2012 йил ёз ойларининг бирида АҚШнинг Аризона штати Финикс шаҳрида жойлашган Marriott меҳмонхонасида антиқа ўғрилик бўлиб ўтди. Очиқ номер олдида турган Аарон Кашатт хонада қўлга киритиш мумкин бўлган қимматбаҳо буюм йўқлигини пайқаб қолгач, ётоқдаги чойшабни ўраб, олиб чиқиб кетишни ўйлаб қолади. Воқеа жойига етиб келган полиция ва меҳмонхона ходимлари ҳеч қандай бармоқ излари, куч билан очилган эшик ёки cинган ойна бўлакларини топа олмади. Бу Аароннинг энг «камтарона» ҳаракати бўлиб, полиция кейинроқ аниқлаган, яъни 78та ўғриликда жами ярим миллион АҚШ долларига тенг мол-мулк ўзлаштирилган.

Терговчиларнинг узоқ йиллик уринишлари беҳуда кетганига сабаб битта - Кашатт эшикларни очиш учун ўзи яратган электрон калитдан фойдаланган. Ҳаммаси хавфсизлик ишлари бўйича мутахассис Коди Брочиуснинг меҳмонхоналарда ўрнатилган, Onity компанияси томонидан ишлаб чиқарилган электрон қулф тизимида мавжуд камчилик аниқлаганидан сўнг бошланди. 2012 йил июнь ойида Forbes унинг фикрларини мақола шаклида босиб чиқарди, шунингдек, у Лас-Вегасда ўтказилган Black Hat ахборот хавфсизлиги соҳа мутахассисларининг конференциясида нутқ сўзлади. Аммо, муаммони на Onity​, на меҳмонхона муассасалари бартараф этишга киришди, ҳеч ким ҳар бири 25 АҚШ доллари эвазига тузатилажак қулфларни созлашни ўйламади.

Бу даврда икки марта қамоқ жазосини, жумладан банк чекини қалбакилаштиргани учун жазога маҳкум этилган Аарон Кашатт телевизор қаршисида ўтириб, Коди сўзлаб бераётган масалага диққат билан эътибор қаратаётганди. Шу билан у, мустақил равишда электрон калитни ясашга муваффақ бўлди. Ўмариш техникаси жуда содда ишлаб чиқилди: дастлаб, меҳмонхона Onity​ томонидан жиҳозланган қулфдан фойдаланиши аниқланади, сўнгра ясама соч ва бош кийим кийиб олган Аарон хоналарга қийинчиликсиз кириб, кўзга кўринган қимматбаҳо буюмларни ўғирлайди.

У қўлга киритган ўлжалар орасида АҚШ маршаллининг нишони, қурол, учувчининг лицензия ҳужжати, паспорт, гольф кльюши, ҳамён ва қўл соатлар бор бўлган. Аарон Кашатт тасодифан полиция шубҳасига тушиб қолди, у кекса аёлнинг машина давлат рақамини ўғирламоқчи бўлганда полиция томонидан қўлга олинди. Унинг номига очилган меҳмонхона номерини текширишганда, махсус электрон калит ва бир нечта ноодатий буюмларга кўзи тушган полиция ходими унинг жиноят тарихига қизиқа бошлайди. Аниқланишича, бу машҳур ўша ўғри.

Суд залида қамоқ жазосига яна бир бор маҳкум этилган Аарон бутун дунё бўйлаб, Onity​ ишлаб чиқарган тизимларнинг хавфсизлиги шубҳа остида қолишини, муаммо ечилмаганини таъкидлаб ўтди.