Наманган шаҳрида мустақилликнинг 26 йиллиги байрами арафасида қатор иншоотлар қуриб битказилмоқда. Бу ҳақда Наманган шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Жумладан, шаҳарнинг Уйчи кўчасида 45 та кўп қаватли турар-жой биноси қурилиши режалаштирилган бўлиб, ҳозирги кунда 16 тасида қурилиш ишлари бошлаб юборилди, шунингдек, Наманган шаҳрининг 1-кичик туман Отчопар кўчасида арзонлаштирилган 42 хонадонли 5 та кўп қаватли турар-жой бинолари қурилиш ишлари жадал суратларда давом этмоқда. Бундан ташқари, шаҳарнинг 5А-кичик туманида эса 3 та арзонлаштирилган турар жой биноси қурилиши ҳам аҳоли учун қувонарлидир. Келгуси йилда Наманган шаҳрида бундай уйлардан яна 18 тасини қуриш режалаштирилмоқда.

Фото:  namangan.uz

Албатта, бугунги кунда аҳолини уй-жой билан таҳминлаш масаласи энг долзарб бўлгани учун Наманган шаҳрида ҳам кўп қаватли уйларни қуришга алоҳида эҳтибор қаратилмоқда. Шаҳарнинг Ислом Каримов ва А.Ирматов кўчалари кесишган жойда қуриб битказилган 5 қаватли турар–жой биноси ҳам ана шу режа асосида бунёд этилди. Бинони қуриб фойдаланишга топширилиши учун «Истиқлол минораси» масъулияти чекланган жамияти томонидан 11 млрд 500 миллион сўм маблағ ўзлаштирилди.

Фото:  namangan.uz

«Замин дизайн» масъулияти чекланган жамияти томонидан тайёрланган замонавий лойиҳа асосида қурилган 3 блокли бинода хонадонлардан ташқари, унинг олди қисмида савдо ва маиший хизмат шохобчалари ҳам ўрин олган. Бино кўркам ва чиройли бўлиши билан бирга, барча қулайликларга ҳам эга. Ҳар бир хонадонни иситиш тизими алоҳида-алоҳидадир. Шунингдек, кўпқаватли уйнинг биринчи блокида лифт хизмати ҳам мавжуд. Болалар учун алоҳида ўйнайдиган майдонча ҳам бор. Бугун ушбу бинонинг фойдаланишга топширилиши муносабати билан 50 та оила янги уйларга кўчиб ўтишади.

Фото:  namangan.uz

Тантанали очилиш маросимида Наманган шаҳар ҳоким Шавкат Абдураззоқов иштирок этди.