қилади. Инглизларнинг энг яқин рақобатчилари Испания Ла Лигаси телевизон шартномалари суммаси 3,125 млрд. долларга тенг, лигадаги клубларнинг умумий даромади эса 3,308 млрд доллар. 2016 йилда АПЛ клублари 4,916 млрд. доллар (олдинги йилгига нисбатан 9 фоизга кўп) ишлаб топишган. 2015 йилда тузилган шартнома клублар даромадини яна 60 фоизга ошириши кутилмоқда. Бироқ харажатлар ҳам рекорд даражада бўлиши тайин. Чунки 2016 йилда инглиз клублари футболчилар ва жамоа таркибига маош бериш учун 3,029 млрд. доллар сарфлашган.